20:20 / 10.04.2023
36642

Пентагон ҳужжатлари сиздирилиши Украинанинг заиф томонларини кўрсатди. Бироқ бу атайлаб қилинган бўлиши ҳам мумкин

2023 йил бошидан бери Киев ва Ғарбда тез-тез гапирилаётган Украинанинг қарши ҳужум операциясига тайёргарлик кутилмаган бурилишга учради. Илгари, бу ҳақда маълум бўлган барча маълумотлар навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетлари, Украина сиёсатчиларининг номаълум таркибдаги «ҳужум гвардияси»ни яратиш ҳақидаги изоҳларидан иборат эди. Энди жуда кўп факт материаллар пайдо бўлди: АҚШ ҳарбий ва разведка ҳужжатлари ғалати тарзда сиздирилди (феврал охири ва март ойи бошларида), уларнинг каттагина қисми эса Украинадаги урушга бағишланганди.

Фото: Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

АҚШ уларни норасмий равишда «ҳақиқий» деб тан олди, аммо «сизиб кетиш» душманга (яъни Кремлга) нотўғри маълумот етказиш учун Ғарб томонидан атайин уюштирилган операциялиги ёки аксинчалиги борасида шубҳалар сақланиб қолмоқда. Муҳими, сиздирилган ҳужжатлардан Украина армиясининг заифлиги ва кенг кўламли ҳужум операциясини ўтказишга қодир эмаслиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Шунингдек, маълумотлардан Ғарб Украина қуролли кучларида ва Украина раҳбариятида содир бўлаётган воқеалар ҳақида барча маълумотларга эга эмас деган қарашга келиш ҳам мумкин.

Булар ўзи қандай ҳужжатлар?

Бу ҳужжатлар маълум бир тақдимотда ишлатилган А4 варақларининг фотосуратлари (жами юздан ортиқ). Эҳтимол, ушбу тақдимот 1 март куни Германияда бўлиб ўтган НАТО ва Украина қуролли кучлари вакиллари учрашувида қатнашган америкалик иштирокчилар учун тайёрланган.

  • Кўпгина варақларда «мутлақо махфий» ва «хорижий вакиллар учун эмас» белгилари мавжуд.
  • Баъзи фотосуратлар сифатсиз, хира, баъзиларидан муҳим тафсилотларни аниқлаб олиш мумкин эмас.
  • Ҳужжатларнинг сезиларли қисми Украинага тааллуқли эмас: тўпламда АҚШнинг турли разведка агентликларининг дунё бўйлаб — Хитойдан Ямангача бўлган воқеалар ҳақидаги ҳисоботлари мавжуд. Америка разведка хизматидаги манбалар журналистларга тушунтиришича, бу ҳужжатлар мамлакат раҳбарияти учун тузилган кундалик разведка ҳисоботларига ўхшайди.
  • Украинадаги урушга оид ҳужжатлар фронтдаги мавжуд вазиятни (2 март ҳолатига кўра) ҳам, стратегик масалаларни ҳам тасвирлаган. Хусусан, қарши ҳужум учун янги Украина тузилмаларини жалб қилиш, томонларнинг кучлари ва йўқотишлари мувозанати, Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофааси ҳолати, турли қуролларни етказиб бериш тезлиги кабилар.
  • Алоҳида разведка ҳисоботларида фронтдаги вазият бўйича Украина раҳбариятидаги муҳокамалар ва Россия Бош штабидаги шунга ўхшаш муҳокамалар тўғрисида маълумотлар келтирилган. Масалан, The New York Times газетаси тасдиқлашича, Украина етакчилари феврал ойи охирида Бахмут яқинидаги вазиятни (уни «ҳалокатга яқин» деб атаган ҳолда) муҳокама қилган ва рус қўшинларининг олға силжишини ҳамда шаҳарни ўраб олишини тўхтатиш учун бу ерга элита қисмларни ташлашга қарор қилган. Сиздирилган маълумотларга кўра, Бахмут ҳимоячиларининг руҳий ҳолати ёмон бўлган, чунки улар ҳақиқатан ҳам қуршаб олинганига ишонган. Газета ҳавола қилган ҳужжатнинг сурати бошқа ҳеч қаерда учрамайди.

Нега барча ҳужжатлар сиздирилмади? Улар ўзи қандай қилиб пайдо бўлди?

Интернетда тақдимотнинг фақатгина бир неча варақлари кенг тарқалди ва уларда сохта маълумотлар мавжуд. Сиздирилган маълумотларнинг қалбакилаштирилган қисми 5 апрел куни Россиядаги урушни қўллаб-қувватловчи телеграм-каналларда пайдо бўлди ва тезда ушбу сегментда тарқалди. Ушбу маълумотларни тарқатган илк манба аниқланди — бу инглиз тилида юритиладиган Donbass Devushka канали эди. Россияликлар тарқатган ҳужжатлардан маълум бўлишича, босқин бошидан бери Россия армияси бор-йўғи 17 мингга яқин аскарни йўқотган, Украина армияси эса 70 мингдан ортиқ одамдан айрилган.

