Жаҳон | 20:19 / 03.12.2022
12058
2 дақиқада ўқилади

Эрондаги намойишларда 200 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди 

22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишларида юзлаб одамлар қурбон бўлган. 

Фото: AFP/Getty Images

Эрон Ички ишлар вазирлиги Миллий хавфсизлик кенгаши «яқинда юз берган тартибсизликлар» чоғида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини маълум қилди. 

NRAHA инсон ҳуқуқлари ташкилоти аввалроқ 450 намойишчи ва 60 хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. 

«Тегишли органлар томонидан олиб борилган текширувлар тартибсизликлар оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини кўрсатмоқда», дейилади Эроннинг Мезон ахборот агентлиги хабарида. 

28 ноябр куни Эрон армияси генерали Амир Али Ҳожизода 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. 

Сентябр ойи ўрталарида бошланган норозилик намойишларига Эрон Курдистонида яшаган 22 ёшли Маҳса Аминий ўлими сабаб бўлган эди. Ахлоқ полицияси уни рўмолни нотўғри ўраганликда айблаб, ҳибсга олган. Эрон хавфсизлик кучлари даъвосига кўра, Аминий тергов изоляторида юрак хуружидан йиқилиб, шифохонага олиб борилган ва у ерда комага тушиб қолган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, Аминий полиция томонидан калтакланиши оқибатида вафот этган. 

Эронда норозилик намойишлари ҳамон давом этмоқда. Хусусан, 2 декабр куни мамлакат жануби-шарқида жойлашган, 600 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Зоҳидон шаҳрида аҳолининг норозилик намойиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид