19:47 / 10.01.2023
30977

Қишки трансферлар. Фелиш Англияга келмоқда, «Ан-Наср» таркибни яна кучайтирмоқчи

Сўнгги кунлардаги трансфер янгиликлари ва миш-мишлар.

Фото: Getty Images

Фелиш «Атлетико»дан «Челси»га келмоқда

«Атлетико» ҳужумчиси Жоау Фелиш фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттиради. Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, «Челси» ва «Атлетико» раҳбарияти ижара шартномаси бўйича тўлиқ келишувга эришган. Лондон клуби 23 ёшли португалиялик футболчининг ярим йиллик ижараси учун Мадрид клуби ҳисоб рақамига 11 миллион евро ўтказиб беради. 

Журналист Бейн Жейкобснинг ёзишича, инглизлар клуби футболчининг ижара муддати давомидаги маоши ва барча харажатларини ўз зиммасига олади. Маълум қилинишича, Лондон клуби келишувга мавсум якунида ҳавбекни сотиб олиш бўйича банд қўшмоқчи бўлишган, аммо «Атлетико» бунга кўнмаган.

Аввалроқ, Фелишнинг ярим йиллик маоши 6 миллион еврони ташкил этиши ҳақида хабар қилинганди. 

2022/23 йилги мавсумда Фелиш «Атлетико» сафида 19 ўйинда беш гол урди ва уч голга узатма берди. Жоаонинг мадридликлар клуби билан шартномаси 2026 йил ёзига қадар тузилган. Transfermarkt унинг трансферини 50 миллион еврога баҳолаган.

Бускетс «Барселона»ни тарк этади

«Барселона» президенти Жоан Лапорта жамоа яримҳимоячиси Серхио Бускетс МЛС клубига ўтиши мумкинлигини айтди.

«Унда фаолиятини Испаниядан ташқарида, АҚШда давом эттириш бўйича таклиф бор. Агар барчаси яхши кетса, биз у мавсум охирига қадар жамоада қолишини истаймиз, ёзда эса яна гаплашиб оламиз», — дея Лапортанинг сўзларини келтирган Cadena SER.

ESPN хабарига кўра, Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клуби ҳам Бускетсга таклиф тайёрламоқда. Араблар испаниялик футболчига йилига 13 миллион евро маош тўлашга тайёр. Клуб ушбу маош билан Бускетснинг «Интер Майами» эмас, Саудия Арабистони клубини танлашига умид билдирмоқда. 

34 ёшли яримҳимоячининг «Барселона» билан шартномаси муддати 2022/23 йиллар мавсуми охиригача тузилган. Жорий мавсумда Бускетс барча турнирлар доирасида 18 ўйинда майдонга тушди ва бир голли узатма муаллифи бўлди. Transfermarkt унинг трансферини беш миллион еврога баҳолаган.

«Барселона»га таянч яримҳимоячиси керак

Каталонияликлар Серхио Бускетсга ўринбосар қидиришга киришиб кетган. Telefoot хабарига кўра, «Барселона» ва шахсан Хави Франциянинг «Анже» клуби ҳавбеки, жаҳон чемпионати кашфиётларидан бири бўлган Аззедин Унаига жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Sport.es хабарига кўра, «Барса» «Вулверҳэмптон»нинг португалиялик яримҳимоячиси Рубен Невешнинг трансфери масаласини ҳал қилишга яқин. У жамоага ёзда қўшилади.

Магуайр «МЮ»да қолади

Ҳимоячи Ҳарри Магуайр «Манчестер Юнайтед»дан «Астон Вилла»га ўтиши ҳақидаги хабар тасдиқланмади. Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, клублар ўртасида ушбу 29 ёшли футболчи трансфери борасида ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаган. Магуайр «МЮ» сафида 2019 йил ёзидан буён тўп суриб келмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2025 йил ёзига қадар тузилган. Transfermarkt Магуайрнинг трансфер қийматини 30 миллион еврога баҳолайди.

