12:41 / 25.01.2023
15162

“Мен ўтирган хона иссиқ, лекин қолганлари совуқ” – пойтахтдаги мактабларда дарслар бошланди

Январнинг сўнгги ҳафтасидан Ўзбекистондаги 10 мингдан ортиқ мактабда дарслар бошланди. Баъзиларида ўқувчилар “куртка”ларда ўтирса, баъзиларида устозлар “обогревател” олиб келишга мажбурланяпти. Мактабнинг иссиқлик таъминотига масъул ҳокимликлар эса ўқитувчиларга ОАВ учун изоҳ берилишига тақиқ қўйган.

Тегишли қоидаларга кўра, таълим муассасасидаги иш жойларида ҳаво ҳарорати ишнинг енгил ёки оғирлигига қараб 21, 17 ва 16 даражадан паст бўлмаслиги керак. Аммо мутахассисларга кўра, ҳозирги шароитда ўқувчилар таълим оладиган синфхоналарда ҳаво ҳарорати 18 даражадан пастламаслиги лозим. Хўш, ҳозирда шаҳардаги синфхоналарнинг термометри неча даражани кўрсатмоқда? Kun.uz мухбири пойтахтдаги 2 мактабда бўлиб, вазиятни ўрганди.

Дастлаб Чилонзор туманидаги 128-мактабга бордик. Таълим муассасасининг иссиқлик батареялари илиқ. 1-қаватдаги синфхонанинг ҳарорати 15 даража, юқоридагилари эса 16-18 даражада. Баъзи ўқувчилар хоналар иссиқлигини айтса, баъзилари дарсда устки кийимда ўтиришини, бироз совуқлигини билдирди.

128-мактаб синфхоналаридаги термометрдан олинган суратлар коллажи / Фото: Kun.uz

Маълумотларга кўра, 128-мактабда жами 475 нафар таҳсил олса, шунинг 292 нафари 1-сменага қатнайди.

“Бугунги ҳолат учун мактабга 192 нафар ўқувчи, 1-сменага қатнайдиган болаларнинг 65 фоизи келди. 25 фоизи онлайн таълимга ўтган. 5 фоизининг орасида эса касал бўлиб қолганлари ёки кейинги душанбадан чиқамиз деганлари бор. Мактабимиз тумандаги энг иссиқ мактаблардан бири деб топилди, лекин “Акфа” ромлари бўлишига қарамай, унинг устига ҳам целофан қоқдик, синфхоналарга термометрлар қўйдик”, – деди мактаб директори Дилноза Ибрагимова. 

Дилноза Ибрагимова 128-мактаб директори / Фото: Kun.uz

Интервьюни оларканмиз мактабга туман ҳокимининг ўринбосари етиб келди. Аммо кимнинг хабари билан келгани очиқланмади. 

“Чилонзор туманида жами 32 та мактаб бўлса, шундан 16 таси босқичма-босқич очилган. Шу мактабларга бориб, иссиқлик даражаси ўлчаниб, хонадаги ҳарорат 18 даражадан юқори бўлгани қайд этилгач, мактабларнинг очилишига рухсат берилди.

24 январ ҳолатига кўра, булар қаторига яна 6 та мактаб қўшилди. Шу билан туманда жами бўлиб 16 та мактаб очилди. Энди ҳозир 7 та мактабни очишга тайёргарлик кўряпмиз”, – деди ҳоким ўринбосари Алишер Ҳотамов

Алишер Ҳотамов Чилонзор тумани ҳокимининг ўринбосари / / Фото: Kun.uz

Унинг қўшимча қилишича, бу жараёнда ота-оналарнинг таклифи билан анъанавий шаклга ўтказилган мактабларда онлайн таълим ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, тумандаги барча мактабларни 30 январгача офлайнга ўтказиш режалаштирилган.

Шундан кейин навбатдаги манзилимиз Мирзо Улуғбек туманидаги 308-мактаб бўлди. Айтиш керакки, бу муассасада синфхоналардаги иссиқликни ўрганиш осон бўлмади. Ёритишимизга мактаб раҳбарияти тиш-тирноғи билан қаршилик қилди. Раҳбарият вакилига кўра, “тепа”дан ҳудуддаги барча умумтаълим масканларига ОАВ, хусусан, Kun.uz’дан кимдир келадиган бўлса, зудлик билан туман ҳокимияти матбуот котиби билан боғланиш кераклиги айтилган. 

Туман ҳокимиятини бохабар қилиш ҳақидаги хабардан сурат / Фото: Kun.uz

Шу бўйича хабар берилгач, 10 дақиқага қолмай туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Аброрхўжа Саидалиев етиб келди. У бундай хабар берилганини рад этиб, иситиш чораларини кўриш учун ҳокимиятдагилар масъул этиб тайинланганини тушунтира кетди.

Аброрхўжа Саидалиев Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари / Фото: Kun.uz

Бу ерда ҳокимият вакилларининг вазифаси ва ваколати Kun.uz ижодкорларига ҳам аён эди, аммо айни суриштирув вақтида ҳокимиятнинг бу жараёнга аралашуви тушунарли бўлмади.

Ҳокимият вакили ва муассаса раҳбарияти билан айланиш давомида барча болалар хоналар иссиқлигини айтишди. Қуёш тушганлари 21 даражани, тушмаганлари эса 13 даражани ҳам кўрсатди.

308-мактаб синфхоналаридаги термометрдан олинган суратлар коллажи / Фото: Kun.uz

“Синфхоналарда “куртка”да ўтирамиз”, “хоналаримиз озгина совуқ, лекин яхши”, “мактаб уйимдан иссиқ, бу ерга келсам мазза қиламан”, “бизнинг синфхонамиз иссиқ, қолган хоналар совуқ”, – деган ўқувчилар ҳам бўлди.

Умуман олганда, биз борган мактабларнинг аҳволи ёмон эмас, аммо яхши ҳам деб бўлмайди. Анчадан бери кузатилмаган совуқ мамлакатнинг куз-қишга тайёр бўлмаётганини яққол кўрсатди. Оқибатда ижтимоий соҳа вакиллари қийналишига тўғри келяпти. Ҳозирда офлайн таълимга ўтган баъзи мактабларнинг ўқитувчилари иситувчи қурилмалар олиб келишга мажбурланаётгани ҳам кузатилмоқда.

Ўқитувчилардан иситиш қурилмаларини олиб келиш талаб қилган ҳолатлар исботи 
Ўқитувчилардан иситиш қурилмаларини олиб келиш талаб қилгани ҳақидаги хабар / Фото: Kun.uz

Бунинг устига мактабларнинг буйруқбозлик бўғинига айлангани ҳам соҳаларда кўп ислоҳотлар қилиниши кераклигини эслатмоқда.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.

Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов.

Top