13:27 / 18.12.2022
63267

Штирлицни оғдирган, атом лойиҳаларини ўғирлаган ва бутун давлат эркакларини мафтун этган – энг машҳур жосус аёллар

Бир давлат манфаати учун ўзга давлатлар сирларини ўғирлаш, зарар етказиш одатда эркаклар иши сифатида қаралади. Аммо шундай жосус аёллар ҳам борки, улар амалга оширган операцияларни анча-мунча профессионал агентлар ҳам бажара олишмайди. Биз шу сатрларни ўқиётган онларда ҳам дунёнинг турли нуқталарида юзлаб аёл шпионлар махфий тарзда ўз ишларини битириб юришибди.

Гитлердан нафратланган британ аёли – Виолетта Жабо

Атиги 24 йил (1921-1945) яшаган Виолетта Жабонинг онаси француз, отаси инглиз эди. Бундай оилада улғайиш унга ҳар икки тилни мукаммал билиш имкониятини яратди. Иккинчи жаҳон уруши арафасида у француз офицери Этьен Жабога турмушга чиқади. Этьен вафот этганида Виолетта қўлидаги қизалоғи билан ёлғиз қолиб кетади ва фашистлар тузумига қарши чидаб бўлмас нафрат туяди.

Виолетта Жабо

23 ёшли аёл босиб олинган Франция ҳудудига разведкачи сифатида юборилиш таклифини дарҳол қабул қилади. Британиянинг Special Operations Executive тизимида тезкор тайёргарлик ўтаган Виолетта она юрти Францияга йўл олади ва қисқа вақт ичида қулай позицияни эгаллайди.

Душман қўшинлари сони, қуроллар тоифаси ва миқдори, ҳарбий завод ҳамда омборлар жойлашуви ҳақида шу қадар аниқ ахборотлар жўнатадики, иттифоқчилар бу маълумотлар орқали жиддий натижаларга эриша бошлайдилар. Виолетта Жабо фақат маълумот жўнатиш билан чекланиб қолмайди. Диверсион гуруҳга қўшилиб, йўллар, кўприклар, темирйўлларни портлатишда иштирок этади. Биринчи сафари муваффақиятли якунланган Жабо Лондонга қайтади.

Аммо иккинчи юриши омадсиз кечади. У кетаётган автомобиль ўққа тутилади. Ўқлари тугаган Жабо на қаршилик кўрсата олади, на ўзини ўлдиришга улгуради. Асирликда у қаттиқ қийноқларга солинади, аммо бирорта сирни сотмайди. Равенсбрюк лагерида узоқ давом этган қийноқлар самара бермагач, Виолетта отиб ташланади. У фашизм устидан ғалабага бир неча ой қолганда ҳалок бўлади.

Эми Элизабет Торп – агент Цинтия

“Агент Цинтия” номи билан машҳур Эми Элизабет Торп (1910-1963) зодагонлар тоифасига кириши билан бирга жуда мафтункор ҳам эди. Унинг эри, расман дипломат, аслида эса Британия разведкаси ходими Артур Пек эса бундан усталик билан фойдаланади. Пек хотинининг турли давлатларнинг казо-казолари билан ишқий алоқаларига гўёки “кўз юмади”. Аслида эса эр-хотин жуда муҳим ҳарбий сиёсий маълумотлар тўплаб, Британияга етказиб туришади.

Агент Цинтия

Артур Пекнинг тўсатдан ўлими ҳам Цинтиянинг фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўла олмайди. Британия разведкаси уни АҚШга жўнатади ва Цинтия бу давлатда итальян ҳарбий денгиз атташеси, адмирал Альберто Лаисни ўзига ром этиб олади. Бу операциянинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, итальян флоти ҳақида олинган қимматли маълумотлар икки давлат ўртасидаги Матапан бурнида бўлиб ўтган денгиз жангида қўл келади. Британия ўз душманига қақшатқич зарбалар беради ва ғолиб чиқади.

Гўзаллик ва маккорликдан ташқари етарлича ақл эгаси бўлган агент Цинтия ўзидан кейин АҚШ разведкасига хос из қолдирар ва бу орқали Британияни шубҳадан холи этарди.

Атом лойиҳасини сотган Этель Розенберг

СССР фойдасига разведка билан шуғулланган Этель Розенберг ва унинг эри Юлиусга оид маълумотлар ҳамон тўла очиқланмаган. Россия фақат яқиндан бошлаб бу агентлар СССР манфаатлари учун ишлаганини рад этмай қўйди.

Узуқ-юлуқ бўлса-да, тасдиқланган маълумотларга кўра, Розенберглар оиласи АҚШ атом бомбаси саноатига оид ўта қимматли маълумотларни Москвага етказиб туришган. Фаолияти рус разведкачиси Александр Феклисов томонидан мувофиқлаштириб турилган оила Нагасакига ташланган атом бомбаси, бундай қуролни радиобошқарув орқали портлатиш тизими, янги бомбаларнинг ишчи чизмаларини қўлга киритишади ҳамда муваффақиятли етказиб беришади.

Эр-хотин Розенберглар

ФҚБ уларнинг изидан тушади ва физик-муҳандис Юлиус Розенберг ҳамда унинг уй бекаси бўлган хотини тез орада қўлга олинади. Лекин терговда ҳам, судда ҳам оила айбини тан олмайди. Шунга қарамай, ҳар иккиси ўлим жазосига ҳукм қилинади. Суд ва қатл олди даври катта шов-шувларга сабаб бўлади. Оилани афв этиш бўйича Альберт Эйнштейн, машҳур ёзувчи Томас Манн ва Рим папаси Пий XII каби инсонлар илтимоснома киритишади. Аммо барибир ҳукм ижрога қаратилади ва 1953 йилнинг 19 июнида эр-хотин Синг-Синг қамоқхонасида электр стул ёрдамида қатл этилади.

