Ўзбекистон | 11:57 / 10.11.2022
10590
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд яна диққат марказида: Чегаралар дахлсизлиги ва ички ишларга аралашмасликка асосланган ташкилот саммити

Қадимий шаҳар яна бир муҳим тадбир – Туркий давлатлар ташкилоти кенгаши саммитига мезбонлик қилмоқда. Сўнгги вақтлар тенденциясига эътибор қаратилса, қатор халқаро тадбирлар айнан Самарқандда ўтказилаётгани кўринади ва бу анъана давомли бўлиши кутиляпти.

Дунёдаги вазият, иттифоқчилар, ҳамкор давлатлар таркиби мунтазам ўзгариб бориши дини, тили ва анъаналари уйғун мамлакатлар ўртасидаги ҳақиқий дўстликка эҳтиёж нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Жаҳондаги янги геоиқтисодий воқеликлар таъсирида юзага келган минтақавий даражадаги янги феномен сифатида таъриф этилаётган Туркий давлатлар ташкилоти ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган. Ўзбекистон мезбонлигида ўтаётган навбатдаги йиғилишда қатор муҳим ҳужжатлар қаторида “Самарқанд декларацияси” ҳам имзоланиши кутилмоқда.

Умуман, бу ташкилотга аъзо давлатлар жуда кўпчилик йўналишда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни ният қилишган.

Пандемия, иқлим ўзгариши, АҚШ, Россия, Хитой, Эрон каби йирик давлатлар ўртасидаги “санкциялар уруши”, таъминот занжирларидаги узилишлар, озиқ-овқат маҳсулотлари инқирози билан боғлиқ дунё сиёсати ва иқтисодиётидаги ноаниқлик ва нотинчлик шароитида дунёда объектив тарзда минтақавийлашув тенденцияси, минтақавий ташкилотларнинг, жумладан, Туркий Давлатлар Ташкилоти ҳаракатларида фаоллик кучаймоқда.

Ташкилотнинг интеграция жараёнлари, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, туризм, энергетика, транспорт ва транзит ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда фаол ривожланяпти.

Транспорт, энергетика ва туризм соҳаларидаги турли лойиҳаларнинг фаоллаштирилиши ТДТ доирасидаги янги тенденцияга айланмоқда. Бу эса Ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини биринчи ўринга олиб чиқади. ТДТнинг "Туркий нигоҳ – 2040" ривожланиш стратегияси иқтисодий йўналишида мамлакатлар ўртасида тўсиқсиз товар алмашинувини таъминлайдиган эркин савдо зонасини яратиш стратегик мақсад сифатида белгиланган.

Ташкилотнинг БМТ Низоми мақсад ва тамойилларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа тамойиллари ва нормаларига, шу жумладан суверен тенглик, ҳудудий яхлитлик ва халқаро миқёсда тан олинган чегараларнинг дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик, унинг очиқлиги ҳамда учинчи давлатлар ва ташкилотларга қарши йўналтирилмаганлиги боис бу Ташкилот барча аъзолар учун ишончли эканлигини кўрсатади.

Туркий давлатлар ташкилоти фақат сиёсий ва хавфсизлик масалалари билан чекланиб қолмайди. Иқтисодиёт, инновациялар, туризм, транспорт, фан-таълим, маданият бўйича ҳам ҳамкорлик ўрнатилади. Жумладан, ташкилот инвестиция жамғармаси таъсис этилади, иқтисодиётга инновациялар ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшма режалар кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида халқаро аралаш юк ташиш тўғрисида битим имзоланиши мўлжалланган. 

Маълумот учун: 2021 йилда Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси 8,3 миллиард долларни, шундан экспорт ҳажми 3,1 миллиард, импорт ҳажми 5,3 миллиард долларни ташкил этган.

Аброр Зоҳидов, Самарқанд

Мавзуга оид