The New York Times нашри ушбу маълумотлар юзасидан изоҳ олиш учун Пентагондаги манбаларига мурожаат қилди. Улар ҳужжатлар ҳақиқийлигини тасдиқлади, фақат йўқотишлар ҳақидаги рақамлардан ташқари. Уларнинг айтишича, Украина томонидаги қурбонлар сони ошириб юборилган, Россия томондаги йўқотишлар миқдори эса камайтирилган.

АҚШда дарҳол сиздирилган маълумотлар юзасидан тергов эълон қилинди.

7 апрел куни аноним 4chan имижбордида худди шу тақдимотдаги ҳужжатларга алоқадор бўлган яна бир неча ўнлаб фотосуратларнинг бир қисми топилди. Саналарга кўра, 4chan’даги фотосуратлар Donbass Devushka каналига бир неча ҳужжатлар расмлари жойлаштирилишидан бир неча соат олдин пайдо бўлган. Аммо бунга кўпчилик эътибор қаратмаган.

4chan’даги ҳужжатлар орасида йўқотишлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд варақ ҳам бор бўлган, аммо ундаги рақамлар бутунлай бошқача: унга кўра, феврал ойи охирига келиб Россия кучлари 43,5 минг кишини, Украина армияси эса 17,5 минг кишини йўқотган.

Тез орада 4chan’даги фотолар биринчи манба эмаслиги маълум бўлди. Худди шу ҳужжатлар март ойи бошида филиппинлик ютуб-блогер WаоМао мухлисларининг Discord платформасидаги гуруҳига жойлаштирилган. Бироқ, Thug Shaker Central деб номланган бошқа Discord серверида сизиб чиқишнинг янада эскироқ излари топилган. Бу ерда 30 га яқин иштирокчилар мунтазам равишда православлик, ўйинлар, мусиқа ва канадалик влоггер Oxide видеоларини муҳокама қилган. Oxide турли ўқ ўтказмайдиган зирҳли нимча ва каскаларни отиш бўйича тажрибаларни тасвирга олган.

Айтилишича, серверга сиздирилган маълумотларни чиқариш январ ойидаёқ бошлаган, жами юзлаб ҳужжатлар Discord платформасига жойлаштирилган.

Ҳозирда ҳужжатлар бу инфомайдонларнинг баридан ўчириб ташланди. Шунингдек, Пентагондаги манба маълумотлар сизиб чиқишини тан олган пайтдан бошлаб, ҳужжатлар Twitter, Reddit ва бошқа жойлардан тизимли равишда олиб ташланмоқда. Бироқ, бир неча ўнлаб қоғозлар кенг тарқалишга улгурди ва улар рус тилидаги форумлар, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда ҳамон тарқалмоқда.

Сизиб чиққан ҳужжатлардан қандай хулосалар чиқариш мумкин?

Сиздирилган ҳужжатлардан шуни билиш мумкинки, америкаликларнинг маълумотларига кўра, март ойи бошида иккала урушаётган армия ҳам ёмон аҳволда бўлган ва нисбатан кичик кучлар билан ҳаракат қилган. Россия қуролли кучлари фронтга Украина қуролли кучларига қараганда бир оз кўпроқ қўшинни (тахминан 140 минг киши) жойлаштирган.

Икки армия ҳам захираларни яратган. Ҳужжатларда Россия захиралари ҳақида кўп нарса ёзилмаган, бироқ бир неча саҳифа Украина қуролли кучларининг қарши ҳужум учун иккита зарбдор корпус яратишига бағишланган. Ушбу корпуслар учун тўққизта бригадани Ғарб мамлакатлари, яна учтасини Украинанинг ўзи ўқитиши ва қуроллантириши керак бўлган. Барча бригадалар янги ташкил этилган.

«Зарбдор корпуслар»нинг кучсиз таркиби эътиборни ўзига тортади. Улардаги бригадалар ва шахсий таркиб сони ҳам (тахминий сони 40 минг кишидан камроқ; сентябр ойида Харкивга ҳам шунча миқдордаги кучлар билан қарши ҳужум уюштирилган деб ишонилади), бригадаларнинг қуролланиши (АҚШ армияси бригадасидаги зирҳли техникалардан қарийб икки баравар кам) ҳам анча камтарона.

