11:42 / 21.01.2023
30865

КГБга «ортдан пичоқ урган» жосус – совет хавфсизлик қўмитаси майори АҚШга нега қочиб кетганди?

1961 йилда Финландияда ишлаётган КГБ майори Швеция орқали АҚШга қочиб кетади. У МБРга жуда кўп махфий маълумотларни ошкор қилади ва оқибатда бу иш КГБ учун кўп муаммолар келтириб чиқаради. Жумладан, хавфсизлик қўмитаси дунёнинг турли давлатларида ишлаб юрган кўплаб жосусларни ортга қайтаришга ёки яширишга мажбур бўлади. МРБ ҳисоботларида майорнинг АҚШга қочиб ўтиши «энг қимматли қочиш» деб таърифланади.

1961 йил декабрнинг сўнгги кунларида МРБ (Марказий разведка бошқармаси)нинг Хелсинкидаги жосуси Фрэнк Фрайберг яшаётган уйда телефон жиринглайди. Жосус телефонни кўтарганида, «КГБ майори Анатолий Голицин сизни безовта қиляпти», деган овозни эшитади.

Инглиз тилини бузиб гапираётган бу овоз СССРнинг Финландиядаги элчихонаси ходими Иван Климовнинг овози эди. Гўшакдан «Ажабланманг, Анатолий Голицин менинг ҳақиқий исм-шарифим. Мен оилам билан АҚШдан сиёсий бошпана сўрамоқчиман» деган гапларни эшитиб, Фрайберг лол қолади.

Ўшанда Голицин Фрайбергга америкаликлар уни ва оиласини Хелсинкидан икки соатда олиб чиқиб кетишлари лозимлигини, акс ҳолда қўлга тушиб қолиши мумкинлигини айтади.

Зудлик билан махсус операция ўтказилади ва Голицин, хотини ва қизи аввал Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрига ўтказилади. Сўнг Германия орқали АҚШга жўнатиб юборилади. КГБ майори Голициннинг АҚШга қочиб кетиши шу тарзда рўй берган эди.

1953 йил 5 март куни СССРни 31 йил (1922-1953 йиллар) бошқарган қонхўр Сталин вафот этгач мамлакатда кўп нарса ўзгариб кетади. Ўша йили унинг энг ишонган одами, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган НКВД бошлиғи Лаврентий Берия ҳам қўлга олинади ва суд қилиниб, отувга ҳукм қилинади.

Шундан сўнг Сталин даврида қатағон қилинганлар, жазоланганларнинг ишлари қайта кўрилиб, тирик қолганлар қамоқхоналардан озод қилинади.

Ўша пайтда Сталин тузумининг ёвуз ишлари жуда кўпчиликка акс таъсир қилади ва улар коммунистик тузумдан нафратлана бошлашади. Бундай инсонлар сафида КГБ ходимлари ҳам бўлган ва Анатолий Голицин улардан бири эди.

Бу инсон 1961 йилда АҚШга қочиб кетади ва КГБнинг жуда кўп махфий маълумотларини ошкор қилади. Оқибатда совет махфий хизматининг хориждаги жуда кўплаб жосуслари ошкор бўлади. КГБ уларнинг бир қисмини яширишга муваффақ бўлади, қолганлар қўлга тушади.

Кейинчалик МБРнинг жосуслик тармоғини бошқарган Жеймс Энглтон Голициннинг АҚШга қочиб ўтиши ҳақида «У Ғарбга қочиб ўтган энг қимматли жосус эди», деб таъриф берганди.

Анатолий Голициннинг ёшлиги ва КГБга хизматга ўтиши

Анатолий Голицин 1926 йилда Украинадаги Пирятин шаҳарчасида туғилади. У мактабни битиргач Москвадаги ҳарбий мактабда таҳсил олади. Уруш тугагач 1945 йилда Голицин ташқи разведка мактабида ўқийди ва ўша пайтда НКВД таркибида бўлган КГБга ишга олинади.

