11:42 / 13.05.2023
22774

«Маҳбусларнинг меҳнати совет халқиники деб кўрсатилган» — зулм салтанати зиндони ГУЛагда қанча инсон сақланган?

СССРни Сталин бошқарган 1922-1953 йиллар оралиғида, НКВД томонидан миллионлаб инсонлар ноҳақ қатағон қилинган, қамоққа тиқилган ва ўлдириб юборилган. Тарихчилар қатағон қилинганлар сони 20 миллиондан ошиқ экани ҳақида ёзади. Уларнинг барчаси ГУЛаг – Қамоқхоналар бош бошқармасига бўйсунувчи қамоқхона лагерларида оғир шароитда сақланган ва ишлатилган. Маҳкумлар меҳнати эвазига бажарилган ишлар эса олчоқларча «совет халқининг заҳматли меҳнати туфайли қилингани» айтилган.

Бугун «cовет иттифоқи» дейилганда кўпчилик ёвуз бир салтанатни эслайди. Бунга сабаб, бу давлат Иккинчи жаҳон урушида 20 миллиондан ошиқ қурбон бергани етмагандай, ёвуз бошқарув туфайли ўзининг 20 миллиондан ортиқ аҳолисини қатағон қилган. Қатағонларнинг асосий қисми мамлакатни 31 йил бошқарган Иосиф Сталин даврида содир этилган.

Агар тарихга назар ташланса, ўша қатағонлар тасодифан бўлмаган, ёвуз тузум унга анча аввалдан тайёргарлик кўрганди. Сталин СССРни қамоқхоналар мамлакатига айлантиришни 1920-йилларнинг иккинчи ярмида бошлаган эди.

Қатағонларнинг илк йирик тўлқини 1928-1932 йилларда аҳолини мажбурий тарзда колхозларга жалб қилиш пайтида бошланган. Ўшанда ўзига тўқ ва ўртаҳолларни «бой-қулоқ» деб жазолаш ортидан мамлакатда кўплаб одамларнинг мол-мулки тортиб олиниб, узоқ ҳудудларга сургун қилинади. Миллионлаб одам қамоққа тиқилади. Бошқалари отиб ўлдирилади.

Лагерлар (Қамоқхоналар) бош бошқармаси (ГУЛаг) махсус бўлими маълумотларига кўра, 1928-1931 йилларда, СССР бўйлаб коллективлаштириш ишларида 381 мингта оила қулоқ қилинган ва 1 млн 803 минг 392 нафар киши қамалган.

Коллективлаштириш пайтида қишлоқ аёли уйидан қувилмоқда. 1930-йиллар.

Сталин қатағонлари ҳақида кўплаб тадқиқотлар ўтказган тарихчи В.Н.Замсков берган маълумотларга кўра, СССРда 1928-1940 йиллар оралиғида айнан коллективлаштириш баҳонасида 2,5 миллион киши қамалган.

ГУЛаг’нинг ташкил этилиши

1929 йилгача СССРдаги қамоқхоналар ва қамоқхона лагерлари иттифоқдош республикаларнинг ички ишлар халқ комиссариатлари таркибида бўлган.

Коллективлаштириш даврида кўплаб одамлар қамалгани учун мамлакатда қамоқхоналар етишмай қолади. Шундан сўнг қатағонларда жазоланганларни сақлаш учун қамоқхона лагерлари қурила бошланади.

1930 йил 1 октябр куни ГУЛаг (Главное управление лагерей) – Қамоқхоналар бош бошқармаси ташкил этилади ва мамлакатдаги барча қамоқхоналар унинг таркибига ўтказилади.

1934 йилда НКВД (Народный комиссариат внутренних дел) – Ички ишлар халқ комиссариати тузилади ва ГУЛаг барча қамоқхона лагерлари билан унинг таркибига киритилади.

Шу тариқа ГУЛаг тизими СССРдаги жами 53 қамоқхона бошқармасини қамраб олади. Бошқармалар таркибида минглаб қамоқхона лагерлари, 425 манзил колония, 2000 дан ошиқ махсус комендатура бўлган.

