23:14 / 09.12.2022
43597

Ҳиндистон бош вазири Путин билан учрашишдан бош тортди 

Сўнгги 20 йил ичида Ҳиндистон ва Россия ўртасида олий даражада 21 та учрашув ўтказилган эди. 

Фото: Money Sharma/AFP/Getty Images

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россия президенти Владимир Путин билан анъанавий йиллик учрашувни ўтказмайди, деб хабар берди Bloomberg юқори мартабали мансабдор шахсга таяниб. 

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Моди «Украинада ядровий қурол қўллаш таҳдиди» ортидан Путин билан учрашув ўтказишдан бош тортган. 

Манбанинг қайд этишича, ҳозирги босқичда Россия билан дўстлик ҳақида «жар солиш» Ҳиндистон бош вазири учун манфаатсиз бўлиши мумкин. 

Ҳиндистон бош вазирининг қарори сентябр ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган минтақавий саммитда аниқ бўлган. Унда Моди Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирган эди. 

Аввалроқ, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Путин билан Моди бу йил учрашмаслигини айтди. 

Сўнгги 20 йил ичида Ҳиндистон ва Россия ўртасида олий даражада 21 та учрашув ўтказди. Бундан олдин иккала давлат раҳбарининг учрашуви 2020 йилда пандемия туфайли қолдирилганди.

Top