11:24 / 29.06.2023
4023

ЕИда рақамли еврони жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси тақдим этилди

Европа комиссияси молиявий секторда рақобатни рағбатлантириш ва инновацион маҳсулотларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар пакетини тайёрлади.

Фото: K. Schmitt/Fotostand/picture alliance

28 июнь, чоршанба куни Брюсселда Европа комиссияси (ЕК) томонидан рақамли евронинг муомалага киритилиши ҳақидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Ушбу ҳужжат молиявий секторда рақобатни рағбатлантириш ва инновацион маҳсулотларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар пакетининг бир қисмидир, дея маълум қилди ЕК.

Рақамли евро истеъмолчилар ва корхоналар учун «кенг қабул қилинган, арзон ва хавфсиз пул шаклида» тўловларни амалга оширишнинг яна бир усули бўлиши керак, дея билдирди идора. У нақд евро билан параллел равишда мавжуд бўлиши ва рақамли ҳамёнда, масалан, мобил телефонда сақланиши режалаштирилган.

Европа комиссияси томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси ана шундай янгилик учун ҳуқуқий асос яратишга қаратилган. Бироқ, рақамли еврони муомалага киритиш имконияти ва муддатлари ҳақидаги қарорни Европа Марказий банки (ЕМБ) қабул қилиши керак. Бундан ташқари, кучга кириши учун Европа комиссияси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Европарламент ва Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар томонидан маъқулланиши керак.

ЕМБ веб-сайтида айтилишича, рақамли евро бутун еврозонада ишлатилиши мумкин ва «бугунги кунда нақд пул каби қулай ва хавфсиз» бўлади.

Top