19:40 / 03.03.2023
45693

Дунёвийлик нима ва у Ўзбекистон учун нега муҳим?

Ўзбекистоннинг рақобатдош, ҳуқуқий демократик давлат бўлишининг шартларидан бири – виждон ва дин эркинлигини таъминлашдир. Виждон ва дин эркинлиги таъминланиши биланоқ, Ўзбекистонда демократик трансформация учун йирик қадам ташланган бўлади.

Зомин тумани / Фото: Kun.uz

Дунёвийлик, ёки секуляризм – бу сиёсий ҳокимият ва маъмурий бошқарувни ташкил қилишдаги тамойил бўлиб, унинг тарихий илдизлари толерантлик-бағрикенгликка бориб тақалади. Ижтимоий тинчликни таъминлаш мақсадида, ҳуқуқий-демократик давлатлар иккита асосий вазифани бир вақтда таъминлаш масъулиятини олишади: ҳар бир шахсга виждон ва дин эркинлигини кафолатлаш ва айни пайтда, ҳамманинг тенглигини таъминлашдир.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун, икки муҳим шарт олдинга сурилади. Биринчиси, сиёсий ҳокимиятнинг ва бошқарув маъмуриятининг барча буғинларини диний позиция ва диний институтларга нисбатан нейтраллигини ва улардан ажратилганлиги ҳисобланади.

Нейтраллик деганда, давлатнинг ҳар қандай виждоний қарашга, ҳоҳ у диний бўлсин ёки бўлмасин, на ён босмаслигини, на унга қарши фаолият олиб бормаслигини назарда тутади. Яъни давлат барча виждоний қарашлар ва динлардан масофада туради, улардан баъзиларини позициясини давлат позицияси қилиб олмайди, ва ёки, уларни баъзиларига қарши фаолият олиб бормайди.

Динлардан ажратилганлиги деганда, давлат ўзининг легитимлигини жамиятдаги бирон бир фалсафий қараш, диний позиция билан боғламайди. Яъни жамиятда диний масалада турфахиллик бўлар экан, давлат на диний кўпчиликнинг ва на камчиликнинг тарафида бўлади, ўзининг легитимлигини кўпчилик ёки камчилик билан боғламайди, ҳаммага бирдек ҳуқуқий позициядан туриб муносабат-муомала қилади.

Ҳар бир жамиятнинг ўтмишидан келиб чиқиб, у ёки бу қадриятни маълум траекторияда талқин қилиш мойилликлари бўлади. Ўзбекистон дунё тарихида энг катта атеистик давлат ҳисобланмиш собиқ СССР таркибида бўлиб келган. Атеизм – мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан ўта тажовузкор мафкура сифатида, мустақил Ўзбекистон жамияти зеҳниятида ўз асоратларини сақлаб қолмоқда.

Бу асорат, биринчи ўринда демократик-ҳуқуқий давлатлар амалиётида кенг илдиз отган “секуляризм” қадриятини талқин қилишда сезилади. Ўзбекистонда, мутлақ аксарият ҳолларда “дунёвийлик” давлатга/ҳокимиятга/ҳукуматга эмас, жамиятга талаб сифатида талқин қилинади. Дунёда “виждон ва дин эркинликлари”, “ҳуқуқий давлатчилик ва секуляризм” борасида жуда чуқур ўйланган ва мантиқан асосланган тамойиллар шаклланган.

Бу тамойилларда деярли универсал мантиқни кузатиш мумкин. Юқорида айтилгани каби, бу мантиқнинг замирида, бир томондан шахс ва жамиятнинг имкон қадар эркин бўлиши, ва бу эркинлик чегаралари фақатгина бошқа шахс эркинликлари сарҳадида тугаши назарда тутилади.

Иккинчи томондан, шахсларнинг тенглигини таъминлаш назарда тутилади. Бошқача қилиб айтганда, “секуляризм”, “дунёвийлик” тамойилининг биринчи ва марказий талаби – маъмуриятга, ҳокимиятга, ҳукуматга қаратилган бўлиб, давлатнинг динларга ва фалсафий қарашларга нисбатан нейтрал бўлиши назарда тутилади.

Мисол учун, Ўзбекистон ва ёки ҳар қандай бошқа давлатда динлар, мазҳаблар, фиқҳий мактаблар, фалсафий қарашлар (жумладан, агностиклар ва атеистлар) ва уларни эътиқод даражаси, диндорлик даражасига кўра турфа қарашлар бўлар экан, ҳуқуқий секуляр давлат улар билан қандай муомала қилади?

Агар, давлат улардан бирини ёнини олса, жумладан, улардан бирининг қарашларини давлат қарашига айлантирса, табиий равишда, бошқаларга нисбатан нохолис ва ёки репрессив сиёсат пайдо бўлади.

Ўзбекистон мустақилликдан бошлаб, ўтган 27 йил давомида айнан нохолис ва репрессив сиёсат юритганлиги янги маъмурият томонидан ҳам тан олинди. Ўзбекистон олдинги маъмуриятини виждон ва дин борасидаги сиёсатини “куч билан жамиятни дунёвийлаштириш сиёсати”, “аҳолининг диндорлик даражаси билан курашиш сиёсати” деб номлаш мумкин холос.