1953 йил Берия отувга ҳукм қилингач НКВД ва КГБнинг жуда кўп ходимлари Сталин қатағонларидаги иштироки учун жазоланади. Ўша пайтда Голицин кичик ходим бўлгани учун жазодан қутулиб қолади.

Кейинчалик Голицин оддий ходим сифатида НКВД ва КГБнинг Сталин даврида СССРда содир этган жирканч ишларидан унча ҳам хабардор бўлмаганини билдирган.

Берия ва унинг қўл остидагилари жазолангач улар томонидан содир этилган кўплаб ёвуз ишлар ошкор бўлади ва бу Голицинда коммунистик тузумга нисбатан нафрат уйғотади. Шундан сўнг у пайти келганда СССРдан қочиш ҳақида ўйлай бошлайди.

1953 йилда Голицин илк бор хорижга жўнатилади ва у бир ярим йил Австриядаги совет элчихонасида хизмат қилади. Ўша пайтда Австрияда кўп минг совет ҳарбийлари бўлиб, у ерда жуда кўплаб КГБ ходимлари хизмат қиларди.

Фото: simatmakina.com.tr

1954 йилда Голицин Австрияда эканида у билан бирга ишлайдиган КГБ биринчи бош бошқармаси ходими майор Петр Дерябин АҚШдан сиёсий бошпана сўрайди ва океан ортига қочиб кетади.

Гарчи Дерябиннинг бу режасидан Голицин умуман бехабар бўлса ҳам, Москвага чақириб олинади ва КГБ бош бошқармасида тергов қилинади.

Голицин шубҳалардан холи экани аён бўлгач қайта Австрияга жўнатилмайди ва КГБ биринчи бош бошқармасига ишга олинади. У стратегик режалар бўлимида ишлай бошлайди.

1960 йилда КГБ Голицинни Финландияга юборади. У СССРнинг Хелсинкидаги элчихонасига «Иван Климов» номи билан жойлашади. Голицин Финландияда ишлар экан, Ғарбга қочиш учун яхши имконият бўлганини англаб етади.

1961 йилда Голицин АҚШга қочиш ҳақида хотинига айтади ва у ҳам бунга рози бўлади. Майор бир неча ой Мосвадаги мактабда ўқиётган қизининг Хелсинкига келишини кутади.

Ўша йили декабр сўнгида қизи Хелсинкига етиб келгач Голицин МРБнинг Финландиядаги жосуси Фрэнк Фрайберг билан алоқага чиқади ва АҚШга қочмоқчи эканини айтади.

Шундан сўнг Голицинни хотини ва қизи билан бирга АҚШга ўтказиш режаси тузилади. Уларни аввал яширинча Швеция пойтахти Стокҳолмга олиб боришади, сўнг АҚШга жўнатиб юборишади.

Голицин АҚШда

Голицин КГБ биринчи бош бошқармасида ишлаганида у ғарб давлатларида ишлаётган КГБ жосусларининг маълумотлари сақланган базасига кира оларди.

Голицин Хелсинкига юборилишидан олдин КГБнинг ташқи разведкага оид кўплаб маълумотлари билан танишиб чиққан ва муҳим маълумотларни қайд этиб қўйганди.

Голицин АҚШда МРБ жосуслик бўлими бошлиғи Жеймс Энглтон билан кўришганда унга 22 та муҳим махфий маълумотларни беради.

Кейинчалик, Голицин Ғарбда ишлаётган 100 дан ошиқ КГБ жосусларининг исм-шарифлари ва лақабларини ошкор қилади. Жумладан, КГБнинг Ғарбдаги жосуслари Ким Филби, Доналд Маклейн, Гай Бержесс, Жон Вассал кабилар Голицин томонидан фош этилганди.

Шундан сўнг Ғарб давлатларида КГБ жосусларига нисбатан ов бошлаб юборилади.

Голицин МРБга махфий маълумотлар бериши ортидан КГБ дунё бўйлаб режалаштирган кўплаб операцияларини бекор қилишга мажбур бўлади.

Шунингдек, Голицин томонидан ошкор қилинган хорижий давлатларда ишлаётган кўплаб жосуслар СССРга чақириб олинади. Чиқиб кетишга улгурмаганлар қўлга тушади.

