11:44 / 16.03.2023
15844

Тбилисини тинч йўл билан маҳв этишга чоғланган Москва — Гуржистонда чет эл агентларига қарши қонун нега керак бўлди?

Чет эл агенти тўғрисидаги ташаббус нега керак бўлиб қолди, нега Гуржистон ҳукуматини Кремл билан алоқаларда айблашмоқда, собиқ президент Михаил Саакашвили озодликка чиқариладими?

Тбилисидаги намойишчилар ғалабани нишонламоқда: чет эл агентлари тўғрисидаги можароли қонун лойиҳаси парламентдан чақириб олинди. Фото: Константин Волков/news.ru

«Гуржистонча Майдан». Чет эл агентлари тўғрисидаги қонун туфайли Тбилисида алангалаган ва ўз ниятига етган норозиликлар шундай аталди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси мамлакатда сўз эркинлигини чекловчи можароли қонунни чақириб олди. Бироқ ҳукумат ниятидан тўлиқ чекингани йўқ, халқ тинчланиши билан қонун лойиҳасига яна қайтишни ваъда қилмоқда.

Чет эл агентлари тўғрисидаги ташаббус нега керак бўлиб қолди, нега Гуржистон ҳукуматини Кремл билан алоқаларда айблашмоқда, собиқ президент Михаил Саакашвили озодликка чиқариладими? Гуржистон жамоатчилик ишлари институтининг халқаро муносабатлар мактаби раҳбари ва сиёсатшунос Торнике Шарашенидзе шу саволларга жавоб берди. У Гуржистон миллий хавфсизлик Кенгашининг собиқ таҳлилчиси, Гуржистон бош вазирининг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

— Намойишлар тугади, одамлар ўз ниятига етди, дейиш мумкинми?

— Ҳа, қонун лойиҳаси чақириб олинди. Намойишчилар ўз ниятига етишди. Менимча, шу билан намойишлар тугади. Норозиликларни ҳукуматни истеъфога чиқариш талабига айлантирмоқчи бўлганлар ҳам топилиши мумкин. Лекин улар катта ютуққа эриша олмайди. Биринчидан, чет эл агентлари тўғрисидаги қонунга қарши турган талабалар ҳукуматни ағдаришга чиқмайди. Иккинчидан, ҳукмрон партия позициялари бироз тебранган бўлса-да, ҳали мухолифат кучайгани йўқ. Яъни «Гуржистон орзуси» машҳурлигининг пасайиши мухолифатидаги «Ягона миллий ҳаракат» кучайишини англатмайди.

— Умуман, рўй берган норозиликлар — бу халқ ғалаёни ва унинг ортида ҳеч қандай мухолифат тургани йўқми?

— Албатта тургани йўқ! Халқ ўзи чиқди. Айниқса ёшлар. Ҳеч қанақа ташкилотчи, ҳеч қанақа мухолифат бош бўлгани йўқ. Бу ўз-ўзидан пайдо бўлган норозилик.

— Ҳукумат ҳужжатни вақтинчалик қайтариб олгани, халқ тинчлангач яна унга қайтишини айтди. Одамларни чет эл агентлари тўғрисидаги қонун заруриятига ишонтирса бўлади, деб ўйлайсизми?

— Айтиш қийин, лекин бир нарсада ишончим комил. Қонуннинг қайтариб олинишига Москва қандай реакция билдирганига қараб, у парламентга Кремл томонидан босим ё таҳдид туфайли киритилганига қарийб 100 фоиз ишонаман. Акс ҳолда, ҳукмрон партия ҳужжатни бу қадар фаол лобби қилишини тушуниш қийин.

Яна бир тушунтириш — «Гуржистон орзуси» фаросат ва ўз ҳаддини билишни шу қадар йўқотиб қўйган, лекин бунга ишониш қийин. Партия позициялари ҳамон кучли, уларга ўз ҳокимиятини янада кучайтириш учун бу қонуннинг аслида кераги ҳам йўқ. Уларга ҳеч ким жиддий таҳдид қилмоқчи эмас. Мухолифат эса ўта кучсиз.

Лекин, келинг вазиятга бошқа томондан қарайлик.

Агар бу қонун қабул қилинганида, у учун овоз берганларнинг ҳаётини жуда қийинлаштириб юборган бўлар эди. Ташаббускорларнинг барчаси ғарб санкциялари остига тушарди. Бундан ким манфаатдор?

Ё ҳукумат эсини йўқотган, ё бу қонун Кремл босими ҳосиласи.

