«Улар ўзи билан ўлим олиб келди». Қозоғистонни ўзгартирган «қонли январ» воқеаларига бир йил тўлди
2022 йилнинг дастлабки ойи замонавий Қозоғистон тарихига «Қанди Қантар» – «Қонли январ» номи билан кирди.
Газ нархи кўтарилишига қарши бошланган норозилик ҳаракатлари тезда бутун мамлакат бўйлаб тарқалди ва ҳукуматга қарши намойишларга айланиб кетди; тинч намойишларнинг бир қисми тартибсизликларга айланиб, шафқатсизларча бостирилди. Орадан бир йил ўтиб, ҳали ҳам воқеалар қандай ва нима учун тез ривожлангани ҳақида ишончли тушунтиришлар йўқ. Аммо ҳамма бир фикрга рози: январ воқеалари мамлакатнинг сиёсий тузилишини тубдан ўзгартирди ва кўплаб қозоғистонликлар ҳаётини январдан «олдин» ва «кейин»га бўлди.
Янги йилнинг еттинчи куни Мелдехонлар оиласининг озиқ-овқат захираси тугай бошлайди. Ўша пайтда Олмаотадаги норозилик намойишлари деярли тўхтаган, телевидение орқали шаҳарда тартиб ўрнатилгани айтилаётганди. Аммо ҳамон интернет йўқ ва дўконларда фақат нақд пул билан савдо қилинарди.
Озиқ-овқат харид қилиб келиш учун оиланинг тўрт фарзанди йўл олади. Икки нафар кичик болалар акаси ва опасига эргашади. Улар шаҳарнинг деярли ярмини айланиб чиқишга мажбур бўлади. Қаердандир нон, яна қаердандир тагликлар топилади. Уйга қайтишда улар Сайфулин ва Сатпаев кўчалари чорраҳасидан Олмaoта шаҳрининг бош майдони — Республика майдони тарафга бурилади. У ерда эса уларнинг машинасини ўққа тута бошлашади.
Катта ўғил, 18 ёшли Айдар ортига ўгирилиб, кетишга ҳаракат қилади, бироқ ўққа тутиш кучаяди. Кейинроқ машинада йигирмага яқин ўқ тешиги саналган.
Жароҳатланган болалар машинадан тушиб, ўткинчи машинада энг яқин касалхонага етиб боришга муваффақ бўлади. Отаси фарзандлари ёнига етиб келганида, унинг тўнғич қизи еттита ўқ жароҳати билан реанимацияда ётган эди. Энг кичиги, 4 ёшли Айкоркем эса аллақачон вафот этганди.
Aйдос Мелдехон болаларига кўчага чиқиб озиқ-овқат сотиб олишга рухсат берганда, ўша куни эрталаб мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев аскарларга ҳар қандай ўткинчини огоҳлантирмасдан отишни буюрганини билмаган эди.
«Хорижда муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш учун томонларни музокара ўтказишга чақиришмоқда. Қандай аҳмоқлик. Жиноятчи ва террористлар билан қандай музокара ўтказиш мумкин?» деган Тўқаев ўз мурожаатида.
Январь ойидаги норозилик намойишларининг дастлабки беш кунида расмийларнинг риторикаси бефарқлик ва ёқилғи нархини пасайтириш учун қисман ён беришга тайёрликдан тортиб, давлат тўнтаришига уриниш ҳақидаги баёнотлар ва айрим шаҳарларда тажовузкорона ҳаракат қилаётган намойишларни зўравонлик билан бостиришгача ўзгарди.
«Ҳукумат қуламайди» — дея баёнот берди Тўқаев.
Бундай кескин реакция Қозоғистонда кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Тўқаев президентлик қилган уч йил давомида ҳеч қачон қаттиққўллик кўрсатмаганди.
Собиқ дипломат ва ташқи ишлар вазири бўлган Тўқаев 2019 йилда бўлиб ўтган муддатидан олдинги президентлик сайловларида, мамлакатни совет давридан бери авторитар тарзда бошқариб келаётган ўзидан олдинги президент Нурсултон Назарбоевнинг кўмаги билан ғалаба қозонганди.
Қозоғистонда кутилмаганда етакчиликни қўлга киритган Тўқаев кўпинча Назарбоевнинг қўғирчоғи сифатида қабул қилинган, сиёсатшунослар уларнинг муносабатларини Владимир Путин ва Дмитрий Медведев тандеми билан таққослаган.
