22:53 / 13.12.2022
7057

Эронда намойишларда қатнашган 400 киши қамоқ жазосига ҳукм қилинди 

Теҳрон суд ҳокимияти Эронда бир неча ойдан бери давом этаётган намойишларда иштирок этган 400 кишини қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

«Теҳрон вилоятидаги тартибсизликлар бўйича суд маҳкамасида 160 киши 5 йилдан 10 йилгача, 80 киши 2 йилдан 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди, яна 160 киши икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди», деди Теҳрон бош прокурори Али Алқосий Меҳр.  

Эронда ўтган ҳафтада тартибсизликларда иштирок этган ва хавфсизлик кучлари ходимларига ҳужум қилган икки киши қатл этилганди. 

Эрон президенти Иброҳим Раисий аввалроқ хавфсизлик ходимларининг ўлимига сабаб бўлган одамларни топиб, жазолашини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, намойишларни қўллаб-қувватлаган Ғарб давлатлари «янги уруш» билан Эроннинг ижтимоий тузумига путур етказишга уринган, бироқ халқ бунга бардош бера олган. 

Оммавий норозилик намойишлари сентябр ойида Теҳрондаги метро бекати ёнида ахлоқ полицияси томонидан рўмолни нотўғри ўрагани учун ҳибсга олинган Маҳса Аминий исмли ёш аёлнинг ўлими ортидан бошланган эди. У ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб вафот этди. 

Эрон расмийларига кўра, намойишлар чоғида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.  

Top