Чунки давлатнинг сиёсати шахс эркинликларини бузган ҳолда, одамларнинг виждон ва диний эркинликларини жиддий, тизимли ва қўпол бузган ҳолда амалга оширилди. Давлатнинг олдига қўйган мақсади – барча динлар ва фалсафий қарашлардан дистанция сақлаш, нейтрал туриш эмас, босим ўтказиш ва маҳрум қилиш инструментлари орқали жамиятни диндан узоқлаштириш, уларни диндорлик даражасини имкон қадар паст ушлаб туришга тизимли ва қатъий ҳаракат қилинганди.

Ҳуқуқий-демократик давлатларда Конституцион судлар, судларнинг ҳар хил қуйи инстанциялари, давлатнинг динлар билан мулоқот қилувчи махсус муассасалари доимий равишда энг малакали интеллектуал экспертиза билан шуғулланишадики, улар, бир томондан шахсий эркинликларни таъминлаш, бошқа томондан, давлатнинг нейтраллигини таъминлаш билан шуғулланишади.

Ўзбекистон давлати, Конституцияга кўра, ўзига ҳуқуқий-секуляр тизимни таъминлаш масъулиятини олган. Мана, кейинги йиллар ичида Ўзбекистон дунё стандартларидаги қадриятлар, стандартлар ва қарашлар билан ҳисоблашиш муҳимлигини тан олди, олдинги иҳоталаниш сиёсатидан воз кечди.

Ўтган даврда Ўзбекистондаги энг марказий зиддиятлар чизиғи – давлатнинг экстремал дунёвий қарашлари ва жамиятнинг диний эҳтиёжлари ўртасида кечди. Натижада, Ўзбекистон диний-сиёсий маҳбуслар сонига кўра, МДҲ давлатлари орасида мутлақ лидер бўлди. Айнан диний соҳадаги репрессияларни деб, Ўзбекистон давлатчилиги ўзининг қимматли репутациясидан айрилди.

Ўзбекистон каби давлатда демократик-ҳуқуқий тизим шакллантириш учун нега виждон ва дин эркинлиги бу қадар муҳим? Сабаби оддий. Ўзбекистонда, тарихан диний ўзлик жуда кенг, чуқур ва кучли бўлган. Жамиятда эркинлик илдиз отишининг биринчи шартларидан бири ҳам – диний эркинликлар. Ўзбекистонда демократия, яъни кўпчиликнинг иродаси ифода этилишининг биринчи қадами – бу виждон ва дин эркинлигидир.

Айни пайтда, Ўзбекистон жамиятига, халқига виждон ва дин эркинлигини тушунтириш керак. Чунки виждон ва дин эркинлиги – бу диний соҳадаги гармонияни англатмайди. Жамиятда агностиклар, атеистлар, бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин яшаши, фаолият олиб боришини кафолатлайди. Бу эса ҳаммага ҳам ёқавермаслиги мумкин. Бошқача қилиб айтганда, одамлар ўзларининг виждон ва дин масалаларида эркин бўлишини исташса, бошқача қарашлар ҳам борлигини ва уларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари борлигини тан олишлари, сабр қилишлари, ҳурмат билан муносабатда бўлишлари талаб қилинади.

Виждон ва дин эркинлиги – ўзаро мулоқот, баҳсларни инкор қилмайди. Чунки динлар ва виждоний қарашлар ҳар доим олий ҳақиқат борасида баҳслашади. Виждон ва дин эркинлиги, инсонларнинг эркин бўлишини, қонун олдида тенг бўлишини, давлат институтлари ва мулозимларининг нейтрал бўлишини ва одамларнинг бошқалар билан мулоқотини маданиятли – жабр-зулмларсиз кечишини талаб қилади холос.

Ўзбекистонда ҳалига қадар виждон ва дин эркинлигини таъминлашнинг давлат учун қулай формуласи топилгани йўқ. Ҳукуматда “агар диний соҳада тўлиқ эркинлик берилса, диний фон ошиб кетади ва жамиятда диний радикализм кучайиб кетиши мумкин” деган норасмий хавотир мавжуд. Бу хавотир қисман асосли ҳам бўлиши мумкин.

Чунки жамиятимизда ҳали ҳуқуқий маданият анча заиф. Одамлар виждон ва дин эркинлиги тамойилларини яхши тушунмайди. Жамиятда жиззакилик, бироз агрессивлик, ёпиқлик ҳам бўлиши табиий. Лекин давлат виждон ва дин эркинлигини кенгайтириш борасида аниқ стратегияга эга бўлиши керак.

Мисол учун, йиллар давомида виждон эркинлиги ва диний эркинликларни амалий ишлар билан парваришлаб бориш, жамиятга бу тамойилларни кенг тушунтириш керак. Ўзбекистонда виждон ва дин эркинлиги етарли даражада таъминланганда, демократия учун кучли пойдевор қўйилган бўлади.

Ўзбекистонда демократия бўлганида эса, миллий бойлик яратиш жуда тезлашади. Геосиёсий мустақил ҳамда қудратли субъект бўлиш салоҳиятини тўлиқ қўлга киритган бўлади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзу
Раббимов фикри
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz'даги муаллифлик колонкаси
Барчаси
Top