Голициннинг қочиши туфайли келиб чиққан сиёсий можаролар

Голицин КГБ билан ҳамкорлик қилган ғарбликларни фош қилар экан, 1964 йилда Британия бош вазири этиб сайланган Гаролд Вилсонни ҳам тилга олган эди. Голицин унинг КГБга муҳим махфий маълумотлар етказиб берганини айтади.

Гаролд Вилсон 1940-йилларнинг иккинчи ярмида Британия савдо вазири лавозимида ишлаган ва ўша пайтда совет сиёсатчилари Анастас Микоян ва Вячеслав Молотов билан дўстона алоқаларда бўлган. Табиийки, Вилсон ўзига қўйилган айбларни тан олмайди.

Фото: dailymail.co.uk
Гаролд Вилсон

Шунингдек, Голицин Лейбористлар партиясида Вилсон ўрнига раис бўлган Хью Гейтскеллни ҳам советлар фойдасига жосуслик қилган деб маълумот беради. У ҳам айбини тан олмайди. Аммо 1963 йилда Гейтскелл шубҳали тарзда ўлдириб кетилади.

Голициннинг Буюк Британиядаги таниқли сиёсатчиларини жосусликда айблаб чиқиши халқаро майдонда жуда катта акс садо беради.

Британия ташқи разведка хизмати Ми-5 Вилсоннинг фаолиятини синчиклаб текширади. У бир неча марта суҳбатга чақирилади. Аммо унга қўйилган айбларни исботлаб бўлмайди.

Гайтскеллнинг ўлимидан сўнг гарчи Вилсон «сувдан қуруқ чиқиб кетишга» ва Британия бош вазири бўлишга муваффақ бўлса ҳам, унга нисбатан билдирилган гумонлар сақланиб қолаверади.

1970 йилда Бош вазирликни топширган Вилсон 1974 йилда бу лавозимга яна сайланади ва бу сафар Британияни бор-йўғи икки йил бошқариб, истеъфога чиқади.

Голицин Британиядаги КГБ жосусларини фош этар экан, МИ-5 тарихчиси Кристофер Эндрю КГБ собиқ майори тўғри маълумотлар берганини ва унга ишониш лозимлигини ёзиб чиқади.

Голицин яна бир таниқли сиёсатчи, 1956-1982 йилларда Финландия президенти бўлган Урхо Кекконенни ҳам КГБ билан ҳамкорлик қилган шахслар рўйхатига қўшганди. КГБ собиқ майорининг кўрсатмалари туфайли шубҳа остида қолган Кекконен узоқ йиллар давомида КГБ билан ҳамкорлик қилмаганини таъкидлаб келади.

Голициннинг рўйхатида Франциянинг ўша пайтдаги президенти Шарл де Голлнинг ташқи разведка масалалари бўйича маслаҳатчиси Жак Фоккар, Жазоир бўйича маслаҳатчиси Луис Жокс, Франция ҳамкорлик масалалари бўйича вазири Жорж Горс ҳамда Франциянинг НАТО кенгашидаги вакили Жорж Пак ҳам бор эди.

Бу тўрт нафар француз сиёсатчиси орасида фақат Жорж Пакнинг КГБ билан ҳамкорлик қилгани исботланади. У 1963 йилда ҳибсга олинади ва 1964 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

НАТО кенгашидаги вакилининг КГБ билан ҳамкорликда айбланиши туфайли Франция ва ҳарбий иттифоқ ўртасидаги алоқалар анча совуқлашади. Оқибатда, 1966 йилда Франция бу ташкилот сафидан чиқиб кетади (Франция ҳарбийлари НАТО кучлари билан ҳарбий ҳаракатларда давом этган бўлса-да, фақат 2009 йилга келиб ташкилот сафига расман қайта қўшилган).

Голицин МРБда ташқи разведка бўлимини бошқарган Питер Карлоунинг ҳам КГБ билан ҳамкорлик қилганини айтади. Ҳақиқий исми Сергей бўлган Карлоу МРБнинг раҳбарларидан бири бўлиб, у россиялик муҳожир Клабенскийнинг ўғли эди.

