17:45 / 22.02.2023
15610

“Сўровнома талабалар учун эмас, тюторлар тўлдириши учун мўлжалланган” – вазирлик муносабати

Ижтимоий тармоқларда ОТМларда талабалардан тўлдирилиши сўралаётган сўровнома нусхаси тарқалди. “Эмоционал ва хулқ-атвор бузилишлари мавжудми?” “Атрофдагилар билан муносабатда агрессивми?” каби бандлардан иборат сўровнома кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Kun.uz ҳолат ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан изоҳ олди.

Ижтимоий тармоқларда “Талабанинг ижтимоий-психологик паспорти” номли сўровнома тарқалди. Талабаларга оид каналлардан бирида уни талабаларга тўлдириш учун беришгани айтилади. Сўровномада “Эмоционал ва хулқ-атвор бузилишлари мавжудми?” “Атрофдагилар билан муносабатда агрессивми?” каби бандлар ҳам бор.

Сал олдин Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ОТМ раҳбарларига юборган хати эътирозларга сабаб бўлганди.

Хатга кўра, ОТМ раҳбариятига барча талабаларни ўрганиб, уларни шартли 3 гуруҳга бўлиш: жиноятчиликка мойил, ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасидаги ва тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган талабалар рўйхатини шакллантириш ва ажратиб олинган талабаларга вазирлик, олий таълим муассасаларининг раҳбар-ходимларини бириктириш, уларнинг ота-оналари билан индивидуал суҳбатлар ташкил этиб бориш топшириғи берилган.

Махсус топшириқ хати ва кейинроқ тарқалган бу сўровнома сабаб ижтимоий тармоқ фаоллари олий таълимдаги ҳолат ҳақида фаол фикр билдира бошлашди.

Kun.uz мазкур сўровнома ҳақида маълумот олиш учун вазирлик матбуот хизмати билан боғланди.

Матбуот хизмати берган маълумотга кўра, бу сўровнома “Талабанинг ижтимоий-психологик паспорти” деб номланади ҳамда у тюторлар ва психологлар томонидан тўлдирилади.

“Талабанинг ижтимоий-психологик паспорти” ОТМ психологининг асосий ҳужжати ҳисобланади. Саволлар ҳам талабага бевосита қаратилмаган, учинчи шахс учун мўлжаллаб тузилган”, деб жавоб берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова.

Матбуот хизмати берган маълумотга кўра, президентнинг 2017 йилги қарори билан ОТМларда алоҳида штат асосида психолог хизмати ташкил этилган.

“Олий таълим муассасаларида турли нохуш ҳолатлар, суицид билан боғлиқ фожиаларнинг олдини олиш, талабаларнинг шахсий муаммоларини эрта аниқлаш учун талабаларнинг руҳий-психологик ҳолатини баҳолаш, уларнинг муаммо ва дардига ташхис қўйиш ҳамда шу асосда зарур психодиагностик, даволаш-профилактик ишларини йўлга қўйиш мақсадида психологлар тизимли ишларни ташкил этади.

Талабаларнинг ижтимоий психологик портрети шакллантирилиши психологларнинг фаолиятига доир асосий ҳужжатларидан бири ҳисобланади.

Ушбу масалаларнинг йўлга қўйилиши пировард натижада ёшлар ҳаётидаги стресс ҳолатлар, узоқ муддатли депрессия, сурункали депрессия, сурункали тушкун кайфият, муомаладаги қийинчиликлар, шахсий ва ижтимоий психологик муаммоларнинг асл сабаблари аниқланиб, уни бартараф этиш орқали ёшлар ҳаётини, тақдирини, келажагини тўғри ўзанга буришда муҳим аҳамият касб этади”, дейилади вазирлик маълумотида.

Top