07:15 / 08.06.2023
7318

МСК Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олди

Тошкентда Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) Ўзбекистон президенти сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича  навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: МСК

МСК маълумотига кўра, мажлис давомида комиссия аъзолари  Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш масаласини кўриб чиқдилар.

Сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, Ўзбекистон президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари, Ўзбекистон президентлигига номзод МСК томонидан рўйхатга олингандан сўнг унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади. Номзоднинг ишончли вакилларига Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.

Ишончли вакиллар президент лавозимига номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, унинг сайланиши учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Шунингдек мажлисда, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида МСК ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилинди ва тегишли низом тасдиқланди.

Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг 12 нафар сайловни кузатувчи миссияси вакиллари МСКнинг қарори билан аккредитациядан ўтказилди.

5 июнь куни МСК сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон президентлигига номзодларни рўйхатга олди.

Мавзу
Президентлик сайлови-2023
Ўзбекистонда 2023 йил 9 июл куни муддатидан илгари президенти сайлови бўлиб ўтади. Янгиланган Конституцияга кўра, президент ваколат муддати ҳозирги 5 йилдан 7 йилга оширилган.
Барчаси
Top