Карлоу Голициннинг айбловларини рад этади. МРБ ҳам унинг КГБ билан ҳамкорлик қилгани ҳақида жўяли далил тополмайди. Шундай бўлса ҳам 1963 йилда Карлоу ўз вазифасидан озод этилади. Унга берилган унвонлар ва давлат мукофотлари қайтариб олинади.

Кейинчалик, 1980-йиллар охирида МРБ раҳбарлари Карлоунинг айби исботланмаганини айтиб, ундан узр сўрашади ва унвонлари ҳамда давлат мукофотларини қайтариб беришади.

Голициннинг ўлим жазосига ҳукм қилиниши

Голицин АҚШга қочиб ўтиб, кўплаб махфий маълумотларни МРБга ошкор қилар экан, КГБ буни умуман «ҳазм» қила олмасди. Ўша пайтда КГБ АҚШдаги жосусларига қандай қилиб бўлса ҳам Голицинни топиб йўқ қилиш бўйича топшириқлар беради.

Аммо КГБ нинг АҚШдаги жосуслари ҳарчанд излаб ҳам Голицин ва унинг оиласини топа олишмайди.

КГБ собиқ майори ва унинг оиласига АҚШда бошқа исм-шариф берилган ва МРБ томонидан усталик билан яширилганди.

Шундан сўнг СССРда Голицин ва унинг хотинига нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Уларни ватанга хиёнат қилишда айблашади.

1962 йилда СССР олий суди ҳарбий коллегияси Голицин ва унинг хотинига сиртдан ўлим жазоси беради.

Фото: corbisimages.com

Кейинчалик унга Жон Стоун исм-шарифи берилгани ва Виржиния штатидаги Вашингтон шаҳрига яқин жойда, Вена шаҳарчасида яшагани маълум бўлади.

Голицин ҳақида шубҳалар

СССР тарқаб кетгандан сўнг айрим рус тарихчилари, журналистлари ва блогерлари Голициннинг Ғарбга қочиб ўтганини шубҳа остида қолдирувчи материаллар эълон қилишади.

Уларга кўра Голициннинг АҚШга қочиб кетиши КГБ томонидан пухта ўйлаб амалга оширилган амалиёт бўлган.

Яъни КГБ Голицин ёрдамида МРБ ва МИ-5 сафида хизмат қилган АҚШлик ҳамда британиялик жосусларни шубҳа остида қолдириб, уларни сафдан чиқариш вазифасини олган.

Улар Голицин операцияси КГБ лойиҳаси бўлганига аниқ далил келтира олишмаган. Фақат СССРдан қуш ҳам учиб чиқа олмайдиган вазиятда Голицин хотини ва қизини совет иттифоқидан Финландияга осонгина олиб чиқиб кетганини шубҳа остига олишган.

Кўпчилик Голициннинг АҚШга қочиб кетиши КГБнинг махсус амалиёти бўлганига ишонмайди. Чунки у жуда кўп махфий маълумотларни ошкор қилган ва оқибатда бу КГБга қимматга тушган эди.

Голицин иккита китоб ёзган. Улардан бири 1984 йилда, иккинчиси 1995 йилда чоп этилган. Голицин ҳар иккала китобда ҳам асосан КГБда ишлаган даврлари ва бу ташкилот унинг махфий амалиётлари ҳақидаги маълумотларни келтирган.

Голицин 1984 йилга келиб АҚШ фуқаролигини олади. Ўша йили унга Британия империяси орденини ҳам беришади.

АҚШлик ёзувчи Юрис Голицин ҳақида «Топаз» номли асарини ёзган ва 1967 йилда китоб ҳолида чоп этилган. Кейинчалик машҳур режиссёр Алфред Хичкок «Топаз» романи асосида фильм суратга олган ва унда АҚШга қочиб ўтган КГБ ходимининг ҳаёти тасвирланган.

Голицин 2008 йилда 82 ёшида АҚШда вафот этади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top