Иқтисодиёт | 08:00 / 18.04.2023
29216
3 дақиқада ўқилади

Аҳолидан тўловларни қабул қилишда комиссия миқдори чекланиши кутиляпти

Фото: Kun.uz

Марказий банк аҳолидан тўловларни амалга оширишда комиссиянинг энг юқори миқдорини белгилаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди, деб ёзяпти Gazeta.uz.

Бугунги кунда банк кассаларида коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишда истеъмолчилардан хизмат учун комиссия ундирилади. Масалан, электр энергияси учун 100 минг сўм тўлашда айрим банклар ва тўлов хизматлари тўловчилардан воситачилик хизматларини ундирган.

Президент қарори билан 2023 йил 1 майдан бошлаб бенефициарлари бюджет ва корпоратив мижозлар бўлган тўловлар бўйича кўрсатилган тўлов хизматлари учун комиссия тўловлари (йиғимлари) тўловчи — жисмоний шахсдан ундирилмайди, балки тўлов шаклидан қатъи назар, тўлов суммасидан ушлаб қолинади.

Бундай ҳолда, комиссия миқдори тўлов миқдорининг 1 фоизигача белгиланади, аммо уларнинг умумий миқдори Марказий банк томонидан белгиланган чегаралардан ошмаслиги керак.

Лойиҳага кўра, Марказий банк комиссиянинг максимал миқдорини БҲМнинг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда (60,6 минг сўм) белгилашни таклиф қилмоқда. Агар бугунги кунда 200 млн сўмлик суперконтракт учун тўлов амалга оширилаётганда, айрим банклар 1 фоиз (2 млн сўм) ундиришлари мумкин бўлса, 1 майдан комиссия тўлов суммасидан ушлаб қолинади ва 60,6 минг сўмдан ошмайди.

Мазкур тартиб қуйидаги ҳолатларда амал қилади:

  • барча турдаги давлат божлари ва маъмурий жарималар учун тўловлар;
  • давлат хизматлари марказлари томонидан, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун тўловлар;
  • мактабгача таълим ташкилотларига, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасаларига, шунингдек олий ўқув юртидан кейинги таълим, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар;
  • барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар;
  • Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ундириладиган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш учун тўловлар;
  • E-auksion электрон савдо платформаси ва K-Savdo автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар;
  • авиация, темирйўл ва жамоат транспортининг бошқа турларида саёҳат қилишда чипталар сотиб олиш учун тўловлар.

Келажакда ушбу рўйхатга қўшимча тўлов турлари киритилиши ҳам мумкин.

Мавзуга оид