16:40 / 06.06.2023
7608

18 ёшгача бўлган шахс жазони ўтаб бўлгач, судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда

Ўзбекистонда вояга етмаганлар жинояти учун жазони ўтаб бўлса, судланмаган деб ҳисобланиши мумкин. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одил Тожиев хабар берди.

Қайд этилишича, парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77 ва 85-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди. 

Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексига қуйидаги мазмундаги ўзгартиш ва қўшимча киритилиши таклиф этилмоқда:

Биринчидан, 18 ёшга тўлмаган шахслар содир этган жинояти (ўта оғир жиноятлар бундан мустасно) учун жазони ўтаб бўлганидан кейин "судланмаган" деб ҳисобланади.

Иккинчидан, вояга етмаган шахсга нисбатан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддати бир ойга туширилади (амалда ушбу муддат 6 ойни ташкил қилади).

Судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Top