19:20 / 03.03.2023
13114

Мирзиёев ва Тўқаев Чимкентда норасмий учрашув ўтказди

Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

3 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Чимкент шаҳрида норасмий учрашув ўтказди.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари икки мамлакат Бош вазирлари ўринбосарлари, махсус ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг имзоланган битимлар ва қабул қилинган қарорлар ижросининг бориши тўғрисида ҳисоботларини тингладилар. Президентлар саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берди», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилган. Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган.

Оқ ўрда матбуот хизмати томонидан ҳам «Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида ўтган учрашувида икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболлари атрофлича муҳокама қилингани» айтилган.

«Президентлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармояларни жалб этиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди», дейилади хабарда.

Шунингдек, минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Top