Жаҳон | 17:01 / 07.05.2023
16767
5 дақиқада ўқилади

Техасда савдо марказидаги отишма: тўққиз киши ҳалок бўлиб, етти киши яраланди

Америка ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, қуролланган шахс Техас штати маркази Далласдан шимолда жойлашган Аллен шаҳарчасидаги савдо марказида саккиз кишини отиб ташлаган.

Савдо марказидан қўлларини юқори кўтарганча чиқаётган харидорлар

Гувоҳларнинг ҳикоя қилишича, қуролланган шахс ўткинчиларга қарата тартибсиз ўт очган. Савдо марказидан юзлаб кишилар эвакуация қилинган.

Полициядан маълум қилишларича, жиноятчи отиб ўлдирилган. У ёлғиз ҳаракатланган деб ҳисобланмоқда.

Хабарларга кўра, қурбонлар орасида болалар ҳам бор. Камида етти киши шифохонага ётқизилган, уларнинг камида уч нафари оғир аҳволда.

Аллен ўт ўчириш хизмати бошлиғи Жонатан Бойднинг айтишича, етти киши, жумладан, ўт очган шахс воқеа жойида ҳалок бўлган, кейинроқ яна икки киши шифохонада жон берган. Тиббиёт ходимлари маълумотига кўра, қурбонлар ёши 5 дан 51 ёшгача бўлган.

Аллен полицияси бошлиғи Брайан Ҳарвининг хабар беришича, савдо марказидаги полициячилардан бири отишма овозларини эшитгач, нима бўлаётганини билиш учун етиб борган ва отишма бошлаб, гумонланувчини отиб ташлаган.

Техас губернатори Грег Эбботт отишмани «сўз билан ифодалаб бўлмайдиган фожиа» деб атаган ва маҳаллий ҳукуматга зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.

АҚШ полицияси воқеа жойида олинган видеоёзувларнинг муаллифларига мурожаат қилиб, ходимлари далилларни йиғишга киришган Федерал қидирув бюросига мурожаат қилишни сўраган.

Айрим гувоҳларнинг сўзларига кўра, мерган қора рангли жанговар кийимда бўлган. Пайдо бўлган кадрларда унинг жасади ёнида AR-15 русумли автомат винтовкани кўриш мумкин.

Полиция Allen Premium Outlets савдо марказини ўраб олган. Фото: Reuters

«Мен 10 га яқин кучли товушни эшитдим, кейин яна 10-15 марта ўқ узилди - биз тўлиқ қора кийинган, зирҳли нимча таққан йигитни кўрдик, у одамларни шунчаки ўққа тутарди», дейди гувоҳлардан бири.

Воқеа жойида олинган видеода одамлар ўқлар овози остида автотураргоҳ ортидаги бошпанага қараб чопаётгани акс этган.

Даллас марказидан 32 км шимолда жойлашган Аллен шаҳрида 105 минг киши истиқомат қилади.

Техасда 21 ёшга тўлган ва ундан катталарнинг аксар қисми, агар муқаддам судланмаган бўлса, лицензиясиз ҳам ўзи билан тўппонча олиб юришига рухсат берилган, винтовка ва сочма ўқ отувчи ов милтиғига эгалик қилиш учун ҳам чекловлар кўп эмас.

Техас штати қонун чиқарувчи органи республикачилар томонидан назорат қилинади, бу партия азалдан қурол назоратини қатъийлаштиришга қаратилган ҳар қандай чорани маъқулламайди.

Gun Violence Archive нодавлат ташкилоти маълумотига кўра, жорий йил бошидан буён АҚШда камида 198 марта оммавий қотиллик (камида тўрт ёки ундан кўп киши жабрланган) рўй берган. Бу йилнинг шу даври ҳисобланганда сўнгги етти йилликдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Аллендаги отишма гувоҳларидан бири Фонтейн Пэйтон AP агентлигига айтишича, у қулоқчинда бўлса ҳам отишма овозини эшитган.

Унинг сўзларига кўра, савдо марказини тарк этишга рухсат берилганида кўчага чиққан ва ерда ётган жасадларга гувоҳ бўлган.

«Мен улар болалар эмаслигига жуда умид қилгандим, аммо жасадлар, афтидан, болаларники эди», деган у.

Аллен шаҳри мэри Кен Фулк буни шаҳар учун «фожиали кун» деб атади.

«Аллен - мағрур ва хавфсиз шаҳар, шунинг учун бугунги маъносиз зўравонлик акти янада кўпроқ шокка солди, - дея ёзган у шаҳар маъмурияти сайтида. - Шунга қарамай, мен тезкор реакция кўрсатгани учун полициячиларимиз ва ўт ўчирувчиларимизга миннатдорчилик билдиришни истардим. Уларнинг пухта тайёргарлиги ва таҳдидга юзма-юз бориши, бугун кўпчиликнинг ҳаётини асраб қолган бўлса ажаб эмас».

Техас штатидан бўлган сенатор Жон Корнин твиттер саҳифасида «Аллен аҳолиси билан бирга қайғуда» эканини ёзиб, «бу қўрқинчли ҳодиса оқибатларини бартараф этишда иштирок этганлар»нинг барчасининг ҳаракатини юқори баҳолаган.

Ҳафта бошида Техас полицияси беш нафар қўшниси, жумладан, тўққиз ёшли болани ўлдирган шахсни қўлга олганди. Тўрт кунлик қидирув ишларидан кейин Франциско Оропесни шкаф ичидан топишганди.

Мавзуга оид