«Марсел» Малиновский билан шартнома имзолайди

«Аталанта» бош мураббийи Жан Пьеро Гасперини Руслан Малиновский «Марсел»га ўтишга яқин эканини тасдиқлади. «Футболчи ва «Марсел» ўртасида музокаралар жараёни бўлиб ўтмоқда, мен келишув қачон имзоланишидан хабардор эмасман. У жамоа учун муҳим футболчи эди, жамоада кўп ўйинлар ўтказди, аммо унинг ўрнини энди Адемола Лукман эгаллади. Агар Малиновский клубни тарк этса, биз бошқа футболчи олишни режалаштирмаяпмиз», — дея Гасперинининг сўзларини келтирган Football Italia.

Руслан Малиновский «Аталанта»га 2019 йилда қўшилганди. У ўтган вақт ичида «Аталанта» сафида барча турнирлар доирасида 41 учрашувда майдонга тушиб, 10 гол урган ва 7 голга узатма берган. Transfermarkt уни 18 миллион еврога баҳолаган.

Фирмино «Ливерпул»дан кетиши мумкин

Sky Sport Deutschland хабарига кўра, «Ливерпул» ҳужумчиси Роберто Фирмино фаолиятини Саудия Арабистони чемпионатида давом эттириши мумкин. Манба хабарига кўра, бразилиялик футболчида Осиёнинг бир қанча клубларидан таклифлар бор. Улар қаторида яқинда Криштиану Роналду билан шартнома имзолаган «Ан-Наср» номи ҳам келтирилмоқда.

Фирминонинг «Ливерпул» билан амалдаги шартномаси 2023 йил ёзига қадар тузилган. 31 ёшли бразилиялик жорий мавсумда инглизлар клуби сафида барча турнирлар доирасида 21 ўйинда майдонга тушди ва тўққиз гол уриб, тўрт голли узатмага муаллифлик қилди.

Азар «Реал»дан кетиши мумкин

Footmercato маълумотига кўра, Саудиянинг «Ан-Наср» клуби бош мураббийи Руди Гарсия жамоага «Реал» ҳужумчиси Эден Азарни таклиф этмоқчи.

Гарсия эҳтимолий трансфер борасида Азар билан гаплашиб олган. Қайд этиш керакки, Гарсия ва Азар аввалдан ўзаро таниш — бельгиялик футболчи айнан шу мураббий қўли остида «Лилл»да юлдузга айланган ва кейинроқ «Челси»га ўтган. Жорий мавсумда 31 ёшли вингер «Реал» сафида атиги олти ўйинда иштирок этди, бу ўйинларда бир гол уриб, бир голга узатма берди. Испан клубининг Азар билан шартномаси 2024 йил ёзига қадар мўлжалланган.

«Ан-Наср» Ройс трансфери устида ишламоқда

Daily Mail маълумотига кўра, «Ан-Наср» таркибини «Боруссия» Дортмунд клуби яримҳимоячиси Марко Ройс билан тўлдиришдан умид қилмоқда. Сўнгги 11 йил мобайнида дортмундликлар клубида ўйнаб келаётган 33 ёшли немис футболчисининг амалдаги шартномаси шу йил ёзида якунланади. 2022/23 йиллар мавсумида у «асаларилар» жамоаси учун барча турнирлар доирасида 12 ўйин ўтказиб, уч гол урди ва тўрт голга узатма берди. Transfermarkt унинг трансферини тўққиз миллион еврога баҳолайди.

«Торино» Шомуродовни ўз сафига қўшиб олмоқчи

Италия нашрлари ёзишича, А Сериянинг 16-тури доирасида кечган «Торино» — «Верона» (1:1) учрашувидан кейин, туринликлар клуби «Рома»нинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов учун курашда фаворитга айланган. «Верона»га қарши ўйинда қайд этилган дуранг натижа (бу ўйинда олдинги чизиқдаги форвард ролини хорватиялик яримҳимоячи Никола Влашич у қадар муваффақиятли бажара олмади) туфайли «Торино» раҳбарияти янги форвардсиз мавсумни муваффақиятли якунлай олмаслигига амин бўлган.