Ўша пайтларда ГУЛаг қамоқхоналарида жами қанча маҳбуслар сақлангани ҳақидаги архив маълумотлари охиригача ошкор этилмаган. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда ГУЛаг лагерларида бир пайтнинг ўзида 2,5-3 миллион нафаргача маҳбус бўлган.

Умумий ҳисобда эса ГУЛаг тузилганидан бошлаб Сталин вафотигача унинг таркибидаги қамоқхона лагерларида 20 миллион маҳбус сақланган.

1939 йилдан бошлаб, ГУЛаг таркибида алоҳида аёллар ва болалар қамоқхоналари ҳам фаолият кўрсата бошлайди. Болалар қамоқхоналарида 12 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар сақланган. 17 ёшга ўтганда, улар катталар қамоқхонасига ўтказилган.

Сталин қатағонлари ҳақида тадқиқот олиб борган профессор, олим Рустамбек Шамсуддинов «Қатағон қурбонлари» номли китобида ўша даврнинг мудҳиш ҳодисалари ҳақида батафсил маълумот берган.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида СССРда қатағонлар бирмунча тўхтатиб турилган. Аммо уруш тугаганидан сўнг, бегуноҳ одамларни қамаш яна авж олган. ГУЛаг қамоқхоналарига Шарқий ва Марказий Европа мамлакатларидан коммунистик тузумга қарши чиққанлар, шунингдек кўплаб япон ҳарбий асирлари жойлаштирилган.

1946 йилда Марказий қўмитанинг «Звезда» ва «Ленинград» журналлари ҳақида» қарори чиқади. Бу журналлар Анна Ахматова ва Михаил Зошенконинг «совет реал ҳаётига ёт бўлган» асарларини чоп этгани учун айбланган эди. Шундан сўнг мамлакат бўйлаб яна адиблар, зиёлиларни қамоққа олиш бошланади ва у Сталин вафотигача давом этади.

1953 йил 5 март куни Сталин вафот этади. 27 март куни СССР олий совети президиуми умумий афв эълон қилади. Шундан сўнг дастлабки уч ойда ГУЛагда сақланаётган маҳбуслардан 1,2 миллион нафари озодликка чиқади. Қолган маҳбуслар ҳам кейинчалик навбати билан озод қилинади.

ГУЛаг маҳбуслари – текин ишчи

1930-йиллардан бошлаб ГУЛаг қамоқхона лагерларида сақланган маҳбуслардан ишчи кучи сифатида фойдаланиш бошланади. 1930-1956 йиллар оралиғида СССРда қурилган аксарият йирик қурилишларда маҳбуслар текин ишчи сифатида ишлатилган.

ГУЛаг маҳбуслари темирйўл қурмоқда.

Маҳбусларга тамаки ва озиқ-овқат сотиб олиш учун арзимаган пул берилган. Айниқса, сиёсий маҳбусларга иш ҳақи тўлашда кўп ноҳақликлар қилинган.

1938 йилда маҳбусларни муддатидан олдин озод қилиш тартиблари ҳақида гапира туриб шахсан Сталиннинг ўзи уларнинг ишчи сифатида мамлакат иқтисодиёти учун қанчалик муҳим эканини айтган эди:

«Маҳбуслар қамоқхонада ўзини яхши тутганига алданиб қолмаслик керак. У ерда улар тартиб билан яшайди. Озодликка чиққач яна жиноят йўлига киради. Шундай экан, муддатидан олдин чиқадиганларни ҳам ишлаётган жойида олиб қолиш чораларини кўриш керак. Ана шунда улар ҳар доим назоратда бўлади».

Сталиннинг бу гапидан сўнг озодликка чиқиши керак бўлган маҳбусларга ички тартибни бузиш билан айб қўйилиб, қамоқ муддати узайтирилаверади. Оқибатда, текин ишчи сифатида ишлаётган маҳбусларнинг бир қисми вафот этганча қамоқхона лагерларида қолиб кетаверади.

