18:45 / 18.01.2023
17619

Ўзбекистон ва Қозоғистон маҳкумларни топшириш бўйича келишиб олди

Келишувга кўра, Қозоғистонда озодликдан маҳрум қилинган Ўзбекистон фуқаролари жазони ўташ учун ватанига қайтарилиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилинган Қозоғистон фуқаролари ҳам жазони ўташ учун ватанига қайтарилади.

Фото: elements.envato.com

Ўзбекистон ва Қозоғистон маҳкумларни жазони ўташ учун бир-бирига бериш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Қозоғистон Мажлисида «Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташ учун бериш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиев сўзларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни топшириш бўйича келишув гуманитар аҳамиятга эга.

«Бу чоралар биринчи навбатда инсонпарварлик характерига эга. Кўп ҳолларда бошқа давлатда жазо ўтаётганлар маҳаллий аҳолининг тили ва урф-одатларини билмайди. Одамлар билан мулоқот мураккаблашади, чунки атроф-муҳит бошқача. Қариндош-уруғ ва дўстлардан узоқда. Бундай одамни жамиятга мослаштириш унчалик осон эмас», деди у.

Бош прокурор ўринбосари сўзларига кўра, ватанига қайтиш учун аввало маҳкумнинг ўзи рози бўлиши керак.

«Шартнома шартларига келсак, маҳкумни бошқа жойга ўтказиш учун биринчи навбатда унинг розилиги керак - шахс ўз мамлакатида жазони ўташ нияти ҳақида ариза бериши керак», деди Чиндалиев.

Унинг таъкидлашича, маҳкумни экстрадиция қилиш учун қўйиладиган талаблар бир қанча.

«Биринчи навбатда у фуқароликка эга бўлиши, қилмиши ҳар икки давлатда ҳам жиноят ҳисобланиши, жазони ўташ муддати камида бир йил бўлиши керак. Шунингдек, бунга ҳар икки давлат ҳам розилик бериши керак. Агар унинг топширилиши мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига путур етказса, бу миллий қонунчиликка зид бўлса ва шахсга нисбатан суд ёки тергов жараёни давом этаётган бўлса ёки унинг молиявий қарзлари бўлса, маҳкумлар экстрадиция қилинмайди», деб хулоса қилди у.

Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Қозоғистонда судланган 225 нафар Ўзбекистон фуқароси ўз мамлакатида жазони ўташ истагини билдирган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда судланган 20 нафар қозоғистонлик бор.

Top