Президентликдан кетса-да, Назарбоев мамлакат Хавфсизлик Кенгаши раҳбари лавозими, ҳукмрон партия раҳбарлиги, сиёсий дахлсизлик ва «Элбоши» – халқ отаси унвонини сақлаб қолди. Тўқаевнинг президент сифатидаги дастлабки қарорларидан бири мамлакат пойтахти номини Остонадан Нур-Султонга ўзгартириш бўлди.
Аммо 2022 йил январида Тўқаев мисли кўрилмаган мустақил ҳаракатларни амалга оширди – у ҳукуматни тартибсизликларга йўл қўйганликда айблади ва уни истеъфога чиқарди, шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари ва Назарбоевнинг яна бир қанча шерикларини ҳибсга олди. Тўқаев ёрдам сўраб Москва бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилди.
13 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган. Расмий маълумотларга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда 238 киши, жумладан, 19 нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлган. Ярадорлар, турли маълумотларга кўра, бир неча юздан бир неча минггача бўлиши мумкин.
«Ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларида бу вазиятда ягона ҳаракат алгоритми ва режаси йўқ эди. Чалкашлик бор эди, буни очиқ тан олишим керак. Ҳуқуқ-тартибот органлари етакчилари масъулиятни ўз зиммасига олишдан қўрқди. Яъни бу ҳақиқий уруш эди, мен масъулиятни ўз зиммамга олишим керак эди», деган Тўқаев январ воқеаларидан кейинроқ берган интервюсида.
Айкоркем нафақат намойишчилар ва хавфсизлик кучлари, балки тасодифан майдон ёнидан ўтган аёллар, пенсионерлар ва болаларнинг ҳам ҳаётига зомин бўлган «қонли январ» воқеалари қурбонларининг энг кичиги бўлди. Прокуратура маълумотларига кўра, 20 киши «тасодифан отишма ичига» тушиб қолган. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари бу рақамни кам дея ҳисоблайди. Баъзи одамлар расмийларга хабар бермасдан ўз яқинларини дафн этган бўлиши ҳам мумкин. Январ воқеалари пайтида аслида қанча одам ҳалок бўлганини, ҳозирда аниқлаш қийин.
«Улар ўлим олиб келди»
Айкоркем отасининг севимлиси эди: у туғилганда отаси Aйдос қирқ ёшда эди. Отаси унга оиланинг барча аъзоларининг энг яхши фазилатлари мерос бўлиб қолгани, у кирган ҳар қандай уйни ёритадиган бола бўлганини айтади.
Айдос телефонининг экранига Айкоркемнинг ўлимидан беш кун олдин, 2 январ куни олинган сўнгги суратини қўйган. Суратда қизча нафис оқ кўйлакда камера олдига турган. Оила Айкоркем сурат ва рақсга тушишни яхши кўрганини эслайди.
Бошқа кўплаб қозоғистонликлар сингари Мелдехонлар оиласи ҳам янги йил учун бешбармоқ ва оливье салатини тайёрлаётган кун Олмаотадан 3000 километр ғарбда одамлар суюлтирилган газ нархини пасайтиришни талаб қилиб, кўчаларга чиқди. 1 январ куни уларнинг сони икки бараварга кўпайди.
Намойишлар, барча қозоғистонликлар учун 2011 йилда нефтчиларнинг оммавий норозилик намойишлари ўтказилган жой сифатида танилган Жанаўзен шаҳрида бошланди. 2011 йилги норозилик ҳам ҳарбийлар томонидан шафқатсизларча бостирилган, 17 киши ҳалок бўлган ва яна юзлаб одамлар яраланганди.
2022 йилда бошланганидан икки кун ўтиб, норозилик намойишлари мамлакатнинг деярли барча ҳудудларини қамраб олди: одамлар камида 16 та аҳоли пунктида митингларга чиқди.
Намойишчиларнинг талаблари энди ёқилғи нархини пасайтириш билан чекланиб қолмади. Улар ижтимоий ва иқтисодий адолат ўрнатиш, сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, иш ҳақи ва пенсияларни ошириш талабларини илгари сурди. Намойишчиларнинг ягона якдил талаби Нурсултон Назарбоевнинг ҳокимиятдан бутунлай кетиши эди.