1936 йилда НКВД қошида қуйидаги бошқармалар ташкил этилади:

  • Муҳандислик-қурилиш бўлими;
  • Алоҳида қурилиш бошқармаси;
  • Автомобил йўлларини қуриш бошқармаси;
  • Тоғ-металлургия корхоналарини қуриш бошқармаси;
  • «Бошгидроқурилиш»;
  • «Бошсаноатқурилиш»;
  • «Дальстрой» (шимоли-шарқий ҳудудлар қурилиш бошқармаси);

НКВД маҳбуслар орасидан турли касб эгаларини алоҳида ажратиб олиб, уларни ўз мутахассислиги бўйича ишлатади. Қўлида ҳунари бўлмаганларни (айниқса зиёлиларни) энг оғир ишларга – кўмир ва турли рудаларни қазиш ишларига жалб қилади.

Аксарият қамоқхона лагерларида сиёсий маҳбуслар оддий жиноятчилар билан бирга сақланади. Оқибатда, оддий жиноятчилар сиёсий маҳбусларни камситиб, уларнинг кийимлари ва овқатларини тортиб олади. Бундан ташқари, лагер назоратчилари бўлган НКВДчилар ҳам оддий жиноятчиларга қараганда сиёсий маҳбусларга кўпроқ азоб беришади.

Аксарият қамоқхона лагерлари Сибирда ёки Узоқ Шарқнинг одам оёғи етмайдиган жойларида топилган конлар яқинида ташкил этилгани учун маҳбуслар ҳеч қаерга қочиб кета олмаган.

Совуқ ҳавода меҳнат қилишга мажбурланган ва оғир шароитга чидай олмай вафот этган маҳбуслар қамоқхона лагерлари атрофидаги оммавий қабристонларга ном-нишонсиз кўмиб юборилган.

ГУЛаг қамоқхона лагерларида сақланган маҳбуслар томонидан 1930 йилдан 1953 йилгача СССРдаги жуда кўплаб йирик объектлар қурилган.

Жумладан:

  • 1931-1933 йилларда узунлиги 277 километр бўлган Беломор-Болтиқ канали (250 минг маҳбус ишлаган);
  • 1932-1937 йилларда узунлиги 101 километр бўлган Волга-Дон канали (Каспий ва Қора денгизни ўзаро боғлаш учун қурилган);
  • 1934 йилдан бошлаб Байкал-Амур магистрал темирйўлининг Транссибир қисми (500 минг маҳбус ишлаган);
  • 1935-1942 йилларда Москва-Киев, Москва-Минск автомобил йўллари;
  • 1937 йилда 128 километр узунликдаги Москва канали;
  • 1937 йилдан бошлаб Печора магистрал темирйўли;
  • 1930-1941 йиллар оралиғида жами 6,5 минг километр темирйўл;
  • 1930-1941 йиллар оралиғида 156 та аэродром қурилган.

Шунингдек, ГУЛаг маҳбуслари СССРдаги кўплаб завод ва фабрикаларни қуришган. Норилск ва Нижнетегилскдаги металлургия комбинатлари, «Североникел», «Амурстал» ва «Печенганикел» заводлари маҳбуслар томонидан тикланган.

Бундан ташқари, ГУЛаг маҳбуслари томонидан бутун бошли шаҳарлар тикланган. Россиядаги Комсомолск, Дудинка, Воркута, Ухта, Инта, Печора, Находка, Волжский ва Дубна шаҳарларини маҳбуслар қуришган.

Бу шаҳарлар Россиянинг етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида тиклангани учун, оғир шароитларда ишлаган кўплаб маҳбуслар ҳалок бўлган.

Мамлакат бўйлаб бир неча миллион ГУЛаг маҳбуслари оғир шароитларда ишлар экан, совет ҳукумати олчоқларча кенг миқёсдаги қурилишлар совет халқининг мардона меҳнати эвазига бунёд этилаётгани ҳақида дунёга жар соларди.

