10:17 / 10.04.2023
42778

Пентагоннинг Украина тўғрисидаги махфий ҳужжатлари сиздирилди: нималар маълум?

Ўтган жума куни ижтимоий тармоқларда Америка махфий ҳужжатларининг янги порцияси тарқалди. Улардаги маълумотлар нафақат Украинага тааллуқли, Яқин Шарқ, Корея ва Хитойга оид материаллар ҳам бор.

Фото: Reuters

Дастлаб New York Times нашри илк сиздирмаларни эълон қилди: омма эътиборига Пентагон ва НАТОнинг Украинанинг тайёрланаётган қарши ҳужумларига доир ҳужжатларидан фотосуратлар ҳавола қилинди.

Бир неча мамлакатлардаги амалдорлар айни пайтда ахборотнинг ошкор бўлишидан етказилган зарарларни ҳисоб-китоб қилиш билан банд ва эълон қилинган материаллар нега бунчалик узоқ вақт эътибордан четда қолганини тушунолмай ҳалак, деб ёзади Washington Post.

Ўта махфий ҳужжатларнинг ўнлаб саҳифалари акс этган фотосуратлар 28 феврал ва 2 март куни Discord пластформасида эълон қилинган. Бироқ ҳукумат ўтган ҳафта ичида New York Times нашри ушбу маълумотларни чоп этганидан сўнггина ундан хабар топган.

Ҳужжатларда нималар бор?

Махфий материалларнинг иккинчи порцияси Украина, Яқин Шарқ, Жанубий Корея ва Хитойга оид Америка миллий хавфсизлиги борасида 100 дан ортиқ ҳужжатлардан иборат.

Тармоққа тарқалиб кетган материалларни пухта ўрганиб чиққан New York Times нашри ҳужжатлар АҚШ Россия ҳукумати, Украина ва иттифоқчи мамлакатлар амалдорларини қандай кузатаётганидан сўзлашини таъкидлаган.

Хусусан, АҚШ у ёки бу даражада Россиянинг ҳар бир махсус хизматидан маълумотлар олиб туриши маълум бўлган. «Мутлақо махфий» белгиси остидаги ҳужжатлардан бирида НАТО давлатлари томонидан Украинага етказиб берилаётган танкларга қарши Россия бош штабининг режалари муҳокама қилинган.

Материаллардан ойдинлашишича, Америка махсус хизматлари реал вақт режимида Киевни Россиянинг зарба бериш вақтлари ва бу зарбалардан кўзланган мақсад борасида огоҳлантириб турган ва шу йўл билан Украинага қарши чоралар кўриш учун имконият яратишган.

Washington Post нашри ёзишича, масалан, махфий ҳужжатлар феврал ойининг муайян санасида Россия мудофаа вазирлиги томонидан Украина қўшинлари позициясига зарба бериш бўйича режа узатилганидан Америка разведкаси хабардор бўлганидан сўзлайди. АҚШ разведкаси РФ ҳарбийлари Украинадаги ўнлаб энергетика объектлари ва шунча миқдордаги кўприкларга зарба беришидан аввалдан хабардор бўлган.

Разведка ҳисоботлари Америка Қўшма Штатлари Украина олий ҳарбий ва сиёсий раҳбариятини кузатаётганини ҳам кўрсатади. Бу Вашингтоннинг Украина ҳарбий стратегияси ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлишга уринишларини акс эттиради.

«Бу материаллар разведка вакиллари томонидан аввал эътироф этилган ғояни исботлайди: АҚШ Украина режаларидан кўра, Россия ҳарбий операциялари ҳақида аниқроқ тасаввурга эга», — деб ёзади NYT.

Бевосита урушга тааллуқли маълумотлардан ташқари, сиздирмаларда АҚШнинг иттифоқчилари, хусусан, Жанубий Корея тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.

Жанубий Кореяни кузатиш

Ҳужжатларнинг бу бўлимида Жанубий Корея расмий шахслари президент Жо Байден Корея раҳбари Юн Сок Ёлга Украинага ёрдам бериш масаласида босим ўтказиши мумкинлигидан хавотирда экани айтилади.

