19:01 / 02.01.2023
15676

18 ёшли эронлик намойишчи 2 та ўлим жазосига ҳукм қилинди

У оғир жиноятларни содир қилганликда айбланган.  

Фото: AP

Эрон суди 18 ёшли намойишчи Маҳдий Муҳаммадий-фардни икки марта ўлим жазосига ҳукм қилди.

Эрон Инсон ҳуқуқлари агентлиги (HRANA) маълумотларига кўра, Муҳаммадий-фард сентябр ойи охирида Мозандарон вилоятининг Навшаҳр шаҳрида намойишлар чоғида ҳибсга олинган, шундан сўнг у «ҳукуматга қарши ташвиқот юритиш», «миллий хавфсизликка рахна солиш», «қотилликка ундаш» ва «Эрон олий раҳбарини ҳақорат қилиш»да айбланган. Суд уни Эрон Жиноят кодексининг турли моддалари бўйича 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бундан ташқари, «ер юзида фитна тарқатиш» ва «Худога душманлик қилиш» моддалари бўйича 2 та ўлим жазосига ҳукм қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, судланувчига адвокат танлаш ҳуқуқи берилмаган.

Эронда норозилик намойишлари 13 сентябр куни Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланди. Қиз 16 сентябр куни вафот этди, бу бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларини келтириб чиқарди.

Расмий тузилмалар декабр ойи бошида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини эълон қилган бўлса, хорижлик ҳуқуқ фаоллари 27 декабр куни 476 нафар намойишчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар беришди.

Шу билан бирга, Эрон оммавий ахборот воситалари мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг 60 дан ортиқ ходими ҳалок бўлгани ва минглаб намойишчиларнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Top