Ҳатто атоқли совет адиблари ҳам ҳақиқий аҳволни билса ҳам маҳбусларнинг оғир меҳнати эвазига қурилган турли объектлар «Совет халқининг мардона меҳнати эвазига бунёд бўлгани» ҳақида асарлар ёзишади.

Газеталарда турли қурилиш объектларида «социалистик меҳнат мусобақаси» қизғин давом этаётгани ва ишчилар юқори натижалар кўрсатаётгани ҳақида хабарлар берилади. Аслида эса барча ишлар маҳбусларнинг оғир меҳнати эвазига бажарилаётганди.

Масалан, совет тарғиботчилари бўлган 36 нафар адиб «Сталин номидаги Оқ денгиз-Болтиқ канали» асарини ҳаммуаллифликда ёзган ва уларнинг орасида Максим Горкий ҳам бор эди. Бу асарда ёзувчилар маҳбуслар томонидан бажарилган ишларни олчоқларча совет халқига нисбат беришади.

Кейинчалик бу китобга таъриф берган Александр Солженицин уни «Рус адабиётидаги қуллар меҳнати улуғланган биринчи китоб» деб атаган эди.

ГУЛаг маҳбуслари оғир меҳнат жараёнида

СССРдаги барча қурилишларда асосий ишлар маҳбуслар томонидан бажарилаётгани барчадан қаттиқ сир тутилган. Масалан, 1936 йилда «Мосволгострой» (Москва каналини қурган ташкилот) оддий фуқароларни ишга олишдан аввал улардан махсус тилхат олган.

Тилхатда қуйидагича ёзилган:

«Мен «Москва-Волгострой» қурилиш бошқармасидаги ҳолат ҳақида ҳеч қачон, ҳеч кимга ва ҳар қандай шароитда маълумот бермайман. НКВДга тегишли қамоқхона лагерларида сақланаётган маҳбус-ишчилар ҳаёти, иши, кун тартиби ва жойлашуви билан боғлиқ ҳар қандай маълумотларни ошкор қилмайман. Шунингдек, мен маҳбуслар билан ўзаро алоқа қилмайман ва уларнинг шахсий илтимосларини бажармайман. Мен юқоридаги тартиб-қоидаларни бузсам жиноий жавобгарликка тортилишим ҳақида огоҳлантирилдим».

СССР бўйлаб кўплаб инсонлар қатағон қилинар экан, уларни шароит бирмунча яхши бўлган мамлакатнинг ғарбий қисмида, Кавказда ёки Ўрта Осиёда эмас, 8-9 ойлаб совуқ об-ҳаво ҳукм сурадиган Сибирда ва Узоқ Шарқдаги лагерларда сақлашган.

Маҳбуслар озиқ-овқат билан таъминланиши ҳам ҳаминқадар бўлган. Уларга доимий равишда кийим-бош, ётоқ койкалари ва бошқа зарурий жиҳозлар етишмаган.

ГУЛаг маҳбуслари жуда қаттиқ совуқда ҳам ишлашга мажбурланган

Аксарият қамоқхона лагерларидаги махсус баракларга меъёрдан ошиқ маҳбус жойлаштирилган ва улар жуда оғир шароитларда яшашга мажбур бўлган.

1938 йилда СССР прокурори А.Вишинский Сталин ва Молотовга махсус хат билан чиқиб, ГУЛагда сақланаётган маҳбусларга кийим-кечак ва бошқа жиҳозлар етишмаётганини маълум қилган:

«Бамлаг (қамоқхона лагерининг номи)да на этик, на бошқа кийим-кечак бор. Совун йўқ. Одамлар кийими йўқлиги учун ҳожатхонага бора олмаяпти. Шундай шароитга қарамасдан у ерга яна янги маҳбуслар жўнатиляпти. Уларни қабул қилишга уй-жой йўқ. Уй-жой қуриш учун турли асбоблар, арра, болта йўқ. Ўртоқ Димаковнинг сўзларига кўра, озиқ-овқат билан боғлиқ вазият ҳалокатли. Ҳозир 60-70 минг маҳбус қор ва музлар эришидан олдин тайга ичкарисига юбориляпти. Аммо уларга фақат бир ойлик озиқ-овқат бор. Ухтпечора лагеридаги шароитлар ҳам қониқарсиз. Маҳкумларнинг атиги 60 фоизи ётоқ билан таъминланган. Уларнинг 50 фоизида иссиқ кийим ва пойабзал бор холос. Қамоқда сақлаш ва ташишдаги қониқарсиз санитария шароитлари туфайли маҳкумлар орасида сил касаллиги тарқала бошлади».