Ўша кунлардаги энг оммабоп шиор «Чол, кет» бўлиб, бу шиор коррупция, қонунбузарлик ва қашшоқликдан чарчаган қозоғистонликларнинг кайфиятини акс эттирган. Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг йирик ва энг бой давлатдир, аммо KPMG аудит компанияси тадқиқотига кўра, 2019 йилда миллий бойликнинг ярми атиги 162 кишига тегишли бўлган.
Ғарбдаги шаҳарлардан ташқарига чиққан норозилик ҳаракатлари тажовузкорона руҳ олди. Олмаотада полиция билан тўқнашувлар бошланди, 5 январга ўтар кечаси намойишчилар машиналарни ёқишни бошлади. 5 январ куни тушдан кейин оломон Олмаота шаҳар ҳокимияти биноси, собиқ президент қароргоҳи ва бошқа бир қанча биноларга бостириб кирди.
Ҳукумат мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди, мобил ва симли интернет ҳамда телефон алоқалари ўчириб қўйилди. 6 январ куни КХШТ қўшинлари Қозоғистонга кириб келди.
Нега норозилик намойишлари бунчалик тез оммавийлашиб кетгани ва уларнинг тинч характери қандай қилиб тартибсизликларга айлангани сабабини ҳозиргача ҳеч ким аниқ айта олмайди. Айримлар намойишлар ортида Назарбоевга содиқ махсус хизматлар турганини айтса, бошқалар Тўқаев шу йўл билан ўзидан олдинги раҳбардан бутунлай қутулганини айтади. Учинчи тахмин — Қозоғистонда ҳокимият алмашишидан баъзи ташқи кучлар манфаатдор бўлгани устига қурилган бўлса, тўртинчи версияга кўра уюшган жиноий гуруҳлар намойишлардан фойдаланган.
Аммо ҳамма бир хил фикрни маъқуллайди: намойишчилар орасида оддий қозоғистонликлар ҳам, дўконларни талон-торож қилган, маъмурий биноларга бостириб кириб, ўт қўйган пичоқ, таёқ ва ов милтиғи кўтарган одамлар ҳам бор эди. Кўпчилик уларни провокаторлар деб атайди.
Айдоснинг айтишича, у қизи ўлимидан олдин содир бўлаётган воқеалар кўлами ва оқибатларини англамаган. Унинг сўзларига кўра, 4 январ куни у ҳатто энг яқин полиция бўлимига бориб, кўнгилли сифатида ўз ёрдамини таклиф қилган, бироқ улар унга раҳмат айтиб, қайтариб юборишган.
«Мамлакатимизда аввал ҳам тартибсизликлар бўлган, лекин одатда улар тезда тугар эди. Мен ҳокимиятга тўлиқ ишонардим ва 4 январ куни телевизорда шаҳар кўчаларида ҳарбийлар ва полициячиларни кўрганимда, хурсанд бўлдим ва шаҳарнинг эгасиз эмаслигини тушундим. Мен улар ўлим олиб келганини билмас эдим», дейди Айдос.
Қизи вафотидан кейинги бир йил ичида Aйдос бу воқеани ўнлаб марта айтган бўлса-да, унинг томоғига тиқилиб қолган нарса ҳеч қаерга кетмаган. Мелдехонлар оиласи ҳамон фарзандларини айнан ким отганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Айкоркем вафот этган ва кўплаб ярадорлар даволанаётган шифохонага қизчанинг ўлимидан бир неча кун ўтиб президент Тўқаев ташриф буюрган. Айдос президентнинг олдига бориб, уни қийнаган саволларни беришга муваффақ бўлади — «Менинг болаларимда нима айб бор эди?», «Нега уларга ўқ узишди?» Президент ёрдамчисига Айдоснинг телефон рақамини ёзиб олишни, воқеага аниқлик киритиб, у билан боғланишни буюради. Бироқ оила ҳозиргача Тўқаевнинг ўзи ёки унинг аппарати ходимларидан ҳеч қандай хабар олмаган.
Ўтган йил давомида Айдос нима бўлганини тушуниш мақсадида Тўқаевнинг ўзига кўплаб хатлар ёзган, шу билан бирга президент администрацияси билан учрашиш учун Остонага ҳам борган. Январ ойида ўлдирилган ва ҳибсга олинганларнинг кўплаб бошқа қариндошлари ҳам худди шундай вазиятга тушиб қолган.
