Фан-техника | 18:19 / 08.06.2023
81200
2 дақиқада ўқилади

Volvo EX30 электромобилини тақдим этди

Ихчам кроссовер 3,6 сонияда 100 км тезликка чиқа олади.

Фото: Volvo

Volvo компанияси 7 июн куни расман EX30 кроссоверини тақдим этди. Янги модель Volvo кроссоверлари ичида энг тезкори ҳисобланади. Электромобилнинг топ комплектацияси 100 км тезлик қайд этиши учун 3,6 сония кифоя қилади.

Бундан ташқари, EX30 нархи сабаб Volvo’нинг энг оммабоп автомобилларидан бири бўлиши кутилмоқда. Volvo EX30 моделининг базавий комплектацияси учун 36 минг доллар нарх белгилаган. 

EX30 дизайнида унинг «катта акаси» Volvo EX90’дан илҳомланилган. Машина интерьерида эса скандинавияликларга хос минимализмдан фойдаланилган — ҳатто ускуналар бошқаруви тугмаларига ҳам жой берилмаган, ҳаммаси марказдаги 12,3 дюймлик дисплей менюси орқали бошқарилиши белгиланган. Автомобиль Harman Kardon аудиотизимига эга бўлган. 

Рақамли технологияларнинг қўлланиши жиҳатидан EX30 Volvo’нинг энг илғор автомобилига айланган. Масалан, автопарковка функцияси орқали автомобилни қийин ҳолатларда ҳам парковка қилиш имконияти мавжуд. Шунингдек, машина 360 даражада атроф-муҳитни кўриш тизими (камералар), панорамали люк, смартфонлар учун симсиз зарядлаш қурилмалари билан жиҳозланган.

Моделнинг базавий комплектацияси 268 от кучига эга электромотор билан жиҳозланган. Автомобиль батареяси сиғими эса 54 кВт/соатни ташкил этади. Тўла қувват билан 344 км масофа босиб ўтиш мумкин. Шунингдек, 69 кВт/соат сиғимлик батареяга эга версияда тўла қувват билан 480 км масофа босиб ўтиш мумкин. Топ комплектация иккита электромотор билан таъминланган, улар биргаликда жами 428 от кучини беради.

Машинанинг узунлиги 4233 мм, эни 1837 мм, бўйи 1555 ммни, ғилдираклар базаси эса 2650 ммни ташкил қилади.

EX30’ни етказиб бериш 2024 йилга мўлжал қилинган.

Мавзуга оид