16:02 / 19.04.2023
6417

Ўзбекистондан афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдами етказилди

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон президенти топшириғига асосан, афғон халқига 185 тоннадан ортиқ зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган навбатдаги инсонпарварлик юклари карвони Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакат Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон шаҳрига етказилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15,7 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 20 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон ўрин олган.

Ҳайратон шаҳридаги «Астрас» компанияси ҳудудида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Анвар Орипов, Афғонистон иқтисодиёт вазири Дилмуҳаммад Ҳаниф ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Икки давлат расмийлари иштирокида ҳудудлар ўзаро савдо-иқтисодий ва ҳуманитар соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасида музокаралар ўтказилди. Тадбирда иштирок этган афғонистонлик расмийлар Рамазон ойида кўрсатилаётган бу каби амалий ёрдам учун Ўзбекистон халқига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Top