«Ўлганларнинг айбсизлигини исботлаш қийин»
Ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Торегожина фаоллар унга қўнғироқ қилиб, отишма ҳақида айтган вақтда кекса онаси билан байрамни нишонлаётган эди. Ўша пайтдаёқ Олмаотада интернет узиб қўйилганди.
«Мен бунга ишонмадим ва одамлар нега бунчалик қўрқиб, саросимага тушиб қолди, деб ўйладим. Чунки бизнинг хавфсизлик кучлари одатда резина ўқлар ва шовқинли гранаталар ишлатарди. Бироқ бир неча соатдан кейин биз улар Толдирқўрғон, Чимкент ва Қизилўрдада одамларни ўлдираётганини аниқ билдик», дея эслайди Бахитжан.
Қозоғистон ҳукумати юқори мартабали амалдорлар ва намойишчилар орасидан айбдорларни қидиришда давом этмоқда. Апрель ойи ҳолатига кўра, тартибсизликлар иштирокчиларига қарши мингдан ортиқ жиноий иш очилган.
Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари, Назарбоевнинг иттифоқчиси Карим Масимовга нисбатан энг асосий айблов – давлатга хиёнат айби қўйилган. Унинг икки ўринбосари ҳам ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айбланиб ҳибсга олинган. Уларнинг учаласига қарши тергов жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда, айблов иши материаллари махфий сақланмоқда. Январ ойидаёқ қўмитанинг яна уч нафар аъзоси ўлик ҳолда топилган, ОАВ улар ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берганди.
Тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлган шахсларга нисбатан икки хил жиноий иш очилди: қотиллик ва оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ёки уларда қатнашиш факти бўйича.
«Аммо қотиллик факти бўйича очилган деярли барча ишлар тўхтатилди», дейди Торегожина.
«Биринчи тоифага ўқ танани тешиб ўтиб кетган ва ким аниқ отганини аниқлашнинг деярли имкони йўқ ҳолатлар киради. Бундай жиноий ишлар тўхтатилади. Иккинчи тоифага эса ўқ танада қолган ва у қандай қуролдан отилгани ҳамда унинг эгаси аниқланиши мумкин бўлган ҳолатлар киради. Лекин агар аскар ёки полициячи отган бўлса, бундай ҳолатлар «махфий» деб таснифланади», дея тушунтиради ҳуқуқ ҳимоячиси.
Торегожинанинг фикрича, ҳукумат январ воқеалари бўйича ишларнинг судгача бориши ва ўқ узган аскарлар жазоланишидан манфаатдор эмас. Дастлаб «қотиллик» деб ҳисобланган кўплаб ҳолатлар кейинчалик «ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилиш» сифатида қайта таснифланган. Бу моддага кўра эса жазо анча юмшоқроқ.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, ҳукумат намойишчиларга қарата ўқ узганларни жазоламаслик, шунингдек, намойишчиларни ҳам фаол таъқиб қилмаслик орқали жамият билан сўзсиз консенсусга келмоқчи. Бир йил ичида фақат битта қотиллик иши судгача борди.
«Жабрланганлар кўпчилигининг қариндошлари полиция билан келишувга бориб, аризаларини қайтариб олди. Чунки уларнинг ҳеч бири ўғли, укаси ёки амакиси вафотидан кейин террорчи сифатида тан олинишини истамайди. Бу СССРдаги давлатга хиёнат моддасига ўхшайди. Бундай фамилия билан яшаш ҳамма учун оғир бўлади. Ўликларнинг айбсизлигини исботлаш эса қийин иш», дейди Торегожина.
Январ ойи воқеалари замонавий Қозоғистон тарихидаги энг оммавий ва энг қонли намойишларга айланди. Бахитжан Торегожина ўз ҳамкасблари билан биргаликда норозилик ҳаракатларининг биринчи кунлариданоқ ўлганлар, яраланганлар ва ҳибсга олинганларнинг ҳисобини юритишга ҳаракат қилган. Қариндошларини топа олмаган ўнлаб одамлар улардан ёрдам сўраган.
Кейинчалик кўнгиллилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ярадорлар ва ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотлар янгиланиб турувчи «Қантар2022» жамоат ҳаракатини тузади.