— Москвада Гуржистон ҳокимиятига босим қилиш учун ресурслар борми ўзи?

— Маргарита Симонянни ўқинг. Қонун лойиҳаси чақириб олингач, у Гуржистон билан «пачакилашиб» ўтирмасдан, дарҳол Тбилисига ўт очишга чақирди. Бунақа баёнотлар қилинар экан, демак ресурслар ҳам етарли.

— Агар ресурс бор деб тахмин қилинганда, стратегия қандай бўлмоғи керак. Россия Гуржистонда нималарга эришмоқчи?

— Россия пропагандаси риторикасида танклар пайдо бўлди, демак, Кремл Гуржистонни Украинадан кейинги нишон сифатида кўрмоқда. Афтидан, Москва Тбилисини тинч йўл билан қўлга киритмоқчи. Агар бунинг имкони бўлмаса, Симонян айтган йўл ишга солинади — танклар.

— Агар бу қонунни яна илгари сура бошлашса намойишлар такрорланадими?

— Албатта. Қонундан тамомила воз кечилмаса, одамлар яна кўчаларга бош кўтариб чиқишади.

— Намойишчиларни президент Саломе Зурабишвили ҳам қўллаб-қувватлади, гарчи Гуржистон сиёсатида унинг роли тўйдаги генерал хотиндек бўлса ҳам. Қонун чақириб олинишида унинг фикри ҳам таъсир ўтказдими?

— Унинг овози намойишларни қўшимча тарзда легитимлаштирди, холос. Умуман, Гуржистон президенти ваколатлари жуда чекланган. Зурабишвилига келсак, 2018 йилги сайловларни ҳам у жуда катта қийинчиликлар билан ютган. Унинг ғалабаси учун бутун ҳукмрон партия, катта маъмурий ресурс сарфлаб ишлаб берди. Унинг жамиятдаги машҳурлиги шубҳа остида. Бироқ унинг намойишчиларни қўллагани фойдага ишлади.

Гуржистон жамоатчилик ишлари институтининг халқаро муносабатлар мактаби раҳбари ва сиёсатшунос Торнике Шарашенидзе. Шахсий архивдан

— «Гуржистон орзуси» асосчиси, бизнесмен ва олигарх Бидзина Иванишвилини Кремл билан алоқадорликда айблашади. У ўз пулларини Россияда ишлаб топганига ишора қилишади. У ҳамон Россия билан алоқаларни сақлаб тургани борасида аниқ далиллар борми?

— Мен суриштирувчи эмасман, мен Гуржистонда ёзилаётган ва гапирилаётган гаплар бўйича хулоса чиқара олмайман. Кремл, табиийки, қандайдир таъсир ричагларига эга.

Асосийси, Москва қонун лойиҳаси чақириб олинганига қандай реакция билдирганини кўрдим. Гўёки уларнинг талаби бажарилмагандек қабул қилинди. Шу билан барчаси тушунарли.

— Агар мантиқан ўйлаб қаралса, Гуржистон учун чет эл агентлари тўғрисидаги қонун нима учун керак? Ҳукумат ўз адресига ОАВ томондан ёғдирилаётган танқидлардан норозими?

— Ҳамма гап шунда-да. Соғлом фикр нуқтайи назаридан, бу қонун нега тўсатдан керак бўлиб қолганини ҳеч ким тушунмайди. Ҳаттоки ҳукуматни танқид қилаётган ОАВ ҳам «Гуржистон орзуси» монополиясига таҳдид сола олмайди.

Агар парламент қонунни тасдиқлаган тақдирида ҳам, барча медиага чет эл агенти ёрлиғи ёпиштирила бошланар эди, деб ўйламайман. Шундай бўлган тақдирда ҳам «чет эл агенти» ёрлиғига эга ОАВни ўқимай, кўрмай қўйишармиди? Сафсата! Ягона сабаб: Россия Гуржистоннинг жаҳон саҳнасидаги нуфузини яксон қилмоқчи бўлди. Бу йўлда чет эл агентлари тўғрисидаги қонун жуда қўл келадиган восита.

— Нега чет эл агентлари тўғрисидаги қонунга қарши намойишлар бу қадар оммавий бўлди, аммо одамлар собиқ президент Михаил Саакашвилини қўллаш учун истамайгина чиқишмоқда?

— Такрорлайман: мухолифат жуда кучсиз. Талабалар кўчага чет эл агентлари тўғрисидаги қонунга қарши, яъни демократияни ёқлаб чиқишди. Улар собиқ президентни қўллаб учун намойишга чиқмоқчи эмас. Саакашвили — бу кечаги кун. Иванишвили — бугунги. Эртанги кун ҳозирча кўринмаяпти.