Ҳужжатда америкаликлар бу ҳолдан «радиотехник разведка ҳисоботлари» орқали воқиф бўлишгани таъкидланади. New York Times нашри аниқлик киритишича, бу телефон сўзлашувларини эшитиш ва электрон хатларни очиб ўқишни англатади.

Жанубий Корея якшанба куни Марказий разведка бошқармасидан ҳужжатлар сиздирилиши масаласини АҚШ билан муҳокама этишини эълон қилган. Унга кўра, АҚШ разведка хизмати Кореянинг Украинага ўқ-дорилар жўнатиш имконияти муҳокама қилинган электрон хатларини очиб ўқиган.

Матбуот учун брифингда Сеул расмий вакили шундай деди: «Биз бошқа мамлакатлар билан боғлиқ прецедентлар ва вазиятларни ўрганиб чиқиб, тегишлича жавоб қайтарамиз».

Бу ҳолатда АҚШ Корея Республикасини Украинага шундай ёрдам етказиб учун кўндиришга ҳаракат қилаётгани факти сир эмас — америкаликлар кореяликларни шундай қарорга келтириш учун ҳаракат қилаётгани ҳақида  Wall Street Journal ўтган йилнинг ноябрида хабар берган эди.

Жанубий Корея Украинага қурол-яроғ етказиб беришни мудом рад этиб келмоқда ва ҳуманитар ёрдам етказиш билан чекланмоқда. Бироқ, кореяликлар Полша ва АҚШга қурол-яроғ етказмоқда.

Полша Жанубий Кореядан K-9 ўзиюрар артиллерия қурилмалари ва K-2 жанговар танклари харид қилмоқда. Бу ҳолда Полша ўзининг Krab ўзиюрар артиллерия қурилмалари ва T-72 танкларини Украинага бериб юборган.

Март ойи бошларида Сеул Украинага Корея ўқ-дорилари ишлатиладиган Krab ўзиюрар гаубицалари етказилишини маъқуллагани маълум бўлганди. Бу Сеул Украинага Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган таркибий қисмларга эга қурол-яроғ етказилишини расман маъқуллагани, унга кўз юммаганининг илк тасдиғи бўлувди.

Бунинг оқибати нима бўлади?

Сиздирилган маълумотлар Москвага ахборот етказиш манбаларини беркитишга ёрдам берса, Украина ҳарбий саъй-ҳаракатларига потенциал қаттиқ зарба бўлади.

У АҚШнинг иттифоқчи давлатлар билан муносабатларини мураккаблаштириб, Американинг сир сақлаш қобилиятига шубҳа уйғонишига сабаб бўлди, деб ёзади NYT.

Гарчи иттифоқчи давлатлар расмий шахслари кузатув остида эканидан ҳайрон бўлишмаса ҳам, бундай маълумотлар ошкор этилиши Украинани қурол-яроғ билан таъминлашда ўрни беқиёс бўлган Жанубий Корея каби асосий ҳамкорлар билан муносабатларни мураккаблаштиради.

NYT нашрига изоҳ берар экан, разведканинг юқори мартабали ходими сиздирилган маълумотларни «”Беш кўз” учун даҳшат» деб атаган. «Беш кўз» деганда у разведка маълумотларни ўзаро фаол алмашувчи беш давлат — АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландия ва Канадани назарда тутган.

Washington Post нашри манбалари хабар беришича, жума куни Пентагон олий раҳбарияти разведка маълумотларидан фойдаланиш имкониятини кескин чеклаган. Манбалардан бири жорий этилган чораларни одатдан ташқари қатъий деб атаган ва бу ҳол Пентагон раҳбарияти орасида келиб чиққан саросимадан гувоҳлик беришини тахмин қилган.

Агар Вашингтон ўз иттифоқчиларининг келгуси разведка маълумотларидан фойдаланиш имкониятини чекласа, улар тўлиқ ғафлатда қолишади, дейди Европа разведкаси вакили.

