12:13 / 10.12.2022
12475

АҚШни «парчалаган» Трамп, «Чип уруши», «Қуён кулбаси» — 2022 йилнинг энг яхши китоблари ҳақида

Ҳар йил якунида анъанавий тарзда 1 йил давомида инсоният ёзган энг яхши китоблар халқаро миқёсда эълон қилиб борилади. Kun.uz 2022 йил ичида халқаро танловлар ва New York Times, Financial Times ва Times каби нашрлар энг яхши деб топган бадиий, илмий, иқтисодий, бизнес ва технология йўналишларидаги китоблар билан таништиради.

Йирик мукофот ва эътирофлар

Ёзма асарлар учун халқаро даражадаги мукофотлардан бири «Booker Prize» ҳисобланади. Илк марта 1969 йил ўтказилган бу танловда инглиз тилида ёзилган ва Буюк Британияда босилган китоблар иштирок этиши мумкин. Ғолибга 61 минг доллар мукофот пули берилади. Бундан ташқари ёзувчи китоблари глобал миқёсда тарғиб қилиниш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, Американинг National Book Foundation ташкилоти ҳам 1950 йилдан бери ҳар йил якунида 25 китобни танлаб National Book Award танловини ўтказади. Бунда бадиий, илмий, шеърий, таржима адабиёт, ёшлар адабиёти бўйича финалчилар ва ғолиблар эълон қилинади. Якунда 5 нафар иштирокчи асосий ғолиб деб топилади. Финалчиларга 1000 доллар ва медаль, ғолибларга эса 10 минг доллар ва бронза ҳайкалча берилади.

Мукофотлардан ташқари муаллифлар учун New York Times, Financial Times ва Times каби нуфузли халқаро нашрлар эътирофи ҳам муҳим ҳисобланади. Нашрлар ҳар йил сўнгида энг кўп ўқилган, сотилган ва эътироф этилган китоблар 10талиги, 100талиги ва уларга ёзилган қисқа тақризларни эълон қилиб боради.

«Маали Алмеиданинг 7 ойи»

The Booker Prize мукофотига 2022 йил Шри Ланкалик ёзувчи Шеҳан Карунатилаканинг «Маали Алмеиданинг 7 ойи» (The Seven Moons of Maali Almeida) бадиий йўналишида ёзилган китоби ғолиб деб топилган. Китобда 1980 йиллардаги Шри-Ланка ҳаёти ҳақида муаллиф томонидан ҳикоя қилинади. Асосий қаҳрамон Маали Алмеида вафот этган сураткаш бўлиб, унга ўз ўлими сирини топиш учун 1 ҳафта муҳлат берилади. Шу вақт оралиғида Маали нариги дунё ва бу дунё ўртасида саёҳат қила олади. Саёҳат давомида у кровати остида сақланган суратлари тўпламини топиб, улар орқали дўстларини Шри-Ланкадаги фуқаролар уруши ваҳшийликларидан хабардор қилиши керак бўлади.

Китобга тақриз ёзганлар унда «қисман арвоҳ ҳикояси, қисман номаълум одам, қисман сиёсий сатира, Шри-Ланка, дўстлик, қайғу ва кейинги дунё ҳақида ажойиб китоб, оригинал, тасаввурга бой, ҳис-туйғули, сиёсий, сирли, романтик ва ҳайратланарли даражада кулгили» каби таърифларни беришган. 

National Book Award

National Book Award мукофотининг бадиий йўналишда ғолиб деб топилган асар Тесс Гантининг «Қуён кулбаси» (The rabbit Hutch) китоби бўлди. Асарда Ўрта Шарқнинг ўлиб бораётган пост индустриал шаҳар – Ҳиндистоннинг Ваccа Вале шаҳри аҳоли ҳаёти тасвирланади. Асарнинг асосий қаҳрамони 2та: бири – насроний афсоналарига яқинлиги бор танасиз бола – Бландине Ваткинс бўлса, иккинчиси – Ваccа Вале шаҳрининг ўзи. Шаҳарнинг абгор ҳолатдаги инфраструктураси ва табиий боғи иқтисодий ривожланиш таҳдиди остида қолган. Бир ҳафта давомида аҳоли бегоналашув жараёнини бошдан кечиради. Муаллиф ҳикоя давомида адабий тўқиманинг маълум бир микрожанрларига ўхшаш элементларини бирлаштириб, янгича йўналиш кашф этган. Асар «Ер юзи ва бошқа дунёнинг техник рангли калейдоскопи» деб эътироф этилган.

Илмий йўналишда энг яхши асар

National Book Awardнинг илмий йўналишдаги ғолибликни Имани Перрининг «Жанубдан Америкага: Миллат руҳини англаш учун Мейсон-Диксон этакларига саёҳат» (South to America: A Journey Below the Mason-Dixon to Understand the Soul of a Nation) асари қўлга киритган.