— Одамлар қамоқхонада ўлай деб турган ислоҳотчи президент тақдирига нега бу қадар бефарқ?

— Саакашвили қамоқхонада эмас, у касалхонада, врачлар назорати остида. Албатта, унинг яхши аҳволда эмаслиги таассуфли. Бироқ, бошқа томондан уни ҳеч ким бу ерга ўғирлаб келтиргани йўқ. Унинг ўзи Гуржистонга келиб, чегарани ноқонуний кесиб ўтди. Собиқ президент ватанида унга нисбатан жиноий ишлар очилганини билар эди, лекин қўрқув ва таҳдидни ўз гарданига олиб, барибир келди. Лекин Саакашвили учун гуржилар Майдан ташкил қилишмайди. Унинг учун ҳеч ким ўлмоқчи эмас.

— Нега? У Гуржистонда машҳур эмасми ёки ватанида унинг ҳеч қандай сиёсий келажаги йўқми?

— У томонидан асос солинган «Ягона миллий ҳаракат» ҳамон Гуржистондаги энг кучли мухолиф партиялигича қолмоқда. Унинг рейтинги қарийб 20 фоиз атрофида. Аслида бу кўпдек. Лекин унинг ортида халқнинг катта қисми тургани йўқ. Саакашвили ватанида уни қамоқ кутаётганини била туриб келди. Энди ўзининг озод қилинишини талаб қилмоқда. Уни қандай озод қилиш мумкин? Инқилоб қилиш керакми? Ахир бу ғирт бемаънили-ку?!

— Гуржистон жамиятида Саакашвилини нимча учун танқид қилишади? Унинг нимасини кечира олишмайди?

— Ҳа, Саакашвили Гуржистонда ислоҳотлар ўтказди. Мамлактимизни фаолият кўрсатаётган давлатга айлантирди. Лекин нима учун 2012 йилда унинг партиясига овоз беришмади ва бир йилдан сўнг унинг ўзи ҳам президентликдан кетди? Чунки инсон ҳуқуқларини топташ борасида оммавий ҳолатлар рўй берган эди. Собиқ президентнинг ўзи ҳам ҳокимият тепасида ўтирганида жиддий хатоларга йўл қўйганини тан олган. Агар ўшандаёқ сиёсатдан кетганида, ҳозир ҳам унинг рейтинглари баланд бўлган бўларди. Унинг ҳамма ёмонликларини унутиб, яхшиликларини эслаб қолишарди. Лекин у сиёсатда қолди. Гуржистонга қайтди. Афтидан, янги инқилобдан умид қилиб қайтган. Амалда ундай бўлиб чиқмади.

— Жаҳон ҳамжамияти босими остида Саакашвилини озодликка чиқариш сценарийси нечоғлик эҳтимолли?

— Эҳтимоли паст. Саакашвили кечирим сўраса ҳам уни озод қилишмаса керак. Чунки бу шунчаки осон эмас. Унинг узр сўрашини кутиш ҳам ярамайди. Шахс миқёсида у туркларнинг Мустафо Камол Отатуркига менгзалади ва ўзини ҳам гуржи миллатининг оталаридан бири ҳисоблайди. Ҳа, Саакашвили кўплаб ислоҳотларни ўтказган. Лекин на у, на унинг ҳаммаслаклари ўз хатолари устида бош қотиришган. Агар одамлар улардан рози бўлганида, 2012 йилда яна қайта сайлаган бўлишармиди. Лекин бундай бўлиб чиқмади. Нега? Чунки мамлакатда ҳаммаси жойида эмасди.

Бугун Саакашвили партиясининг антирейтинги унинг рейтингидан юқорироқ экани ўтмишдаги хатолар натижасидир, гарчи унинг партиядошлари буни тан олишни истамаса-да.

Михаил Саакашвили Киевда Украина хавфсизлик хизмати томонидан ушланган пайт. Фото: Evgeniy Maloletka / АР

— Бироқ Саакашвили узоқ вақт Украинада яшади. Бу вақт ичида у нафақат гуржи, украин сиёсатчиси сифатида ҳам қабул қилина бошлади. Наҳотки шу вақт ичида «Ягона миллий ҳаракат» партияси собиқ етакчиси билан боғлиқ бўлмаган йўналиш эълон қила олмади?