Штирлицни оғдирган Елизавета Зарубина

Мафтункор Елизавета Зарубина (1900-1987) иттифоқ разведкасида Эрна ва Вардо кодли номлари билан 21 йил ишлаган. Унинг фамилияси ҳам фаолият олиб борган давлатларига кўра ўзгариб борган – Германияда Гутшнекер, Франция ва Данияда – Кочек, АҚШда – Зубилина, Австрияда – Анна Дейч. У инглиз, француз, немис ва румин тилларида эркин сўзлаша олган. 1928 йилда махсус тайёргарликдан ўтгандан сўнг у разведкачи Василий Зарубинга турмушга чиқади ва жуфтлик 1933 йилда Дания, Францияда жосусликка киришишади. 1936 йилдан бошлаб эса фашистик тузум ўрнатилган Германияда фаолият бошлаган Елизавета Зарубина гестапо гауптштурмфюрери Вилли Леманни ўзига оғдириб олади. Бунинг ўзига хос жиҳати – гестапонинг айнан шу ходими “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” асаридаги Штирлиц образига прототип вазифасини бажарган.

Елизавета Зарубина

1941 йилда эр-хотин АҚШга жўнайди ва Василий Зарубин совет элчихонасида биринчи котиб вазифасига киришади. У ерда Елизавета Зарубина жуда фаол ҳаракат олиб боради ва ром этиш ҳамда шантаж усулларини қўллаб, 22 агентни ўзига оғдиришга муваффақ бўлади.

Аммо бу ҳам ҳаммаси эмасди. У “атом қуроли отаси” дея таърифланадиган физик олим Оппенгеймернинг хотини Катрин билан яқин алоқалар ўрнатади ва иттифоқ фойдасига ўта қимматли маълумотларни қўлга киритади.

Полковник рутбасида пенсияга чиққанидан кейин КГБда ёш кадрларни тайёрлаш билан шуғулланади ва 87 ёшида вафот этади.

Машҳурлар машҳури Мата Хари

Жосус аёл деганда кўпчилик кўз ўнгида айнан Мата Хари намоён бўлади. Бор-йўғи 41 йил яшаган (1876–1917) Мата Хари жосусликни санъат даражасига кўтаради ва ўзига хос мактаб яратади. Асли исми Маргарет Гертруда Зелле (эрлик фамилияси Маклеод) бўлган Мата Хари Нидерландия фуқароси эди. Болалигидан саргузаштларга қизиққан қиз қатъий тартибларга амал қилувчи муҳитдан чиқишнинг энг самарали йўли турмушга чиқиш эканини англаб етади ва эълон бериб, ўзига жуфт топади. Эр-хотин хизмат юзасидан Ҳиндистоннинг Голландияга тегишли мустамлака ерларига кетишади. Ҳинд маданияти, айниқса рақс санъати билан танишиб улгурган Маргарет 21 ёшида эридан ажралади ва Парижга жўнаб кетади.

Мата Хари

Молье циркига ишга жойлашган жувон шу ерда Мата Хари тахаллусини олади ва ўзини шарқ маданиятининг билимдони, катта санъаткор, умуман, ҳар жиҳатдан мукаммал ҳамда мафтункор аёл қиёфасида тақдим эта бошлайди. Унинг шаҳвоний ҳаракатларга йўғрилган рақс санъати жуда кўпчиликни ром этади ва машҳурлиги яшин тезлигида ортиб кетади. Вазият шу даражага етадики, бутун мамлакатнинг энг бадавлат ва қудратли эркаклари Мата Харига ишқибоз бўлиб қолишади.

Биринчи жаҳон уруши бошланиши унинг санъатдаги ютуқларига соя солади, шу билан бирга Мата Хари сифатида тарихга муҳрлаган соҳага йўллар очилади. Унинг катта сиёсатчилар ва ҳарбийлар орасида кўплаб жазманлари борлигини билган немис разведкаси 1915 йилда Мата Харини ўзига жалб қилади. Дастлаб Францияга оид махфий маълумотларни Германияга етказиш билан шуғулланган Мата Хари бир йил ўтмай қўлга тушади ва энди французлар манфаатлари учун хизмат қила бошлайди. Айрим маълумотларга кўра, у бир миллион франк эвазига ўзи французлар тарафига ўтиб кетган.

Аммо Францияга хизмат қилиш муддати ҳам қисқа бўлади. Испанияга жосуслик учун жўнатилганида унинг ҳамон немислар билан алоқада экани ҳақида маълумот олинади ва бу ўз исботини топади. 1917 йилда ҳибсга олинган Мата Хари тезкорлик билан ўлимга ҳукм қилинади. Кейинчалик маълум бўлишича, бу қадар ошиғич қатлнинг сабаби аёлнинг катта сиёсатчиларга оид жуда кўп сирларни билиши бўлган.

Уни жон-жаҳди билан ҳимоя қилган адвокат судда ҳатто тиз чўкиб афв этишларини сўрайди. Чунки у ҳам кўпчилик қатори Мата Харига мафтун бўлиб қолганди. Бироқ суд ўлим жазоси тайинлайди ва жосус аёл отувга ҳукм қилинади. Девор тагига олиб борилган Мата Хари энг чиройли либосларда бўлган ва ўқ узилиши олдидан жилмайиб, аскарларга ҳаво орқали бўса йўллаган.

 

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

 

Top