Муаллиф асарда Америка жанубидаги бир нечта диққатга сазовор жойлар бўйлаб саёҳати, сиёсат, поп-маданият ва Мейсон-Диксон чизиғидан пастда яшовчи қора танли америкаликлар ҳаётини белгилаб берадиган, лекин доим ҳам айтилмаган қоидалар ҳақида ҳикоя қилади. Перрининг таҳлили Аппалачидан Кариб денгизигача бўлган ҳудудлардаги жануб ва жанубликлар ҳақида яна ҳам аниқроқ тасаввурни пайдо қилади.

National Book Awardнинг қолган йўналишлари финалчилари ва ғолиблари тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.

New York Times танлови

New York Times танловига кўра, 2022 йилда бадиий йўналишда Женнифер Эганнинг «Ширинлик уйи» (The Candy House) энг яхши асарлар сирасига киритилган. Китоб Бикс Боутон исмли қаҳрамон тасвири билан бошланади. У 40 ёшда бўлиб, 4 нафар фарзанди бор. Қаҳрамон Мандала номли техника компаниясининг эгаси. Унинг ҳаёти аксари Колумбиа профессорларидан иборат бўлган гуруҳ суҳбатига қўшилиб қолгандан кейин ўзгара бошлайди.

Профессорлардан бири инсон хотирасини юклаш билан боғлиқ тажриба ўтказаётган бўлади.  Бикс 10 йил ичида янги «Онгсизлигингизни бошқаринг» технологиясини ишлаб чиқади. У кишига олдинги хотираларига қайтишга ва уларни бир-бири билан бўлишиб, алмашишига имкон беради.

Асарга «муҳаббат, шахсият, оила ва муносабатларда инсон истаклари васияти» дея таъриф берилган.

Илмий йўналиш

New York Times илмий йўналишда Эд Ёнгнинг «Улкан дунё: Ҳайвонлар сезгилари қандай қилиб атрофимиздаги дунёларни очиб беради?» (An Immense World: How Animal Senses Reveal the Hidden Realms Around Us) китобини энг яхши асарлар қаторига киритган. Ёнг маълум маънода бу китоб орқали катта топшириқни бўйнига олган. Яъни у инсониятни уни ўраб турган дунёсидан ташқарига олиб чиқади ва қандай қилиб ҳайвонлар дунёни ҳис қилиши мумкинлигини тасвирлайди. У китобхон асар ҳақида чуқур хулоса қилиши учун ҳайвонлар ҳақидаги ҳайратланарли фактларни жамлаган. Асардан хулоса шундай: Бу улкан дунё кенглиги биз аслида қанчалик кичик эканлигимизни тушунишга мажбур қилиши керак.

New York Times бадиий ва илмий йўналишда 10та асарни йилнинг энг яхши китоблари деб эълон қилган. Уларнинг тўлиқ рўйхатини нашр сайтида ўқиш мумкин.

Financial Times муҳаррирлар танлови

Financial Times муҳаррирлари ва танқидчилари танловига кўра, Мегги Ҳаберманнинг «Ишончли одам: Доналд Трампнинг келиши ва Американинг парчаланиши» (Confidence Man: The Making of Donald Trump and the Breaking of America) асари йил китоби деб топилган.

Китоб Доналд Трамп ва унинг президентлик фаолиятига бағишланади. Унинг биринчи қисми Трампнинг президентлик учун номзодини қўйишдан олдинги карьераси ҳақида ҳикоя қилади. Китобда Нью-Йоркдаги шов-шувчилар, мафиозлар, сиёсий бошлиқлар, итоаткор прокурорлар ва сариқ матбуот бўлган 1970-80 йилларда Трампнинг кўтарилишига алоҳида урғу берилади.

Ҳаберман Трампни президент сифатида болаларча, хушомадга учадиган, майда-чуйда нарсаларга берилиб кетадиган, тафсилотларни ўрганишни истамайдиган ва маслаҳатларни менсимайдиган қилиб тасвирлаган. Шунга кўра, ижро ҳокимияти «президентнинг инжиқликлари ва кайфиятларига, унинг дўстлар ва душманлар ҳақидаги ғояларига бўйсунади» ва Трамп бутун бир мамлакатни ўзининг кайфияти ва ҳис-туйғуларига муносабат билдиришга йўналтириб қўяди.

Иқтисодий йўналишда энг яхши асар

Financial Times иқтисодий йўналишда Стивен Роучнинг «Тасодифий зиддият: Америка, Хитой ва ёлғон ҳикоялар тўқнашуви» (Accidental Conflict: America, China, and the Clash of False Narratives) асарини энг яхши деб топган.