— Шу давр ичида унинг партияси ҳукуматда эмас, мухолифатда бўлди. Мухолифатда нима ҳам қилиш мумкин? Фикримча, уларда қайта қуриш, ўз сафларини янгилаш имконияти бор эди. Лекин бу қўлдан бой берилди. Бир неча йил аввал ТИВнинг собиқ раҳбари Григол Вашадзе партияга етакчи бўлди. У мухолифатнинг янги етакчиси бўла олмади, тўғрироғи бунга изн беришмади. Ребрендинг, модернизация, қайта қуриш, сафларни янгилаш — «Ягона миллий ҳаракат» уддалай олмаётган нарсалар.

— Саакашвили Гуржистонда демократия ва мухолифатни қутқариб қолиш учун қайтиб келганини баён қилди. Лекин у ўз фигураси ва харизмаси билан мухолифатда янги ва ёш етакчилар пайдо бўлишига халақит қилмайдими?

— Қандайдир даражада халақит қилади. Сиёсатчиларнинг кекса авлоди ёшларга йўл бермайди. Гарчи ёшлар орасида ҳам ёрқинликда ва ажойибликда улардан кам бўлмаган етакчилар топилса-да. Ҳозирча улар жиддий сиёсий таъсир борасида мақтана олишмайди.

Янги етакчилар пайдо бўлишига халақит қилаётган яна бир сабаб — ОАВнинг монополлаштирилгани. Бир томондан қараса медианинг катта қисмини «Гуржистон орзуси» назорат қилади, бошқа томондан барча мухолифат ресурслари «Ягона миллий ҳаракат»га ишлайди. Бу жиддий муаммо.

Янги, ёш етакчилар ўзлари ҳақида Facebook, TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали фаолроқ чиқиш қилишлари керак. Бироқ бу ресурслардан ҳозирча сиёсий мақсадларда жуда кам фойдаланилмоқда. Эҳтимол, бунга рағбат йўқлигининг сабаби ҳам ОАВнинг ҳокимият ва саакашвилипараст партиялар томонидан монополлаштирилганидир.

— Украинадаги етакчиларнинг Саакашвилини озод қилишга чақирувларига қандай қарайсиз? Бу ҳаракатлар Гуржистон ҳукуматига таъсир ўтказадими?

— Ўз баёнотлари билан украин сиёсатчилари Гуржистондаги ички сиёсий вазиятдан мутлақо бехабарликларини намойиш этишмоқда. Улар ўз чақириқлари билан одамларни кўчага чиқара оламиз, Миша озод бўлади ва яна сиёсат билан шуғуллана бошлайди, дея хомтама бўлишмоқда.

Гуржистон жамиятида Саакашвили мамлакатда амалга оширган ёвузликлари учун жазони ўташи кераклиги борасида талаб бор. Украинада буни тушунишмаяпти, чоғи.

— «Гуржистон орзуси»ни россияпарастлик, ҳокимиятни узурпация қилганлик ва авторитаризмни кучайтираётгани борасида қанчалик танқид қилишмасин, партия ҳамон кўпчилик овозни ушлаб турибди. Нега?

— Биринчидан, «Гуржистон орзуси» — Саакашвилига ён босувчи «Ягона миллий ҳаракат»га бош муқобил. Мухолифатнинг антирейтинги унинг рейтингидан юқори ва ҳукмрон партия мана шу қартани ўйнаяпти. Иккинчидан, машҳурликни ушлаб туришни маъмурий ресурс таъминламоқда. Учинчидан, мухолифат бирлаша олмаяпти. Тарқоқлик ҳолатида улкан маъмурий ресурсга эга ҳукмрон партияни ютиш жуда қийин бўлади.

— Жаҳон ОАВига ишонилса, Бидзина Иванишвили Кремлнинг Гуржистондаги ягона агенти. У ўзини омма олдида қандайдир кўринишда намоён этадими?

— Мутлақо. Иванишвили оммага таниш инсон эмас. Лекин у мамлакатдаги асосий сиёсий қарорларга таъсир ўтказа олади, деб ҳисоблаш учун асослар бор. Шунчаки, буни у қандай амалга оширишини ҳамма ҳам билмайди.

Бидзина Иванишвили (чапда) ва унинг «Гуржистон орзуси» партияси етакчиси Ираклий Кобакидзе. Фото: Малхаз Чубабрия/Wikipedia.org

Тўғриси айтганда, у истеъфога чиқишни орзу қилади. Лекин бу орзусини нега амалга ошира олмаётгани — бошқа масала.

— Нега?