ГУЛагдаги даҳшатли азоблар

Ўша пайтда ГУЛаг қамоқхоналарида маҳбуслар оғир шароитда яшагани ҳақида ҳатто қамоқдан чиқиб келган собиқ маҳбусларнинг ўзлари ҳам ҳеч нарса гапирмаган.

Агар улар «зона»даги азоб-уқубатлар ҳақида гапиришса, «Совет ҳукуматига, унинг маҳбусларга яратиб берган зўр шароитларига» туҳмат қилишда айбланиб, яна қамалиш эҳтимоли бор эди. Шу учун ҳам аксарият собиқ маҳбуслар жим юришни афзал билишган.

«Бизлар ишлайдиган жойдан бироз нарида хотин-қиз маҳбуслар ишларди. Гарчанд биз уларни, улар эса бизни кўрмасалар ҳам, лекин вақти-вақти билан нола тўла фарёддан иборат, Худога ёлвориб айтган ашулалари эшитиларди. Аммо ашула охирига етмасдан соқчилар уларнинг нафасларини ўчирарди.

Худога ёлвориб фарёд чекаётган бу мунис аёллар кимлар? Булар уруш даврида немислар қуршовида қолган, шунинг учун ватан хоини ёки жосусликда айбланганлар эди. Деярли кўпчилиги Украина, Беларус, Болтиқбўйидан келган шўрлик хотин-қизлар».

Бу сатрлар халқимизнинг атоқли ёзувчиси Шукруллонинг «Кафансиз кўмилганлар» асаридан олинган.

Манфур тузум ўша пайтларда ҳеч кимни аямайди. Унинг чангалидан ёш болалар, аёллар, қариялар, ҳеч ким омон қолмади.

ГУЛагдаги аёл маҳбуслар

ГУЛаг қамоқхоналардаги мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар миллионлаб инсонларнинг бевақт вафот этишига, майиб-мажруҳ бўлишига сабаб бўлди.

ГУЛаг ҳақида асарлар

Сталин вафотидан кейин ҳам, гарчи у Хрушчёв томонидан қораланган бўлса-да «Халқлар доҳийси» давридаги қатағонлар ҳақида асар ёзиш мумкин эмасди.

Аммо СССРда Сталин қатағонлари ҳақидаги асарлар кейинчалик барибир ёзилди. Улардан бири Александр Солженициннинг «ГУЛаг архипелаги» асари эди. Солженицин уни 1958-1968 йиллар оралиғида ёзган.

Асарда муаллиф 257 нафар собиқ ГУЛаг маҳбусининг хатлари, эсдаликлари, ҳикоялари асосида қамоқхоналарда сиёсий маҳбусларга қанчалик ёвуз муносабатда бўлишганини очиқлаб беради.

Ушбу асарни СССРда чоп этишга рухсат бермасликларини яхши билган муаллиф қўлёзмани яширинча йўллар билан хорижга жўнатади. Асар илк бор, 1973 йилда Парижда чоп этилади.

Асарнинг хорижда, бунинг устига капиталистик Францияда чоп этилиши катта шов-шувга сабаб бўлади. СССРда муаллифни роса тергов қилишади, уй қамоғида сақлашади. Орадан бироз ўтиб СССР ҳукумати Солженицинни халқаро ташкилотлар босими остида хорижга чиқариб юборади. Асар қўлёзмасини хорижга жўнатишда ёрдам берган адибнинг ёрдамчиси ва котибини эса КГБ ўлдиртиради.