АҚШ Адлия вазирлиги шанба куни сиздиришлар устидан тергов бошланганини эълон қилди:

«Биз Мудофаа вазирлиги билан бу борада боғланиб, терговни бошладик», — деган AFP агентлигига вазирлик вакили.

Пентагоннинг пайшанба кунги баёнотида Мудофаа вазирлиги эҳтимолли сиздириш ҳақидаги ахборотни ўрганаётгани айтилган эди. Жума куни ҳужжатларнинг янги порцияси эълон қилингач, идора вакиллари бу ҳолни изоҳлаш учун ҳеч нарса қўшимча қилолмасликларини маълум қилишган.

Бироқ, хусусий тартибда миллий хавфсизлик учун жавобгар бир неча органлар ҳокимият шошилинч тарзда сиздириш манбасини ахтаришга тушгани, сиздирилган ҳужжатлар янада кўпроқ бўлишидан хавотирдалигини тан олишган.

Сиздирилган илк ҳужжатларда нималар акс этган?

Ҳужжатларнинг дастлабки порцияси АҚШ ва НАТОнинг Украина ҳудудига ёпирилма ҳужум қилган Россия армиясига қарши украин армиясини ҳужумга тайёрлаш режаларига аталган.

Бу материалларнинг энг кечи 1 март санаси билан имзоланган, шу сабабли экспертлар уларнинг долзарблиги йўқолган, деб ҳисоблашмоқда.

Бу ҳужжатларда бўлажак қарши ҳужумнинг санаси ва жойлари маълум қилинмаган. Бироқ, унда Украина қарши ҳужумга нечта бригадани жалб қилиши ва қанча миқдорда ҳарбий техника олиши ҳақида маълумотлар бор. Унда шунингдек HIMARS баравар ўт очувчи реактив тизимларининг кунлик ўқ-дори сарфи ҳақидаги маълумотлар ҳам бор.

Маълумотлар Россия йўқотишларини камайтириб, Украина йўқотишларини аксинча, кўпайтириб кўрсатиш учун таҳрирланган, дейишган NYT ва Reuters нашрларининг Америка мансабдорлари орасидаги манбалари.

Ҳужжатлар ўзгартирилгани борасида слайдлардан бирида Россия аскарлари сафида ўлганлар сони 16–17 минг, украиналик ҳалок бўлган аскарлар эса 71,5 минг деб кўрсатилгани факти сўзлайди, деб ёзади газета. Россия йўқотишларининг баҳоланиши ҳақиқатга тўғри келмайдиган даражада пасайтириб кўрсатилган: 17 март куни BBC очиқ манбалардан ўлган 17375 кишини номма-ном санаган (3 март куни ўлганлар сони 16071 киши бўлган).

Россия томонидан ҳалок бўлганларнинг реал сони шак-шубҳасиз бу рақамдан кўпроқ, ғарбдаги расмий шахслар бир неча марта кўпроқ рақамларни тилга олишган.

Бу сохталаштириш Россия манфаатини кўзлаб дезинформация тарқатишга уриниш бўлганини кўрсатади; сиздирилган ҳужжатлар энг аввало россияпараст каналларда эълон қилинган.

Reuters агентлиги ҳам америкалик уч мулозимга таяниб, Россия ва россияпараст унсурлар ушбу сиздириш ортида турганини қайд этади.

New York Times нашри уни «уруш бошланганидан буён Россия разведкасининг илк ёриб кириши» деб атаган.

Украинада эса ҳужжатларни сохта деб аташган. «Бу фотошопда тайёрланган фейк ва «виртуал псевдосиздирмалар»дир. Москва Украина қарши ҳужумининг барбод бўлишини жуда-жуда истайди. Бироқ, ҳақиқий режани россияликлар жанг майдонида кўришади. Яқинда», — деб ёзган Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк.

Washington Post нашрига аноним тарзда изоҳ берган украиналик олий мартабали мансабдор ушбу сиздирмалар Кремлдан ўқ-дори етишмаслиги билан боғлиқ бўлган заиф жойларни беркитишга уриниб келган Киевдаги ҳарбий ва сиёсий раҳбарларни жуда жаҳллантирганини маълум қилган. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top