Стивен Роуч 1945 йил туғилган америкалик иқтисодчи бўлиб, Нью-Йоркда жойлашган Морган Станлей инвестиция банкида бош иқтисодчи бўлган. Ҳозир Yele университетининг Жексон глобал алоқалар институтида катта илмий ходим бўлиб ишлайди. У китобда АҚШ ва Хитой иқтисодиёти, сиёсатининг кенг таҳлилини тақдим қилади. Шунингдек, иккала мамлакат ижтимоий тармоқларида ва ОАВдаги ахборот хуружлари, 2 томонда ҳам ўзлари яратган муаммоларни холис баҳолашдан кўра бўрттириб юборилган қўрқувлари акс эттирилган.

Chip War – технология ҳақидаги энг яхши китоб

Financial Times’нинг технологик китоблар танловига кўра, Крис Миллернинг «Чип уруши» (Chip War) асари энг яхшиси деб топилган. Унда АҚШ ва Хитой ўртасидаги микрочип технологияси борасида ўсиб бораётган зиддият ва 10 йилдан бери микрочиплар назорати учун кетаётган кураш тасвирланади. Микрочиплар замонавий дунёнинг янги нефти ҳисобланади. Бугун ҳарбий, иқтисодий ва геосиёсий кучлар компьютер чиплари устига қурилган. Ҳамма нарсани ракеталардан микротўлқинли печларгача, смартфонлар бозоригача чиплар бошқаради. Ҳозиргача АҚШ энг тез ишлайдиган чипларни ишлаб чиқариб келаётганди. Эндиликда Таиван, Корея, Европа ва Хитой АҚШга чиплар борасида рақобатчи бўлиб киряпти. Хитой чиплар борасида АҚШга етиб олиш учун миллиардлаб пулини тиккан.

Иқтисодиёт тарихчиси Крис Миллер яримўтказгич қандай қилиб замонавий ҳаётда муҳим роль ўйнаганини, АҚШ чипларни лойиҳалаш, ишлаб чиқаришда қандай қилиб ҳукмрон бўлганини ва бу технологияни ҳарбий тизимларга қўллаганини тушунтиради.

«Чип уруши»да сиёсат, иқтисод ва технологиянинг ҳозирги ҳолатини тушуниш учун аввало чиплар ўйнаган муҳим ролни англаш кераклиги очиб берилган.

«Истеъдод»

Financial Times’нинг бизнес йўналишида ўқиш тавсия қиладиган энг яхши китоб сифатида Даниел Гросс ва Тайлер Коуэнларнинг «Истеъдод: Дунё бўйлаб энергетиклар, ижодкорлар ва ғолибларни қандай аниқлаш мумкин» (Talent: How to Identify Energizers, Creatives, and Winners Around the World) асари кўрсатилган. Унда муаллифлар қандай қилиб истеъдодларни топиш мумкин, инсон ижодкорлиги чегараси қаергача, каби саволларни қўяди. Муаллифлар юқори даражали истеъдодли кишиларни топиш санъати ва илмини ўрганадилар. Китоб паст баҳоланадиган зўр шахсларни қандай аниқлаш мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилади. «Истеъдод» – бу ҳам истеъдод излаётган одамлар, ҳам кашф қилинишни хоҳлайдиганлар ўқиши керак бўлган муҳим адабиётлардан бири.

Шунингдек, Financial Times рўйхатида сиёсат, тарих, болалар адабиёти, триллер, спорт, санъат каби қатор йўналишларда энг яхши китоблар ҳам эълон қилинган. 

«Ураётган юрак»

Times газетаси ҳам 2022 йилда нашр қилинган энг яхши китоблар 100талигини эълон қилди. Рўйхатда биринчи ўринда Роб Деланининг «Ураётган юрак» (A Heart That Works) китоби турибди. Китобда бош қаҳрамоннинг эмаклайдиган ўғли Ҳенри саратон касалига йўлиқиб, вафот этгани тасвирланган. Асар шунингдек, отанинг ўғилга муносабатига чизилган портрет ҳамдир.

Роб Делани асарда ўғлига касаллик ташхиси қўйилганидан бошлаб вафот этгунигача бўлган барча нарсани тасвирлашга ва воқеалар давомида оила қандай қилиб бир жойга келганини тасвирлашга ҳаракат қилади. Тасвирларда эмаклайдиган боланинг гўзаллиги ва унинг касаллик билан олишаётган юзидаги сокинлик ифодасини нафақат кўриш, балки ҳис қилиш мумкин. Умуман олганда асар бировга ғамхўрлик қилиш қанчалик кучли туйғу эканини ўқувчига кўрсатишга ва юқтиришга ҳаракат қилади.

Times эълон қилган тўлиқ рўйхатни бу ердан топиш мумкин.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Top