13:06 / 11.03.2023
18787

Нукусдаги портлашда вайроналар остидан олиб чиқилган 5 ёшли қизча вафот этди

Шифохонада даволанаётган қизча ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги сабаб 8 март куни оламдан ўтган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2023 йил 29 январ куни тунда Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида газ портлаган ва унинг бир қисми вайрон бўлганди. Қутқарув ишлари давомида вайроналар остида 4 кишининг жасади ва 5 ёшли қизча жароҳатланган ҳолда топилганди.

Gazeta.uzʼнинг хабар беришича, 2023 йил 8 март куни 5 ёшли Элвира Тирнакова ҳам шифохонада вафот этган.

Маълум бўлишича, Э.Тирнакова 30 январ куни вайроналар остидан олиб чиқилиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалига ётқизилган. 8 март куни унда биологик ўлим ҳолати қайд этилган. Бунга ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.

Марҳума қизчанинг тиббиёт варақасида ёпиқ мия шикастланиши, мия чайқалиши, бурун, юқори лабда кўкаришлар, иккала оёқнинг пастки қисми шикастланиши ёзилган. Бундан ташқари, даволаш давомида қизчада анурия босқичида ўткир буйрак етишмовчилиги, оғир эндоген интоксикацияси, сепсис, токсик миокард, токсик гепатит, органларнинг етишмовчилиги кузатилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра Нукусда уй вайроналари остида қолиб ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари бир оила аъзолари, кекса ёшдаги аёл, унинг келини ва икки нафар набираси бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни соат 16:15 атрофида Нукус шаҳри «Темир жол» МФЙда жойлашган 4 қаватли уйда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлганди. 30 январь куни ФВВ вайроналар тагидан 5 ёшли Тирнакова Элвира қутқариб олинганини маълум қилганди.

Аввалроқ ушбу оилада яна икки киши — қизчанинг онаси ва 100 кунлик чақалоқ ҳам портлаш оқибатида вафот этган.  

Top