23:13 / 14.12.2022
9814

Даниянинг энг йирик банки Россияга АҚШ молия тизимига кириш имкониятини берганини тан олди 

Банк россиялик «юқори хавфдаги» мижозлардан АҚШ молия тизимига яширинча пул ўтказган. 

Фото: Getty Images

Даниянинг энг йирик Danske Bank муассасаси АҚШ банкларига қарши фириб ишлатганини тан олди. 

АҚШ Адлия вазирлиги баёнотига кўра, Danske Bank АҚШ молия тизимига кириш учун кўп миллиард долларлик схемани амалга оширган. 

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, банк Россиядаги «юқори хавфли» мижозлардан АҚШ молия тизимига яширинча пул ўтказган. Оқибатда, АҚШ банклари Danske Bank мижозлари номидан 160 миллиард долларни ишлатган. 

«Йиллар давомида Danske Bank миллиардлаб долларлик шубҳали ва жиноий маблағларни ўтказиш учун АҚШ банкларини алдаб келган. Бу билан Danske Bank АҚШ қонунларини атайлаб бузган. У АҚШ орқали жиноий ва шубҳали даромадларни ювишга ёрдам берган ва мамлакат молиявий тизимига путур етказганини яхши билади», дейилади АҚШ прокурори Дэмиан Уилямс баёнотида. 

Суд ҳужжатларига кўра, 2008 ва 2016 йиллар оралиғида Danske Bank Эстониядаги филиали орқали фирибгарликларни мунтазам амалга ошириб келган.  

Danske Bank молиявий фирибгарликни амалга оширгани ҳақидаги айбловни тан олган ва 2,059 миллиард доллар миқдорида жарима тўлашга рози бўлган. Шунингдек, яна 2 миллиард долларни компенсация сифатида тўлашни зиммасига олган. 

2017 йил март ойида Danske Bank Эстониядаги филиали орқали Россия пулларини хорижга чиқариш амалиётига алоқадорлигини тан олган эди. 

Қайд қилинишича, жиноий схема орқали 700 миллиард рублдан ортиқ пуллар хорижга ўтказиб берилган. Пуллар бенефициарлари Россия темирйўллари пудратчиси Алексей Крапивин, «Ланит» гуруҳи эгаси Георгий Генс ва «Марвел» холдинги эгаси Сергей Гирдин экани айтилмоқда. Шунингдек, ушбу схемани ташкил қилишда Россия хавфсизлик кучлари ходимлари, ФХХ ҳам иштирок этгани маълум қилинган. Схемага алоқадорликда бошқа хориж банклари, жумладан, HSBC, UBS ва Bank of China номлари ҳам тилга олинган эди. 

Top