10:30 / 06.05.2023
6275

Берлин суди 8-9 май кунлари Украина байроқларини намойиш қилишга рухсат берди

Берлин полицияси совет ёдгорликларида Россия ва Украина байроқларини намойиш қилишни тақиқлади, аммо суд фақат Украина байроғи ҳақида қарор чиқарди - Россия байроғи тақиқ остида қолди.

Фото: AP

Берлин маъмурий суди полициянинг 8 ва 9 май кунлари Трептов-парк, Тиргартен ҳамда Шёнхольцер-Хайддаги совет ёдгорликларига Украина байроқларини ўрнатишга қўйган тақиқини бекор қилди. Бу ҳақда 5 май, жума куни кечқурун тақиқ устидан шикоят қилган Украина маҳаллий ташкилоти ва унинг адвокати хабар берди.

"Биз биринчи инстанция мажлисида ғалаба қозондик. Ҳозирдан бошлаб Украина байроқлари ва украин қўшиқларига қўйилган тақиқ бекор қилинди", деб ёзди асосан Германиядаги украиналикларни бирлаштирган Vitsche ташкилоти Twitter’да.

Суд қарори фақат Украина байроқлари ва ҳарбий мусиқаларга тааллуқли - Россия байроқлари тақиқланганлигича қолмоқда, деб ёзади rbb. Медиа-компания ихтиёрида бўлган ҳужжатда айтилишича, Берлин полицияси қарори “жамоат хавфсизлигига таҳдид борлигини кўрсатувчи ҳеч қандай далил” келтирмагани учун “ўз-ўзидан ноқонуний”.

Vitsche адвокати Патрик Ҳайнеманн Берлин маъмурий суди Украина ташкилотининг ҳуқуқий позициясини тасдиқлаганини изоҳлади. “Украина халқи ва унинг тарихий қурбонларини қўллаб-қувватлашни очиқ эълон қилиш учун ўзининг асосий ҳуқуқидан фойдаланган киши жамоат хавфсизлигига таҳдид солмайди”, деди rbb'га у.

Берлин полицияси Twitter’да суд қарори устидан шикоят қилмоқчи эмаслигини маълум қилди.

Top