Жаҳон | 22:38 / 25.04.2023
8693
2 дақиқада ўқилади

Петербургда меҳнат мигрантлари учун қизамиққа қарши мажбурий эмлаш жорий этилди 

Эмлаш амалиёти иш берувчи томонидан ташкил этилиши шарт. 

Фото: Автор фото: Артем Геодакян / ТАСС

«Роспотребнадзор» Санкт-Петербург бўлими шаҳардаги иш берувчиларга ёлланган хорижликларни қизамиқга қарши эмлаш жараёнини ташкил қилишни буюрди. Тегишли фармонни 24 апрель куни шаҳар бош санитар шифокори Наталя Башкетова имзолади, деб ёзди Деловой Петербург. 

Январдан апрелгача Санкт-Петербургда қизамиқнинг 31 та ҳолати аниқланган ва тасдиқланган, шулардан 13 таси болалар ўртасида. Шунингдек, 8 та ҳолатда инфекция четдан кириб келган. 

Санитар шифокорнинг «Хорижий фуқароларни қизамиқ касаллигига қарши эмлаш тўғрисида...»ги қарорида меҳнат мигрантларини эмлаш бўйича уларни ишга қабул қилувчи корхоналар жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган. 

«Санкт-Петербург ҳудудидаги меҳнат фаолиятига хорижий фуқароларни жалб қилган иш берувчилар 2023 йилнинг 31 декабрига қадар хорижий фуқароларнинг қизамиқ касаллигига қарши эмлаш ўтказилишини таъминлаши шарт», дейилади ҳужжат матнида. 

Қайд қилинишича, олдин эмланмаган, касал бўлмаган, эмлаш ёки олдинги касаллиги ҳақида маълумот бўлмаган, шунингдек, қизамиққа қарши антитана тести натижалари ҳимоя даражасидан паст бўлганлар қизамиққа қарши эмланади. 

Аввалроқ, Ўзбекистонга қўшни давлатларда қизамиқ ва қизилча билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид