11:32 / 04.03.2023
4562

Саудия Арабистони Ўзбекистонда «яшил» водород ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурмоқчи

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Саудия Арабистони ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Суҳбатда компаниянинг мамлакатдаги лойиҳалар портфелини амалга оширишнинг долзарб масалалари ҳамда томонларни қизиқтирган соҳаларда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Сирдарё, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида умумий қуввати 2,6 ГВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Лойиҳаларни режадан олдин ишга тушириш мақсадида олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар комплексини кўришга келишилди.

Биргаликда ҳаётга жорий этилиши режалаштирилган бир қатор янги лойиҳалар кўриб чиқилди. Алоҳида тартибда Ўзбекистонда “яшил” водород ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қуриш режалари муҳокама қилинди.

Томонлар кимё саноати, банк, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги инвестициявий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни ўз вақтида ва муваффақиятли амалга ошириш доирасида манзилли чора-тадбирлар кўришга келишиб олди.

Top