«Гулаг архипелаги» асари СССРда фақат 1990 йилга келиб китоб ҳолида чоп этилади. Унгача 1989 йилда «Новый мир» журналининг 7-11-сонларида ундан бир неча боб берилган эди.

Сталин қатағонлари ва ундаги қамоқхоналар ҳақида асар ёзганлар орасида халқимизнинг атоқли ёзувчиси Шукрулло ҳам бор. Ёзувчи 1951 йилда ноҳақ қамалади ва Сталин вафотидан кейин оқланади. Кейинчалик ёзувчи бошидан ўтказган воқеалар асосида «Кафансиз кўмилганлар» асарини ёзади.

Адиб, ушбу асарда ўз кўзи билан кўрган воқеалар асосида ГУЛагда содир бўлган аксарият ёвузликларни ҳикоя қилган.

ГУЛаг қамоқхоналари ҳақида яна бир ўзбек адиби Саид Аҳмад ҳам бир қанча асарлар ёзган. Саид Аҳмад урушдан сўнг, 1947 йилда ноҳақ қамалади ва бир неча йил ГУЛагнинг энг даҳшатли қамоқхоналаридан бири бўлган Жезқазған яқинидаги лагерда бўлади.

У ҳам бошқалар қатори, Сталин вафотидан кейин оқланиб уйга қайтади. Саид Аҳмад ўз асарларида қамоқхонада маҳбуслар тортган азобларни борича тасвирлаган. Жумладан, Қўрқув салтанати ҳикоясида Жезқазғандаги қамоқхона лагеридаги ҳолатни шундай тасвирлайди:

«Лагерда ашаддий каллакесарлар билан таниқли олимлар, бендерачи, власовчилар билан немис концлагеридан қочиб, партизанлар орасида жанг қилган ва охир-оқибат қамоққа тушган фидойи фронтовиклар, ўғрилар билан собиқ давлат арбоблари, Туркистон легионида хизмат қилганлар билан бир бўлак шоколад учун немис варақасини ёпиштирган, Болтиқбўйи республикасидан олиб келинган ўсмир болалар — ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетган. Каллакесарлар «сиёсий душманлар»ни мазах қилади. «Ҳа, интеллигентлар, Ватан хоинлари, аҳволинг қалай?»

Эрталаб аристонларни беш киши-беш кишидан қилиб сафга тизади. Соқчи баланд овозда бақиради: «Сафдан икки қадам ўнгга, икки қадам чапга чиқиш — қочиш ҳисобланади. Огоҳлантирмасдан отиб ташланади!» Саф мис конига йўл олади. Икки томонда соқчилар, атрофида ит айланиб юради. Мис конида ишлаш оғир. Ўпка соб бўлади. Ўлиб қолганларни олиб чиқиб кетаётганларида соқчилар ҳар эҳтимолга қарши мурданинг уч-тўрт жойига найза санчиб кўради. (Алдаётган бўлмасин тағин!)»

ГУЛаг ҳақида кейинчалик ҳам бошқа адиблар ва тарихчилар томонидан кўплаб асарлар битилди ва уларда Сталин қатағонларининг бор ваҳшийликлари очиб берилди.

1950 йиллар бошида ГУЛаг маҳбуси бўлган Саид Аҳмад рафиқаси Саида Зуннунова билан

ГУЛагнинг тугатилиши

Сталин вафотидан сўнг, 1953 йил март ойида ГУЛаг СССР Адлия вазирлиги ихтиёрига ўтказилади. Орадан бир йил ўтиб 1954 йил январь ойида у яна ИИВга қайтариб берилади ва номи «ИИВнинг қамоқхоналар бўлими» деб ўзгартирилади.

1956 йилда у Ахлоқ тузатиш меҳнат колониялари бош бошқармаси деб номланади. 1959 йилда яна «Қамоқхоналар бош бошқармаси» деб аталади.

Шу тариқа ГУЛаг атамаси барча ёвузликлари билан тарих қаърига йўқ бўлиб кетади. ГУЛаг тугатилгандан сўнг мамлакат бўйлаб жойлашган кўплаб қамоқхона лагерлари турли корхоналарга бериб юборилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top