18:51 / 30.05.2023
11285

Ўзбекистонда ипак толали ҳимояланган қоғоздан банкнотлар ишлаб чиқарилиши мумкин

Қоғоз тайёрлаш жараёнида табиий ипак толалар қоғоз массасига қўшилади, сўнгра унга флуоресцент эритмаси шимдирилади.

Фото: KUN.UZ

«Давлат белгиси» корхонаси, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мутахассисларининг ҳамкорликда ўтказган ипак толаси қўшилган ҳимояланган қоғозни тайёрлаш бўйича изланишига Адлия вазирлиги томонидан патент берилди. Бу ҳақда Марказий банк хабарида айтилмоқда.

Қайд қилинишича, банкнотлар, қимматли қоғозлар ва бошқа ҳужжатлар учун ҳимоя хусусиятлари оширилган табиий ипак толалари қўшилган қоғоз тайёрлаш технологияси дунёда илк бор Ўзбекистонда ишлаб чиқилди.

Ушбу ихтиро туфайли ҳимоя элементлари таркибига ипак толаси қўшилган қимматбаҳо қоғозни бошқа турдаги қоғозлардан ажратиш имконияти пайдо бўлиши айтилмоқда.

Қоғоз тайёрлаш жараёнида табиий ипак толалар қоғоз массасига қўшилади, сўнгра унга флуоресцент эритмаси шимдирилади. Ультрабинафша нурлар билан ёритилганда ипак оқсили тўқ рангга киради ва шу йўсинда қоғоз қалбакилаштиришдан ҳимояланади. Бир хил қалинликдаги табиий ипакнинг қоғоз таркибига қўшилиши натижасида унинг мустаҳкамлиги бир неча баравар ошади.

Top