22:01 / 19.05.2023
39169

Си Жинпинг Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича улкан режаларни эълон қилди - Reuters 

Бу билан Хитой анъанавий тарзда Россия таъсири остида бўлиб келган ҳудудда янги раҳбарлик ролини қўлга олаётгани айтилди. 

Фото: MARK CRISTINO/Pool via REUTERS

Хитой раиси Си Жинпинг 19 май куни Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича инфратузилмани барпо этишдан тортиб, савдо-сотиқни кенгайтиришгача бўлган улкан режаларни эълон қилди. 

Бу билан Хитой анъанавий тарзда Россия таъсири остида бўлиб келган ҳудудда янги раҳбарлик ролини қўлга олди, деб ёзди Reuters. 

Хитой бу борада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан ривожланиш стратегиясини мувофиқлаштиришга ва барча давлатларни модернизация қилишга кўмаклашишга тайёр, деди Си Жинпинг Хитой шимоли-ғарбида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Хитой» саммитидаги нутқида. 

«Ушбу саммит олти давлатнинг ривожланиши ва қайта тикланишига янги туртки берди ҳамда минтақавий тинчлик ва барқарорликка кучли ижобий энергия берди. Биз биргаликда юқори даражадаги, бир-бирини чуқур тўлдирадиган ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги парадигмасини ишлаб чиқамиз», деди Си Марказий осиёлик ҳамкасблари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида. 

Бу билан Хитой ресурсларга бой минтақада сиёсий таъсир ва энергия бойликлари учун курашда биринчи ўринга кўтарилди, Россия Украинадаги урушга чалғиди, АҚШ эса қўшинларини Афғонистондан олиб чиққач, минтақадаги таъсирини пасайтирди, деб ҳисобламоқда нашр. 

Савдо йўллари тармоғига эга бўлган бешта собиқ Совет республикалари бошқа жойларда тўсиқлар юзага келган тақдирда Хитойга ёқилғи, озиқ-овқат ва бошқа товарларни ташиш учун муқобил йўналишларни таклиф қилмоқда. 

Икки кунлик саммитда Хитой қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик ваъдаларини берди. Бир вақтнинг ўзида Японияда бўлиб ўтган G7 етакчилари саммитида Хитойнинг «салбий» имижи яратилган эди. 

Хитойнинг Марказий Осиёни қўллаб-қувватлаши АҚШ томонидан уни «мажбурлов дипломатияси»да айбланишига зиддек кўринмоқда. 

Си сўзларига кўра, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўзаро ишончни мустаҳкамлаши, шунингдек, суверенитет, мустақиллик, миллий қадрият ва узоқ муддатли ривожланиш каби асосий манфаатларни «аниқ ва қатъий қўллаб-қувватлаш»ни таклиф қилиши керак. 

«Хитой Марказий Осиё давлатларига ҳуқуқ-тартибот, хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятини оширишда ёрдам беришга тайёр», деди у. 

Шунингдек, Си Хитой икки томонлама сармоявий келишувларни янгилашини ва минтақа билан трансчегаравий юк ташиш ҳажмини оширишини айтди. 

Унинг қўшимча қилишича, бу Марказий Осиёда Хитой томонидан молиялаштириладиган корхоналарни кўпроқ иш ўринлари яратишга, омборлар қуришга ва туризмни ривожлантиришга қаратилган махсус поездлар қатновини йўлга қўйишга ундайди. 

«Ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёни ривожлантириш учун Хитой бу давлатларга 26 миллиард юань (3,8 миллиард доллар) миқдорида молиявий ёрдам ва грантлар ажратади», деди Си. 

Қайд қилинишича, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили рекорд даражадаги 70 миллиард долларга етган. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича 31 миллиард доллар билан етакчилик қилмоқда, чунки Хитой озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини ошириш йўлида яқинроқ алоқаларни изламоқда. 

Си «Хитой-Марказий Осиё» газ қувурининг D (тўртинчи) линияси қурилишини тезлаштириш кераклигини айтди. 

Шунингдек, у Хитой ва Марказий Осиёни нефть ва газ савдосини оширишга, саноат занжирлари доирасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга, янги энергия ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга чақирди. 

«Узоқ муддатли истиқболда Хитой Каспий денгизи орқали халқаро транспорт йўлаги қурилишини қўллаб-қувватлайди ва Хитой-Европа юк поездлари учун транспорт марказларини қуради», деди Си. 

Top