16:27 / 28.03.2023
6308

Евроиттифоқнинг санкциялар бўйича махсус вакили Ўзбекистонга келишни режалаштиряпти

Фото: MARK WILSON / GETTY IMAGES NORTH AMERICA / Getty Images via AFP

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Россияга қарши санкциялар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятида эканини айтди.

«Биз Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламайдиган давлатларнинг фикрини ҳурмат қиламиз. Аммо биз уларнинг санкцияларни четлаб ўтиш платформасига айланишини истамас эдик», — деди Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Бишкекдаги брифингда. 

Унинг сўзларига кўра, санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш бўйича иш Европа Иттифоқининг ўзидан бошланади. Бундан ташқари, ҳамкор давлатлардаги вазиятни ва санкцияларни четлаб ўтиш борасида келаётган сигналларни диққат билан кузатиш кераклиги айтилди. 

«Бизнинг вазифамиз - санкцияларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш. Савдо оқимларини таҳлил қилгандан сўнг, биз илгари бўлмаган сезиларли ўсишни қайд этяпмиз. Қирғизистон ҳам шундай давлатлардан бири. Аммо шуни таъкидлайманки, бу ягона давлат эмас. Мен БАА, Туркияга ташриф буюрдим. Қозоғистон, Ўзбекистон, Грузия ва Арманистонга бориш ниятим бор», — деди Дэвид О’Салливан. 

Аввалроқ The Telegraph нашри Европа Иттифоқи Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бераётган Марказий Осиё давлатларига қарши савдо чекловларини жорий қилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Қайд этилишича, санкциялар Россияга катта миқдорда кир ювиш машиналари ва эскирган автомобилларни етказиб бераётган давлатларга тааллуқли бўлади. Чунки, кир ювиш машиналар таркибидаги яримўтказгичлар ва автомобиль қисмлари ҳарбий саноатда қўлланиши мумкин.

«Кузатувчилар Европа Иттифоқи ва Кремлнинг Марказий Осиёдаги анъанавий иттифоқчилари ўртасида истеъмол товарлари айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошганини пайқади. Янги маршрутларда фаоллик 60-80 фоизга кўпайган, Россия санкцияларни четлаб ўтишда улардан фойдаланмоқда, деган хавотир бор», деб ёзди нашр.
 
Европа Иттифоқи расмийлари аввало Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик музокаралар олиб бориб, уларни оқибатлар тўғрисида огоҳлантирмоқчи. 

Top