17:36 / 12.12.2022
18754

АҚШ: Россия ва Эроннинг ҳарбий ҳамкорлиги глобал таҳдидга айланмоқда

АҚШ маъмурияти Россия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар тўлақонли мудофаа соҳасидаги ҳамкорликка айланди, деб ҳисобламоқда. Оқ уй маълумотига кўра, икки мамлакат биргаликда жанговар дронлар ишлаб чиқариш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмийси Жон Кирбининг сўзларига кўра, Москва ва Теҳрон бир-бирига бемисл даражада ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда.

Август ойида АҚШ разведкаси Теҳрон Москвага Украинадаги нишонларга зарба бериш учун камикадзе-дронлар етказиб бераётганини маълум қилганди.

Аввалига Россия ҳам, Эрон ҳам бу маълумотни қатъиян рад этди, аммо кўп ўтмай Украина ҳудудлари ва объектлари Эроннинг Shahed-131 ва Shahed-136 дронлари зарбаларига учрай бошлади.

Шу билан бирга, Исроилдагилар Россия ва Эрон ўртасида ҳарбий соҳадаги яқиндан ҳамкорлик анча аввалроқ бошланганини айтишганди.

Хусусан, исроиллик кўплаб сиёсатчилар Эрон Россия технологияси ва мутахассислари ёрдамида ўз ядровий дастурини ривожлантираётганига амин.

Россия ва Эрон президентлари Владимир Путин ва Иброҳим Раисий шу йил июлида учрашган, августда эса АҚШ разведкаси Эрон дронлари етказиб берилиши бошланганини хабар қилганди. Фото: Getty Images 

«Россиянинг ҳарбий ҳомийси»

Ҳозирда гап камикадзе дронларни биргаликда ишлаб чиқариш ҳақида кетмоқда, Жон Кирбининг сўзларига кўра, бу Украинага, Эроннинг минтақадаги қўшниларига ва бутун халқаро ҳамжамиятга катта зарар келтиради.

Шу кунларда АҚШ Эрон билан келишувга алоқадор бўлган қатор россияликларга нисбатан қўшимча санкциялар жорий этгани маълум бўлди.

Кирбининг сўзларига кўра, Shahed дронлари эвазига Россия Эронга илғор ҳарбий компонентлар, жумладан вертолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тақдим этишга тайёр.

«Россия Эрон билан қуроллар ишлаб чиқариш ва [улардан фойдаланишга] ўргатиш соҳаларида ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Эрон Россиянинг асосий ҳарбий ҳомийсига айланди», - деган Кирби.

У минглаб украинлар ҳалок бўлаётгани, миллионлаб кишилар электр ва иссиқликсиз қолаётганига Эроннинг ҳаракатлари ҳам сабабчи эканини таъкидлаган.

АҚШ Эрон Россиянинг Украинага қарши урушдаги шериги деб ҳисоблайди. Фото: Reuters

Халқаро реакция

АҚШнинг позициясини Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли ҳам қўллаб-қувватлаган. У Эрон Россиянинг асосий ҳарбий шерикларидан бирига айлангани ва Теҳроннинг Москва билан яқинлашуви глобал хавфсизликка таҳдид солишини айтиб ўтган.

Клеверли Россия Теҳрон билан «ифлос битимлар» натижасида юзлаб дронларни қўлга киритганини эслатган.

«Эвазига Россия Эрон режимига ҳарбий-техник кўмак таклиф этади, бу эса Теҳроннинг Яқин Шарқдаги ҳамкорларимиз ва бутун халқаро хавфсизлик учун хавф-хатарини оширади», - дея қўшимча қилган Форин-офис раҳбари.

Клеверлининг сўзларига кўра, Буюк Британия Вашингтоннинг кейинги ойларда Эроннинг Россия қўшинларини қўллаб-қувватлаши фақат ортиши мумкинлиги борасидаги хавотирларига қўшилади - чунки Москва айни вақтда қуроллар ва баллистик ракеталар етишмовчилигига дуч келган.

Аввалроқ Британия разведкаси катта эҳтимол билан Россия шу кунларда Эрон дронларининг навбатдаги партиясини қабул қилиб олгани, шу туфайли кичик танаффусдан кейин яна Украинага дронларнинг кенг кўламли ҳужумлари тўлқини бошланиши мумкинлигини хабар қилганди.

Шанба куни Австралия ҳам янги санкциялар ҳақида эълон қилди. Улар Эроннинг 22 фуқароси, бир корхона ва Россия билан ҳарбий шартномаларга алоқадор бўлган икки ташкилотга тааллуқли ҳисобланади.

«Россияга дронлар етказиб берилиши Эроннинг глобал хавфсизликни беқарорлаштиришдаги ролидан дарак беради. Бу санкциялар рўйхати Россияга ёрдам берганлар оқибатлар билан тўқнашишини кўрсатади», дейди Австралия ташқи ишлар вазири Пенни Вонг Москва ва Теҳрон алоқалари юзасидан қўйилган санкцияларга изоҳ бериб.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top