08:13 / 09.06.2023
4877

ЕИ давлатлари бошпана бериш тизимини ислоҳ қилишга келишиб олди

Европа парламенти томонидан ҳали тасдиқланмаган янги қоидалар Европа Иттифоқи мамлакатларида мигрантлар ва бошпана изловчиларнинг янада адолатли тақсимланишини назарда тутади.

Фото: EFE

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар бошпана бериш тизимини ислоҳ қилиш бўйича дастлабки режани келишиб олди. Овоз бериш 8 июн, пайшанба куни Люксембургда Европа Иттифоқи адлия ва ички ишлар вазирлари йиғилишида бўлиб ўтди.

Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилувчи Швециянинг таъкидлашича, келишув "масъулият ва ҳамжиҳатлик ўртасидаги яхши мувозанатни" таъминлайди. Италия, Австрия ва Нидерландия каби Европа Иттифоқининг айрим аъзолари танқидига қарамай, бир неча соат давом этган кескин музокаралардан сўнг келишувларга эришилди.

Европа Иттифоқининг ички ишлар бўйича комиссари Ильва Йоханссон Европа Иттифоқи учун миграция сиёсати бўйича “ўта муҳим қадам”ни олқишлади.

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер келишувни “тарихий муваффақият – Европа Иттифоқи учун, янги, бирдам миграция сиёсати ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун”, деб атади.

2024 йилда Европа парламенти сайловлари олдидан якунланиши керак бўлган келишувга кўра, ҳар бир давлат маълум миқдордаги муҳожирларни қабул қилиш учун жавобгар бўлади, лекин уларни қабул қилишга мажбур эмас.

Европа Иттифоқига келаётган ноқонуний муҳожирлар ва қочқинларни қабул қилишни истамаган давлатлар бошқа мезбон мамлакатларга маблағ - киши бошига тахминан 20 минг евро, шунингдек, жиҳозлар ёки ходимлар билан ёрдам бериши мумкин бўлади.

Top