21:42 / 04.04.2023
22757

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи бир йилда қанчага ошди?

Расмий статистика асосидаги Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, охирги 1 йилда Ўзбекистонда гуруч нархи 35,7 фоизга, буғдой уни 35,1 фоизга, тухум 32,5 фоизга, шакар 31,1 фоизга, суякли мол гўшти 11 фоизга, кунгабоқар ёғи 2,7 фоизга қимматлашган.

Фото: Kun.uz

2023 йилнинг март ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1 фоизга қимматлашиб, йиллик инфляция даражаси 11,7 фоизга етди. Озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги инфляция эса 14,6 фоизни ташкил қилмоқда.

Ўтган ойда нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,6 фоизга (таққослаш учун февраль ойида озиқ-овқат инфляцияси 0,7 бўлган) ошган. Kun.uz Статистика агентлиги маълумотлари асосида нархлар ўзгаришини таҳлил қилиб чиқди.

Алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари

Ўтган 12 ой давомида кунгабоқар ёғи 2,7 фоизга қимматлашган. Шундай бўлса-да, март ойида кунгабоқар ёғи 1,2 фоизга, йил бошидан буён эса 3,1 фоизга арзонлаган.

Шакар нархи эса йиллик нисбатда олинганда 31,1 фоизга, 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 4,4 фоизга, жорий йилнинг март ойида эса 4,7 фоизга қимматлашган.

Яна бир асосий истеъмол товарлари ҳисобланган суякли мол гўшти йиллик нисбатда 11 фоизга, қўй гўшти 10,4 фоизга қимматлашган.

Ўтган йилнинг март ойидан бери тухум 32,5 фоизга, сут нархи эса 18,3 фоизга кўтарилган. Бу кўрсаткични 2022 йилнинг декабрь ойи билан солиштирсак, тухум нархи 0,5 фоизга арзонлашган. Сут нархи 4,9 фоизга қимматлашган.

Йиллик нисбатда гуруч нархи 35,7 фоизга, буғдой уни эса 35,1 фоизга ошган. Март ойининг ўзида гуруч 2 фоизга қимматлашган.

Алоҳида турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан: шакар, тухум, сут, гуруч ва буғдой уни нархларининг ошиши йиллик инфляция даражаси – 11,7 фоиздан баланд шаклланган.

Сабзавот ва мевалар

Алоҳида турдаги мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг ўзгариш динамикасига қарайдиган бўлсак, 2022 йилнинг март ойига нисбатан пиёз – 135,5 фоизга, банан – 15,6 фоизга, сабзи – 11,8 фоизга, помидор – 11,4 фоизга, кўкатлар – 10,9 фоизга, қовоқ – 10,8 фоизга, бодринг – 10,2 фоизга, лавлаги – 5,4 фоизга қимматлашган. Шу билан бир қаторда, картошка – 6,2 фоизга, лимон – 16,5 фоизга, карам – 24,1 фоизга ва саримсоқ – 27,1 фоизга арзонлашган.

Ёқилғи маҳсулотлари

Йиллик нисбатда йўловчи ташиш транспорти хизматлари – 16,2 фоизга, товарларни ташиш бўйича хизматлар – 17,3 фоизга қимматлашган.

Март ойида бензин нархи ўртача 1,5 фоизга, пропан 0,5 фоизга тушган. Ўзбекистоннинг бешта вилоятида ўтган ойда қиш мавсумида нархлар ошганидан сўнг такси нархининг пасайиши (3,6−25 фоиз оралиғида) қайд этилган.

Маълумот учун, ёқилғи маҳсулотларининг нархи иқтисодиёт учун жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, бензин нархи ошиши пропорционал тарзда истеъмолни камайтирмайди ва барча товар ва хизматлар баҳосига босим ўтказади.

Аввалроқ, Аи-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғини “ноль” ставкада қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилгани хабар қилинганди.

Шунингдек, ўтган йилнинг мартига нисбатан уй-рўзғор буюмлари – 9,5 фоизга, кийим ва пойабзал нархлари – 8,5 фоизга, мебель ва молиявий хизматлар – 7,7 фоизга ошган.

Top