14:04 / 08.12.2022
6752

АҚШ Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспортига имтиёзли режим жорий этиши мумкин

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев АҚШ элчиси Жонатан Хеник билан музокаралар ўтказди.

Фото: Дунё

Томонлар сармоявий, савдо-иқтисодий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини биргаликда ҳал этиш платформалари самарадорлиги, 2021 йил декабрь ойида биринчи учрашуви бўлиб ўтган Стратегик шериклик мулоқоти салоҳияти юзасидан фикр алмашилди.

Минтақавий кун тартиби бўйича, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш самарали ва муҳим воситасига айланган «C5+1» ташаббуси доирасида яқин ҳамкорликни давом эттиришга иккала мамлакат содиқлиги таъкидланди.

Учрашув иштирокчилари давлат иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини назарда тутган ҳолда Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши жараёни бугунги ҳолатини кўриб чиқди. АҚШ томони Ўзбекистонга ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида ёрдам беришда давом этишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон ва Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) ўртасида энергетика, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик доирасида аввал эришилган келишувлар амалга оширилиши, DFC молиялаштирган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олди.

Музокараларда муҳокама қилинган бошқа мавзулар қаторида тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ўрин олди. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини АҚШ бозорига экспорт қилиш учун имтиёзли савдо режимини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Top