21:11 / 22.06.2023
89141

250 минг долларлик ҳашамат — Lucid электрокарида эксклюзив тест-драйв

АҚШга сафари давомида Kun.uz мухбири энг қиммат электрокарлар қаторида турувчи Lucid билан танишди. Компаниянинг Калифорниядаги сотув офисида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик Жаҳонгир Раимбеков тест-драйв давомида бизга электромобилнинг техник имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.

Бош қароргоҳи Калифорния штати Ньюарк шаҳарчасида жойлашган Lucid Motor компанияси унчалик узоқ тарихга эга эмас. Компания 2007 йилда ташкил топган, 2021 йил охиридан бошлаб эса ўта ҳашаматли ва самарадорлиги юқори бўлган премиум электромобилларни ишлаб чиқара бошлаган.

Lucid 2022 йилда 7200 га яқин автомобиль ишлаб чиқарган. Компаниянинг Аризонадаги заводида 4 хил маркадаги машиналар йиғилади. Энг арзони Air Pure – солиқларсиз 87,4 минг доллардан бошланади.

Шунингдек, Аir Touring (107 минг доллар, солиқларсиз) ва Air Grand Touring (138 минг доллардан бошлаб, солиқларсиз) моделлари ҳам мавжуд.

Электромобилнинг асосий самарадорлиги – ундаги батарея қувватининг узоқ масофага етиши, тез қувватланиши ҳамда автомобилнинг тезланиши, тезлигида кўринади. Масалан, Lucid'нинг энг арзон машинаси 480 от кучига эга, 15 дақиқада 200 миль (321 км) масофага етадиган қувват олади. Тўла қувват билан 660 км масофани босиб ўта олади.

Сотувда бўлган Lucid электромобилларининг техник кўрсаткичлари

Air Sapphire – Lucid'нинг 2023 йил сотувга чиқиши кутилаётган, айни вақтда буюртмалар қабул қилинаётган янги модели.

Lucid Air Sapphire

Нархи 250 минг доллардан бошланувчи бу премиумкар 1200 от кучига эга, расмий релизга кўра, 60 миль/соат (96 км/соат) тезликка чиқиши учун 2 сония кифоя қилади. Энг юқори тезлиги 200 милдан (321.89 км) ошади.

Lucid'нинг ҳамма моделлари овозли ёрдамчи, 360 градус камера, автопаркинг, 3 та дисплей ва барча электрон қулайликларга эга.

АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Жаҳонгир Раимбеков айни вақтда Lucid компаниясининг сотув бўлимида ишлайди. Kun.uz мухбири Америкага сафари давомида ҳамюртимиз билан Lucid компанияси ҳақида суҳбатлашиб, янги авлод автомобилини тест-драйв қилди. Батафсил видеода кўришингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

Top