23:52 / 03.04.2023
7746

Ўзбекистон метан чиқиндиларини камайтириш бўйича глобал мажбуриятларга қўшилди 

2030 йилга бориб Ўзбекистон уларнинг ҳажмини 30 фоизга камайтиришни мақсад қилгани маълум этилди. 

Фото: Anadolu Agency

30 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда мақбул ечим сифатида чиқиндининг ноль даражаси роли» мавзусида Бош Ассамблеянинг юқори даражадаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алиханов иштирок этди. 

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

У мажлисда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси ва 2030 йилгача «яшил иқтисодиёт»га ўтиш стратегияси қабул қилингани, уларда аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни 100 фоизга етказиш, ҳосил бўладиган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоизга ошириш, шунингдек, «айланма иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. 

Мазкур чора-тадбирлар маиший чиқиндиларни полигонларга ташлаш ҳажмини 60 фоизгача камайтириш, 200 дан ортиқ чиқинди полигонлари ерларини тўлиқ ўзлаштириш, яшил ҳудудга айлантириш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради. 

Мажлисда Ўзбекистон 2022 йилда Метан чиқиндиларини камайтириш бўйича глобал мажбуриятларга қўшилганлиги ва 2030 йилга бориб уларнинг ҳажмини 30 фоизга камайтиришни мақсад қилгани маълум этилди. 

Тадбир якунида чиқиндиларни биргаликда ўзаро манфаатли ва самарали бошқариш бўйича қатор таклифлар билдирилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ ва аъзо давлатлар билан масъулиятли ишлаб чиқариш ва истеъмолни таъминлаш соҳасида, шу жумладан, «Ноль чиқинди» ташаббусини илгари суришда ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлиги билдирилди.

Top