«Биз авторитар давлатда яшаётганимизни билсак-да, содир бўлаётган воқеалардан ҳайратда қолдик. Биз худди ХХ асрга қайтгандек бўлдик, ўшанда, 1986 йилда совет ҳукумати Олмаотада СССРга қарши ўтказилган биринчи оммавий норозилик намойишларини қаттиққўллик билан бостирган эди. Ёки Назарбоев 2011 йилда Жанаўзендаги нефтчилар қўзғолонини куч билан бостирган давр қайтгандек бўлди. Аммо январь воқеалари ўша воқеалар етарлича ўрганилмаганининг натижаси эканини энди тушуняпмиз. Ҳокимият жазосиз қолса, қонунсизлик доимий бўлиб қолади», дейди Торегожина.
Январь воқеаларидан сўнг ўз яқинларини топиш илинжида одамлар бир-бирига қўнғироқ қилган, ўликхона, шифохона ва тергов изоляторларини айланиб чиққан. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса қийноқлар ҳақида янги хабарлар ола бошлаган.
Касалхона крoвaтидан қамоқ изоляторига
37 ёшли автомобил устаси Eрмек Абдрешев 5 январ куни уйдан чиқиб кетган ва қайтиб келмаган. Орадан икки кун ўтиб, комадан уйғонгач, у касалхона кроватида таглик билан ётганини кўради: ўқ яраси уни бир кўзидан маҳрум қилганди.
Худди шу пайтда, уни палатанинг ўзидаёқ ҳибсга олишади. Eрмек уни қандай қилиб халат ва шиппакда, автомат тираган ҳолда кўчага олиб чиқишганини эслайди.
«Улар менинг қўлларимни боғламади, лекин мен бошимнинг орқа томонида автоматнинг тумшуғи турганини ҳис қилдим. Ҳамшира уларга менинг ҳеч нимани кўрмаслигимни айтди, лекин улар бунга мен зинадан йиқилиб тушишимга сал қолгандагина ишонди. Ён томонимда юрган полициячилар қўлларимдан ушлаб, йиқилишимга йўл қўймади», дея ҳикоя қилади Eрмек.
Eрмек олиб кетилган автозак вақти-вақти билан янги одамларни юклаш учун тўхтаган ва тиқилинчларнинг бирида Eрмек шиппагини йўқотиб қўйган. Полициячилар уни ялангоёқ машинадан тушириб, бинога олиб кирган ва бошқалар билан бирга деворга тиркаган. Кейинги воқеаларни эса у ёмон туш сифатида эслайди.
«У ердагилардан кимдир менга куртка кийдирди, чунки мен фақат касалхона халатида эдим. Қўриқчи менинг устимдан ҳеч қандай сабабсиз музли сув қуйди. У менга курткасини берган оқкўнгил одамга нима қилганини мен кўра олмадим. Бизни сўроқ пайтида ҳам, камерада ҳам қийноққа солишди», дейди Eрмек.
У ҳибсга олингандан ўн бир кун ўтибгина гаров эвазига озод қилинади. Eрмек уни фақат кўр бўлгани учунгина қўйиб юборишганига ишончи комил.
«Камерада мен уларга очиқчасига халақит бердим. Мен ҳар доим ҳамроҳга муҳтож эдим. Ҳатто ҳожатхонага ҳам ўзим бора олмас эдим, қоқилиб кетиб, йиқилардим», дейди Eрмек.
У озодликка чиққанда, кўриш қобилиятини қисман сақлаб қолган иккинчи кўзи ҳам бутунлай кўриш қобилиятини йўқотади.
Ермекнинг эслашича, у намойишчилар орасига тушиб қолганидан бир неча соат ўтиб яраланган. Тинч намойишчилардан ташқари, у провокатор деб аталаётганларни ҳам кўрган. Улар ҳарбий кийимдаги одамлар бўлиб, светофорларни уриб, биноларни вайрон қилган.
Eрмекнинг сўзларига кўра, у бошқа намойишчилар билан бирга «провокаторлар»ни тинчлантиришга ва уларни ҳайдаб юборишга ҳаракат қилган. Аммо ҳукумат Eрмекни тартибсизликларда қатнашганликда гумон қилган.
Eрмекнинг айтишича, ундан нечта одам ўлдиргани ва нимани вайрон қилишга улгургани ҳақида сўрашмаган. Улар Eрмек яраланган экан, демак у провокаторлардан бири эканлигини айтишган.
Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши етти ойдан кейин жиноят таркиби йўқлиги сабабли ёпилади. Аммо унга нисбатан қилинган қийноқлар иши ҳали ҳам очиқ, лекин олдинга силжимаяпти.
Ҳукумат «ноқонуний сўроқ усуллари» қўллангани ва бунинг оқибатида олти киши ҳалок бўлганини тан олди. Март ойида прокуратура 200 дан ортиқ шикоят кўриб чиқилаётганини айтди. Ноябрь ойида инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман Эльвира Азимова, ҳукумат қийноқларга оид барча ишларнинг 80 фоизини ёпгани ҳақида хабар берди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилоти яқинда эълон қилган ҳисоботида таъкидланганидек, маҳбуслар ўлими учун ҳеч ким жиноий жавобгарликка тортилмаган.
Орадан бир йил ўтиб, Eрмек деярли уйдан чиқмаяпти ва навбатдаги операцияга тайёрланмоқда. У нарсаларга тегиниш орқали уйни айланади, лекин у кўриш қобилиятини йўқотганига ҳали тўлиқ одатланмаган. Унинг сўзларига кўра, январь ойидан бери у шунчаки «зулматда ичида қолиб кетган».
Eрмек қамоқдан кейин уйига қайтганида, қариндошлари уни танимаган. Унинг онаси журналистларга кўзида ёш билан ўғлининг 5 январдан олдинги ва изолятордан кейинги расмларини кўрсатган.
Eрмекнинг сўзларига кўра, оила ҳокимиятдан товон пули олмаган, фақат ногиронлик бўйича нафақа берилган. Бефарқ бўлмаганлар ёрдами билан даволаниш учун пул йиғилган.
«Мен аввал шокка тушдим, тинмай йиғладим. У ҳамиша кўркам, келишган эди, оқ кийим кийишни яхши кўрарди, бу унга жуда ярашарди. Ҳозир эса…» дея хўрсиниб, йиғлайди Eрмекнинг онаси.
Eрмек бўлса «Ҳозир эса мен ҳамма нарсани оққа айлантираман», дейди юзида табассум билан.
Янги Қозоғистон
«Негадир ўша кунларда Олмаота осмони умидсиз кулранг рангга бўялганди. На қуёш, на мовий осмон бор эди. Дастлаб бу туман ва смог сабаб, кейин эса тутун ва граната портлашлари сабаб юз берди», дейди олмаоталик рассом Сауле Сулаймонова.
Сауле қора ва қизил полиэтилен пакетлардан тўқилган 60 квадрат метрлик «Олмаота осмони» картинасида январ воқеалари ҳақида ўз таассуротларини изҳор қилган. У буни қонли январнинг ҳис қилиниши ва таъми деб атайди.
Рассомнинг айтишича, унинг кўргазмасига келганларнинг кўпчилиги «Олмаота осмони»ни кўриб йиғлаган. Баъзилар бу мавзу кўтарилганидан ғазабланган. Бефарқ одамлар деярли бўлмаган.
«Қонли январ» — бу ҳақда ҳеч ким гапиришни истамайдиган умумий жароҳат эканига рассомнинг ишончи комил.
«Январчилар — ўша кунларда майдонда бўлган ҳар қандай инсонлардир. Улар намойишчи, журналист ёки фаол бўлиши шарт эмас, бу шунчаки ўқ остида қолган оддий ўткинчи бўлиши ҳам мумкин. Яъни ҳар биримиз», дейди Сауле.
Рассом ўтган йил юз берган воқеалар кўпчиликнинг ўз мамлакати ҳақидаги тасаввурларини ўзгартирганига амин.
«Бирор нарсани ўзгартириш учун таваккал қилишдан қўрқмайдиган оддий қозоғистонликлар бу мамлакатга ўзгаришлар олиб келиши маълум бўлди. Одамлар ниҳоят жамиятнинг кучини, нималарга қодирлигини англаб етди – ҳа, бу хавфли, сиз ўз жонингиз билан товон тўлашингиз мумкин, лекин норозилигингизни билдиришингиз ҳам мумкин. Менимча, бизда бирон нарса юқори даражада содир бўлди ва одамлар осонроқ гапира бошлади ва бу қурбонликлар, менимча, беҳуда кетмади», деган Сауле.