— Иванишвилининг муаммоси нимада? У Гуржистонда яшашни истайди. Лекин ўзи ва оиласи хавфсизлиги, капиталларини сақлаб қолиш учун мамлакатдаги сиёсий вазиятни ҳам назоратида ушлаш муҳим. Бунинг учун Гуржистонни унга садоқатли инсонлар бошқариши керак. Аммо баъзан бу инсонлар нотўғри қарорлар қабул қилишади ва вазиятни ўнглаш учун унинг шахсан ўзи аралашишга мажбур бўлади. Иккиланишлар шу ерда — кетгиси ҳам келади, қолмаса ҳам бўлмайди. Кетса-ю, усиз ҳаммаси дабдала бўлса-чи?

— Нега мухолифат бирлаша олмайди?

— Бу ерда омиллар сони кўп. Мухолиф партиялар бир-бирини ёмон кўради. Бирлашишга Саакашвили омили ҳам халақит қилади. Кўплаб мухолиф кучлар собиқ президент ва унинг партияси билан биргаликда эсланишни исташмайди. Лекин ҳокимиятга рақобатда бўлганларнинг барчаси алоҳида ҳолда «Гуржистон орзуси»ни жойидан қўзғата олмасликларни яхши билишади. Лекин улар бир-бирига ён беришга тайёр эмас. Ёпиқ доира ичида депсиниб туриш ҳам ҳукмрон партия ҳокимиятни осонгина ушлаб туриши учун шароит яратмоқда.

— Яъни Гуржистонда худди Россиядагидек кўп тилга олинган барқарорлик фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларидан ҳозирча устун бўла олгани йўқ?

— Барқарорлик ва тинчлик, албатта, муҳим. Лекин қандай баҳо эвазига қўлга киритилаётганига ҳам қараш керак. Агар чет эл агентлари тўғрисидаги қонун қабул қилинганида у демократик йўлдан оға бошлашни билдирарди. Бу қонундан кейин Кремл янги талабларни қўя бошларди. Масалан, конституцияга ўзгартиришлар киритиш, НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлидан воз кечиш. Албатта, «рус дунёси»ни Гуржистонга тинч йўл билан ёйиш ҳам арзон, ҳам чиройли, лекин танклар доимо ҳозир-у нозир.

Мен Гуржистондаги вазият Украинадаги уруш қандай якунланишига тўғридан тўғри боғлиқ, дея такрорлашдан чарчамайман. Агар Россия ғалаба қозонса, кейингиси Гуржистон, Молдова, Қозоғистон ва бошқа постсовет давлатлари бўлади.

— Агар Россия урушда мағлубиятга учраса-чи? Гуржистон Абхазия ва Жанубий Осетия билан яна қайта бирлашишини кутяпсизми?

— Ҳудудларнинг тинч йўл билан қайта интеграциялашуви рўй бериши учун бунинг устидан ҳозироқ иш бошлаш керак. Тўғрисини тан оламан, агар биз абхазлар ва осетинлар билан яна урушишга мажбур бўлсак, бу янги ҳалокат бўлади. Шунинг учун бугунданоқ норасмий даражада бўлса ҳам мулоқотни йўлга қўйиш, халқ дипломатиясини олиб бориш, қайта бирлашув учун замин ҳозирлаш керак.

— Яъни Россиянинг мағлубиятга учраши Цхинвали ва Сухумининг автоматик равишда Гуржистон таркибига қайтиши учун кафолат бўла олмайдими?

— Эртами-кечми улар борар жойи йўқлигини англаб етишади. Россиянинг ёрдами тугаши мумкин. Шунинг учун биз тинч йўл билан қўшилишга олдиндан тайёргарлик кўришимиз керак.

— Украина ва Молдова Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун номзод статусини олишди. Россия очган уруш ҳам бу жараённи тезлаштирди. Гуржистонга бу статус берилмади. Нега?

— Келинг, очиғини тан олайлик, Украинага ҳам, Молдовага ҳам, Гуржистонга ҳам Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ҳали жуда кўп вақт бор. Биз номзодлик статусини олмаганимизга сабаб сўнгги йилларда ҳукуматимиз жуда нўноқлик қилди. Бунда машҳур мухолиф телекомпания бош директори Ника Гварамиянинг қамалиши, Саакашивилининг қайтиши ва қайтгани ҳамоно қамоққа тиқилиши ҳам ўз ролини ўйнади. Умуман, демократик давлат репутациямиз анча қимирлаб қолган, сачраган лойларни ювиш осон бўлмайди. 

Top