Аммо, ҳужжатларга ишонилса, бу Украина қуролли кучларининг асосий муаммоси эмас. Март ойи бошида Украина ҳаво мудофааси, айниқса, ёмон аҳволда бўлган. Унинг деярли 90 фоизи СССР даврида ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлардан (асосан C-300 ва «Бук») ташкил топган бўлиб, уларнинг ўқ-дорилари тугаган. Ғарбнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ўқ-дорилар истеъмоли ҳам НАТОнинг уларни етказиб бериш қобилиятидан юқори эди.

Ҳужжатларга ишонилса, апрел ойида Украина ҳаво мудофааси ўқ-дорисиз қолади, бу эса Россия Аэрокосмик кучларининг ҳавода устунликни қўлга киритишига, фронт чизиғига ҳам, ички ҳудудларга ҳам зарба бериш имконига эга бўлишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, россияликлар вертолётлардан ҳам фойдаланишни бошлаши мумкин бўлади. Бу, ўз навбатида, Украинанинг қарши ҳужуми барбод бўлишига олиб келиши мумкин. АҚШ «иттифоқчилардан» шошилинч равишда C-300 ва «Бук» тизимлари учун ўқ-дорилар топишни режалаштирган.

Ҳужжатларда айтилишича, Украина қуролли кучлари Ғарб артиллерияси ўқ-дориларнинг кескин танқислигини ҳам бошдан ўтказган. Шунингдек, Украинага АҚШ томонидан етказиб берилган оддий авиабомбаларни «ақлли» авиабомбаларга айлантириш қурилмалари ҳам айрим ҳолларда самарасиз бўлиб чиққан, аммо бунинг сабаблари тўлиқ аниқламаган.

Бу ҳужжатларга ишониш мумкинми? Улар сохта эмасми?

Буни аниқ айтиб бўлмайди.

Ҳужжатлар, афтидан, бир-бирига мос келади ва улар, шубҳасиз, АҚШ ҳарбий ҳужжатларни бошқариш тизими ва ўзига хос луғати (масалан, қисқартмалар) билан яхши таниш бўлган шахс томонидан тузилган. АҚШ ҳарбий тизимидан ташқарида бўлган қандайдир одам ўнлаб бундай ҳужжатларни жиддий хатоларсиз ёза олиши шубҳали тахмин.

Ҳужжатлар Кремл ва Россия Бош штабини чалғитиш мақсадида АҚШ ҳарбийлари ёки разведка ходимларининг ўзлари томонидан яратилган деб тахмин қилиш ҳам мумкин. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши пайтида иттифоқчилар «Қиймаланган гўшт» номли ёлғон ахборот операциясини муваффақиятли амалга оширган ва Германия Бош штабини 1943 йилда иттифоқчилар қўшинлари Сицилияга эмас, балки Грецияга тушишига ишонтирган.

Германия ҳам, ўз навбатида, СССР раҳбариятини 1942 йилда Вермахт асосий зарбани Дон ва Кавказга эмас, балки Москвага беришига ишонтириш учун «Кремль» дезинформация операциясини уюштирганди.

Янада янгироқ мисол ҳам бор: 2022 йилнинг ёзида Киев кузги қарши ҳужум кампаниясининг асосий нишони Херсон области бўлиши ҳақида миш-мишларни фаол равишда тарқатди. Ҳақиқатан ҳам август ойи бошида Днипронинг ўнг соҳилида ҳужум бошланди, аммо асосий зарба сентябр ойида Харкив областида берилди.

Бироқ, ҳозирги ҳолатда, ушбу «назорат остидаги сиздириш»нинг мақсадлари мутлақ аниқ эмас. Ҳужжатларда аниқ бир ҳужум режаси ҳақида ҳеч қандай сўз йўқ, ҳеч қандай тахминий сана ҳам йўқ (фақат «зарба корпуслари»ни шакллантиришнинг сўнгги муддати бор), Шунингдек, ҳужум йўналишлари, эҳтимолий нишонлар ҳақида ҳам умуман гапирилмаган. Катта эҳтимол билан, дезинформациянинг ягона мақсади – Кремлни Украина қуролли кучлари кучсизлигига ишонтиришдир.

Эҳтимол, Кремл бунга ишонмайди: масалан, Донбассдаги жангларда Россия томондан иштирок этаётган жангчининг тасдиқлашича, сўнгги кунларда Россия қуролли кучлари Украина қарши ҳужумини тўхтатиб қолиш учун захираларга эга бўлиш мақсадида ўқ-дориларни тежамоқда.

Ва ниҳоят, Кремлни ёлғон ахборот билан чалғитиш учун «тақдимот»га ҳақиқий разведка ҳужжатлари атайлаб киритилган деб тахмин қилиш мумкин. Бироқ, бу ҳолатда, бундай операциянинг муваффақияти учун нарх жуда юқори бўлиши мумкин: сизиб чиқиш АҚШ иттифоқчилари ва АҚШнинг ўзига тегишли жуда кўп нозик маълумотларни ошкор қилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top