08:38 / 24.06.2023
8129

Ўзбекистондан ишчи кучи Бурсага марказлашган ҳолда жалб қилиниши мумкин

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхонаси ходимлари Бурса шаҳрига ташрифи давомида мамлакат савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимотлар  ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Kun.uz

Иштирокчиларга қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. Туркия томони билан Ўзбекистондан малакали ишчи кучини Бурсага марказлашган ҳолда жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Ёш саноатчи ишбилармон доиралари ва бошқарувчилари уюшмаси бошқарув кенгаши раиси Мурат Кая Ўзбекистонда сўнгги йилларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторлар ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш юзасидан амалга  оширилган ислоҳотларни юқори  баҳолади. «Уюшма аъзолари билан ўзбекистонлик ҳамкорлар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш, янги йўналишларни кашф этиш мақсадида яқин кунларда Ўзбекистонга амалий сафар ташкил этишни режалаштиряпмиз», - деди у.

Болқон саноатчилари ва ишбилармон доиралари уюшмаси бошқарув кенгаши раиси Фотиҳ Шокир ўз нутқида қуйидагиларни  таъкидлади: «Биз болқонлик турклар сифатида шу кунгача болқон давлатлари билан ҳамкорликка катта урғу бериб келганмиз. Бугунги тадбирдан сўнг қардош Ўзбекистон билан ҳали кашф этилмаган кўп қиррали ҳамкорлик ришталарини ўрнатишга қарор қилдик. Бу борада, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, текстиль, кимё, чарм-пойабзал, озиқ-овқат каби соҳаларда катта имкониятлар мавжуд. Ушбу соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёрмиз».

Top