07:45 / 22.05.2023
12202

Қуриётган кўллар: инсонлар, иқлим ўзгариши ва хўжасизларча фойдаланиш оқибатида триллионлаб литр сув йўқотилмоқда

Иқлим ўзгариши туфайли сайёрамиз ҳароратининг ошиб бораётгани ва 1990-йиллар бошидан буён инсонлар томонидан сув тақсимотига кучли таъсир ўтказилиши жаҳондаги кўллар сувининг йилига миллионлаб галлонга камаяётганига олиб келди.

Associstaed Press нашри томонидан эълон қилинган янги тадқиқотга кўра, жаҳондаги 2000 дан зиёд кўллар пухта ўрганиб чиқилганда улар йилига 5,7 триллион галлон сув йўқотмоқда.

Бу 1992 йилдан 2020 йилгача жаҳон АҚШнинг Невада штатидаги энг йирик сув омбори бўлмиш Мидс кўлидан 17 тасини йўқ қилганини англатади. Бу миқдор АҚШ 2015 йилда ишлатган жами сув ҳажмига ҳам тенг.

Ҳаттоки ёғин-сочин кўп бўладиган ҳудудларда ҳам кўллар қуриб қолмоқда. Science журналида эълон қилинган тадқиқотларга кўра, бунга бош сабаб — кўллардан сувларнинг меъёрдан зиёд буғланишига сабаб бўлаётган иссиқ ва қуруқ ҳаво ҳамда сувларни қишлоқ хўжалиги, электр станциялари ва ичиш учун олаётган одамлар туфайли рўй бермоқда.

Муаллифлар табиий ҳол сифатида учинчи сабабни ҳам тилга олишган: ёғин-сочинларнинг камайгани туфайли дарё ўзанларининг ўзгариши. Лекин шу ҳам иқлим ўзгариши туфайли вужудга келган. Тадқиқотда айтилишича, мана шу сабаб Эрондаги Урмия кўли йилига 1,05 триллион литр сув йўқотаётганининг бош сабаби.

Эрондаги Урмия дарёси сатҳининг йиллар давомида ўзгариши. Фото: https: fotojoin.ru

Тадқиқот муаллифларининг сўзларига кўра, кўллар сонининг камайиши жойлар тўсатдан ичимлик сувисиз қолишини англатмайди, лекин бу кўл сувлари учун рақобатнинг ошишига олиб келиши мумкин. Чунки бу сувлар ҳидроэнергетика ва дам олишда, масалан қайиқда сузишда ҳам ишлатилади.

«Кўллар сатҳининг камайиши тенг ярим ҳолатларда инсоннинг истеъмоли ва бевосита инсон аралашуви туфайли ҳосил бўлган иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ», — деган тадқиқотнинг бош муаллифи, Колорадо университети иқлимшуноси Фангфанг Яо.

Кўллардан сувларнинг олиниши — сув камайишининг тўғридан тўғри инсон билан боғлиқ омили — жуда кенг миқёсда ва сезиларли экани эҳтимоли катта, чунки у «жуда кескин, маълум бир ҳудудни қамраб олади ва чиндан ҳам ландшафт ўзгаришига сабаб бўлади», — деган тадқиқот ҳаммуаллифи, Колорадо университети ҳидрологи Бен Ливне.

Бироқ сатҳ қисқаришининг иссиқ ҳаво ҳамда иқлим ўзгариши туфайли юз бериши «глобал ёпирилма эффект ҳосиласи бўлиб, барча жойга ёки жойларнинг аксариятига ўз таъсирини ўтказади», — деган Ливне хоним. Профессор Яонинг фикрича, Калифорниядаги Моно кўли — бундай сув қисқаришига яхши мисол бўла олади.

Калифорниядаги қуриб бораётган Моно кўли. Фото: tanya-zharkova.livejournal.com

Ҳаттоки иқлим ўзгариши туфайли тобора намлик даражаси ошиб бораётган ҳудудларда ҳам кўлларнинг суви қуримоқда, чунки иссиқ ҳаво кўллардаги сувларнинг буғланишини кучайтирмоқда. Бу дегани ҳавода қор ёки ёмғир сифатида қайтиб тушиши мумкин бўлган намлик миқдори ортади, лекин «алалоқибат у буғланган жойдан узоқда ёки океанлар узра ёғиши мумкин», — деб ёзади Ливне.

Яо, Ливне ва уларнинг ҳамкасблари сўнгги 30 йиллик сунъий йўлдош кузатувлари, иқлимга доир маълумотлар ва компютер моделлаштиришидан фойдаланиб, кўллар билан нима ҳодиса юз бераётганини аниқлашга уриниб кўришди. Аниқланишича, уларнинг ярмисидан кўпида сув миқдори шу қадар камайганки, уларни асло тасодиф деб аташ мумкин эмас, уларнинг барчаси статистик жиҳатдан муҳим маълумот ҳисобланади.

Яонинг сўзларига кўра, АҚШда Мид (Mead) кўли 1992 йилдан 2020 йилгача ўз сувининг учдан икки қисмини йўқотган. Шу вақтнинг ўзида Буюк тузли кўли ҳам сезиларли қисқарган. Буюк кўллар эса аввал 1992 йилдан 2013 йилгача қисқариб, кейин бир маромга тушиб, сўнгра яна кенгая бошлаган.

Мид кўли. Фото: webuildvalue.com
Фото 004. Буюк тузли кўл. Фото: evenmagazine.com

Яна бир муаммо шундан иборатки, қуриётган кўллар юқоридан оқиб келаётган дарёлардан гил ва лойқа чўкиндиларига тўлиб қолмоқда.

Олимлар анчадан буён иқлим ўзгариши, сувдан фойдаланиш ва ёғин-сочин билан боғлиқ муаммолар ҳақида бонг уриб келишмоқда, «бироқ Яо ва унинг ҳамкасблари томонидан тақдим этилган, катта кўлларнинг сув сатҳи билан боғлиқ муаммолар янги ҳисобланади ва улар аввалги тадқиқотларга нисбатан тўлиқроқ манзара очиб беради», — деган Шимолий Каролина университетининг тадқиқотда иштирок этмаган ҳидрология профессори Тамлин Павелски.

«Мени кўпроқ экологик жиҳатдан муҳим бўлган ва бошқа сифатли сув манбаи мавжуд бўлмаган ҳудудлардаги кўлларнинг тақдири ташвишлантириб келади. Эрондаги Урмия кўли, Ўлик денгиз, Солтон денгизи... уларнинг барчаси кишида ташвиш уйғотади», — деган Павелски.

Вазият тобора ёмонлашиб бориши эҳтимоли катта, чунки иқлим исиб бораётган шароитда тобора ўсиб бораётган инсоният жамиятига кўпроқ сув керак, кўпроқ сув омборлари талаб этилмоқда, — деган Лос-Анжелесдаги Калифорния университетининг тадқиқотда иштирок этмаган иқлимшунос-ҳидрологи Парк Уильямс.

Top