Январ воқеаларидан сўнг ўтган бир йил ичида ҳақиқатан ҳам кўп нарса ўзгаргандек. Биринчи президент Назарбоевнинг кўплаб ёдгорликлари тартибсизликлар пайтида вайрон қилинди ва қайта тикланмади. Элбошининг ўзи имтиёзлари ва лавозимларининг аксариятини йўқотди. Тартибсизликлардан сўнг биринчи марта мурожаат билан чиқар экан, у ўзини оддий нафақахўр деб атади. Қозоғистон пойтахти олдинги номига қайтарилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев нафақат собиқ хўжайинидан воз кечди, балки конституцияни қайта ёзиш орқали ваъда қилинган сиёсий ислоҳотларни ҳам бошлади. Йигирмадан ортиқ ўзгартиришлар орасидан президентнинг ваколат муддатини биттага қисқартириш, лекин муддатнинг ўзини етти йилга узайтириш эътиборга молик ҳодиса бўлди.
Ноябрь ойида, одамларни отишга буйруқ берганидан атиги 10 ой ўтгач, Тўқаев муддатидан олдин сайловлар ўтказди ва унда осонлик билан ғалаба қозонди.
«Тўқаев янги Қозоғистон қураётганини айтмоқда, лекин сайловлар эски Қозоғистон услубида ўтказилди. Унда ҳақиқий мухолифат йўқ эди, фақат техник номзодлар қатнашди. Халққа ҳақиқий танлов берилмади», дейди Қозоғистонда ишловчи британиялик журналист Жоанна Лиллис.
«Янги Қозоғистон»нинг навбатдаги синови яқин олти ой ичида юз беради: июнь ойига қадар мамлакатда парламент сайловлари бўлиб ўтиши керак. 2022 йилнинг ноябрь ойида, 2013 йилдан бери биринчи марта янги партия рўйхатга олинди, аммо Лиллиснинг сўзларига кўра, бу партия ҳукуматга ҳақиқий муқобил сифатида кўрингани йўқ.
«Тўқаевни ҳақиқатан ҳам танқид қила оладиган ва ҳукуматдан ўз ҳаракатлари учун жавоб талаб қиладиган ҳақиқий мухолифатни кўрмагунимизча ҳаммаси Назарбоев давридаги эски сиёсатга ўхшайди, фақатгина бироз камроқ репрессив», дейди британиялик журналист.
***
Мелдехон оиласи компенсация берилган кам сонли оилалардан бири. Ҳукумат уларга 20 минг долларга яқин товон пули тўлаган ва Олмаотадаги янги бинодан уч хонали квартира берган.
Айдос буларнинг барчаси у телевидениеда чиқишни ва журналистлар билан гаплашишни тўхтатиши учун берилганига ишонади. Аммо у жим бўлмаслигини ва унинг учун энг муҳими, қизининг қандай вафот этгани ҳақидаги ҳақиқатни билиш эканини таъкидлайди. Тергов шуни кўрсатдики, машинага отилган ўқлар ҳарбийлар томонидан отилган, бироқ кейинроқ иш махфийлаштирилган. Ҳозир на Айдос, на унинг адвокати тергов тафсилотлари билан таниша олади.
Айкоркем ҳалок бўлганидан ярим йил ўтиб, Олмаота шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида номаълум рассомлар унинг сурати акс этган девор расмини чизган. Унда қизча қозоқ миллий либосида тасвирланган. Унинг ёнида қизчанинг отаси ёзган шеърдан парча келтирилган — «Қайси оға мени отди?»
Айдос ва унинг рафиқаси портретдан таъсирланиб, рассомларни топиб, уларга раҳмат айтишга келишиб олади. Аммо улар мурал ёнига қайтганларида, расмни шаҳар ишчилари бўяб қўйишганди.
Энергетика компаниясининг таъкидлашича, улар портретни бўяшга мажбур бўлган, чунки трансформатор подстанцияларида номувофиқ тасвирларни чизиш тақиқланган ва рассомлар объектнинг хавфлилиги ҳақида огоҳлантирувчи белгиларни бўяган.
Компания вакилининг қўшимча қилишича, ҳар кимнинг қайғуси, пушаймонлиги ва норозилиги қонун доирасида билдирилиши керак.
Мавзуга оид
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
18:39 / 15.02.2024
Қозоғистон Ўзбекистондан тарихий мерос буюмларини қайтаради
18:33 / 14.02.2024
Қозоғистондаги ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари жабрланди
10:15 / 12.02.2024