Ўзбекистон | 12:33 / 17.01.2023
9091
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форумида 22 та шартнома ва битим имзоланди

Ўзбекистон президентининг давлат ташрифи арафасида бугун Сингапурда икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда Сингапурнинг Ўзбекистонга киритган инвестицияларининг ҳажми 700 миллион доллардан ошди, Сингапур капитали иштирокидаги корхоналар сони 4, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми эса 2 баробар ошди. 

Сингапур томони Ўзбекистон билан кенг кўламли соҳаларда шерикликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда давом этиш нияти қатъий эканини тасдиқлади. Кимё, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги саноати, таълим, соғлиқни сақлаш, логистика, шунингдек, АТ-сектори ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш устувор соҳалари сифатида белгиланди.

Форум дастури Сингапурнинг йирик бизнес вакиллари иштирокидаги ялпи мажлис билан давом этди. Унда Indorama Group директори Пракаш Кежривал, Сингапур менежментни ривожлантириш институти президенти Эрик Куан ва PSA International бош директори Ван Чи Фо икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан Ўзбекистонда самарали бизнес юритишнинг амалий жиҳатлари, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Тадбир дастури доирасида B2B музокаралари ҳамда мамлакатимиз инвестиция салоҳияти тўғрисида ва Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари кесимидаги аниқ лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.

Бизнес-форум якунлари бўйича савдо, инвестициялар ва молия йўналишларида, кимё, энергетика ва тўқимачилик саноати, саноат зоналарини ривожлантириш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида 22 та шартнома ва битимлар имзоланди.

Мавзуга оид