20:06 / 21.02.2023
13446
Реклама

Ўзбекистонда 2-15 МВт гача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқарилади

Эндиликда қуввати 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатлар “Made in Uzbekistan” миллий бренди асосида маҳаллийлаштириш доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Бугун, 21 февраль куни «Ўзбекгидроэнерго» АЖ катта мажлислар залида Жамият ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси раҳбарияти бошчилигидаги делегация вакиллари иштирокида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказилди.

Тадбир доирасида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда ХХРнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси президенти Хе Сзяндун томонидан инновацион лойиҳалар асосида локализация ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида қуввати 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

Мазкур Меморандум доирасида Хитой Халқ Республикасининг гидроэнергетика соҳасида 60 йилдан ортиқ юқори тажрибага эга бўлган Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан изчил ҳамкорликда мамлакатимизда Марказий Осиёда ягона бўлган қуввати 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Мазкур хорижий компания нафақат республикамизнинг гидроэнергетика соҳаси учун гидроагрегатларни ишлаб чиқаради, балки эндиликда Ўзбекистон орқали қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа давлатлар учун ҳам гидроагрегатлар ишлаб чиқарилади.

Маҳаллийлаштириш борасида гидроагрегатларни ишлаб чиқариш бўйича Жамият томонидан изчил ишлар амалга оширилиб, мазкур компания вакиллари билан ўтган йилнинг август ойидан буён ҳамкорлик борасида икки томонлама учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Мазкур ҳужжатга асосан, эндиликда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Хитойнинг Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда ҳар бир лойиҳа учун индивидуал ва эксклюзив бўлган гидроагрегатларни лойиҳалаштиради. Мазкур гидроагрегатлар «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг тизим ташкилоти ҳисобланган, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган «Энергоқурилишиндустрия» унитар корхонасидаги заводда ишлаб чиқарилади.

Таъкидлаш лозимки, Меморандум ҳамда тегишли келишув доирасида Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси томонидан 30 дан ортиқ муҳандис-инженерлар гидроагрегатларни ишлаб чиқариш жараёнида Жамият тизимидаги «Энергоқурилишиндустрия» УК заводида фаолиятини давом эттиради.

Айтиш лозимки, ушбу амалий ҳамкорлик доирасида юқори инновацион технологик қурилмаларнинг мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида илк бор ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади ҳамда маҳаллийлаштириш доирасида келгуси истиқболда молиявий сарф-харажатларни иқтисод қилишга, сифатли ва замонавий стандартларга асосланган агрегатларни ишлаб чиқарилишини ўзлаштиришга хизмат қилади.

Пировард натижада, хусусий сектор вакиллари, яъни тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. ГЭС қуриш борасида барча зарурий ускуналардан тортиб, 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни юртимиздан арзон нархларда сотиб олиш имконияти яратилмоқда.

Мазкур амалий ҳамкорлик натижасида мамлакатимиз гидроэнергетик салоҳияти янада ортади ҳамда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали тоза ва арзон электр энергия манбаини ишлаб чиқариш ҳажми кескин оширилади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати

Top