«Торино» аввал ҳам Шомуродовнинг хизматларига қизиқиш билдирганди, футболчининг ўзи асосий таркибда ўйнамаётгани туфайли «Рома»дан кетишни истамоқда, туринликлар клуби ҳам фаоллашишга қарор қилган. Гап сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олиш ҳақида бормоқда, келишув доирасида сербиялик яримҳимоячи Саша Лукич «Рома»га берилиши мумкин.

Аввалроқ 27 ёшли ўзбекистонликка Италиянинг «Фиорентина» ва «Сампдория» клублари ҳам қизиқаётгани хабар қилинганди. Transfermarkt форварднинг трансферини етти миллион еврога баҳолаган.

Дзаньоло «Рома»дан кетиши мумкин

La Gazzetta dello Sport маълумотига кўра, «Рома» яримҳимоячиси Николо Дзаньоло Европанинг бир қанча топ-клублари қизиқишлари доирасида турибди. «Боруссия», «Атлетико» ва «Милан» каби клублар ушбу 23 ёшли футболчини трансфер қилишни истамоқда. Агар Николо «бўрилар» билан янги шартнома бўйича келишувга эриша олмаса, у мавсум якунларига кўра клубини ўзгартириши мумкин. 2022/23 йилги мавсумда Дзаньоло римликлар клуби сафида 14 ўйинда икки гол урди ва уч голга узатма берди. Ушбу италиялик футболчининг «Рома» билан амалдаги шартномаси 2024 йил июнига қадар тузилган.

Моуриньо Бразилия терма жамоасини бошқаришдан бош тортди

Sport.es маълумотига кўра, «Рома» бош мураббийи Жозе Моуриньо Бразилия терма жамоасини бошқаришга розилик бермаган.

59 ёшли мутахассис римликлар клубида қолиб, бир неча совринлар қўлга киритишни мақсад қилган.

Бразилия термаси Тите кетгач, бош мураббийсиз қолган. 61 ёшли мутахассис Қатардаги жаҳон чемпионати чоракфиналида Хорватиядан учралган мағлубиятдан кейин (1:1, пенальтилар сериясида 2:4) лавозимини тарк этишини маълум қилганди. У жамоада 2016 йилдан буён ишлаб келаётганди.

Шкриньяр ва Вегорст «МЮ» қизиқишлари доирасида

Media Foot маълумотига кўра, «Интер» ҳимоячиси Милан Шкриньяр «Манчестер Юнайтед» клуби қизиқишлари доирасига тушган. 1 январ кунидан 27 ёшли словакиялик Италияда бўлмаган исталган клуб билан музокара бошлаш ҳуқуқига эга. «Интер» Шкриньярга янги шартнома бўйича йилига олти миллион евро (бонуслардан ташқари) тўлашга тайёр. Клуб бу таклифни бошқа оширмоқчи эмас ва футболчининг жавобини кутмоқда. Transfermarkt словакиялик футболчининг трансферини 60 миллион еврога баҳолаган.

Параллел равишда «МЮ» Туркия чемпионатида тўп сураётган нидерландиялик форвард Ваут Вегорст билан ҳам алоқа боғлаган. Foot Mercato нашрига кўра, «Юнайтед» ижара вариантини кўриб чиқмоқда. Муаммо шундаки, трансфер ҳуқуқи «Бёрнли»га тегишли бўлган Вегорст ҳозирда ижарада ўйнамоқда, жамоа чемпионшипга тушиб кетгач, у «Бешиктош»га ижарага берилганди.

«Бешиктош» клубига яқин манба саналмиш турк журналисти Гёкҳан Динчнинг ёзишича, Истанбул клуби Манчестер жамоаси билан келишувга эриша олмаса, нидерландиялик форвард ижара келишувини бекор қилиш учун талаб этиладиган товон пулини ўз ёнидан тўлашга тайёр. 

«Бешиктош» Вергорстни 10 миллион еврога сотиб олиш шарти билан «Бернли»дан ижарага олганди. Ҳужумчига «МЮ» қизиқа бошлагач, турк клуби Ваут билан ижара келишувини бекор қилиш учун тахминан 10 миллион евро товон пули олишни истамоқда. «Юнайтед» эса ярим йиллик ижара ҳақи учун бунча маблағ сарфламоқчи эмас.

Top