10:33 / 04.04.2023
3401

WSJ журналисти ҳимояси унинг ҳибсга олиниши устидан шикоят қилди

Эван Гершковичнинг ҳимояси қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланганидан шикоят қилди. У Москва шаҳар суди томонидан кўриб чиқилади.

Фото: WSJ

The Wall Street Journal (WSJ) журналисти, «жосусликда» айбланган АҚШ фуқароси Эван Гершкович ҳибсга олингани устидан шикоят қилди. Бу ҳақда 3 апрел, душанба куни Москванинг Лефортово туман суди матбуот хизмати хабар берди.

«Судга Гершкович ҳимоясидан ҳибсга олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш бўйича шикоят келиб тушди», — дея суд вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган ТАСС.

Москва шаҳар судида (Москва шаҳар суди) шикоятни кўриб чиқиш санаси ҳали белгиланмаган.

Эван Гершкович Екатеринбургда қўлга олинганди. У Москвага олиб кетилган ва 30 март куни Лефортово туман суди томонидан «жосуслик» моддаси билан 29 майгача ҳибсга олинди. Гершкович 1986 йилдан бери Россияда ушбу айблов билан ҳибсга олинган биринчи хорижий мухбир бўлди.

Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») журналист «Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплагани»ни даъво қилмоқда. Россия Жиноят кодексининг «жосуслик» моддаси 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.

Журналист Дмитрий Колезев ўзининг Telegram-каналида Гершкович билан Екатеринбургга боришидан олдин гаплашганини ёзди. «Суҳбатга қараганда, у ҳозирги шароитда анча хавфли бўлса-да, одатдагидек журналистик иш билан машғул бўлган», — деди Колезев.

Top