Жаҳон | 16:13 / 30.06.2023
8856
4 дақиқада ўқилади

2050 йилда қандли диабетга чалинганлар сони 1,3 миллиардга етиши мумкин – The Lancet

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2019 йили мамлакатда 245 мингдан зиёд бемор қандли диабетга чалингани, уларнинг 2300 нафари болалар, мингга яқини ўсмирлар эканини маълум қилган. Кейинги йилларда беморлар сони неча нафарга етгани очиқланмаган.

Фото: AP

Қандли диабет — тобора яшариб бораётган касаллик. Ҳозир дунёда ярим миллиарддан ортиқ киши ушбу дарддан азият чекмоқда. Улардан катта қисми хасталикнинг 2-турига чалинган. Буюк Британиянинг нуфузли The Lancet тиббий журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, 2021 йилда дунёда қандли диабет билан касалланганлар сони 529 миллион киши бўлган бўлса, 2050 йилга бориб уларнинг сони 1,31 миллиардга етади.

Британиялик тадқиқотчиларнинг ёзишича, қандли диабет Ер юзи аҳолисининг 6,1 фоизида учрайди. Бу эса ушбу касалликдан ногиронлик ҳолатлари ортишига сабаб бўлмоқда. Дунё миқёсида диабетга чалинганлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Қандли диабет билан касалланишнинг 49,6 фоизга ошиши семириш билан боғлиқ. Олимлар фикрига кўра, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик оқибатида келиб чиқадиган ортиқча вазн қандли диабетнинг асосий омилидир. Боиси, касалликнинг 2-тури ривожланишига сабаб инсон танасида мушак тўқимасининг камайиб, ёғ тўқимасининг кўпайиши ҳисобланади. Аммо хасталик семиз бўлмаган инсонларда ҳам ривожланиши мумкин.

Қандли диабет асосан оғиз қуриши, чанқаш ва шунга яраша керагидан ортиқ суюқлик истеъмол қилиб, кўп пешоб ажралиши каби белгилар билан намоён бўлади. Шунингдек, бундай беморларда умумий ҳолсизлик, оёқларда оғриқ ва кейинчалик жароҳатларнинг секин битиши кузатилади. Ортиқча вазни бўлган кишиларда хасталик иштаҳанинг ҳаддан ортиб кетиши билан ҳам кузатилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, қандли диабет беморларини даволашга йўналтирилган глобал харажатлар бугунги кунда 966 миллиард долларни ташкил қилмоқда. 2045 йилга бориб ушбу харажатлар 100 миллиард долларга етиши мумкин.

Тадқиқот дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан диабетнинг ўсиш суръатларини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ўзини оқламаслигини кўрсатган. 2025 йилга бориб ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида аёлларда касалланиш атиги 1 фоизга камайиши мумкин. Эркаклар орасида бу кўрсаткич ундан ҳам паст.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, шакар ўрнини босувчи сунъий қўшимчалар инсон саломатлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдиради. Ушбу хулоса бир неча йил давомида ўтказилган 283 та тадқиқот натижаларига асосланган.

Маълумки, 25-30 грамм шакар истеъмоли кунлик меъёр ҳисобланади. Бундан ортиғи семириш ва хавфли касалликлар ривожланишига олиб келади. Шу сабабли баъзилар шакар ўрнини босувчи сунъий қўшимчалардан фойдаланиш хавфсиз деб ўйлайди.

Аслида, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларга ширин таъм бағишлашда қўлланадиган сахарин, аспартам, калий ацесульфам, сукралоза, неотам, адвантам, стевия ва унинг ҳосилалари дастлаб тана вазнини камайтирса-да, аммо ушбу жараён узоқ давом этмайди. Аксинча, бундай маҳсулотларнинг одатий истеъмоли бора-бора семиришга олиб келади. Оқибатда инсонларда 2-тоифа қандли диабет ривожланиш хавфи 34 фоизгача ошади.

Ўзбекистон ССВ 2019 йили мамлакатда 245 мингдан зиёд бемор қандли диабетга чалингани, уларнинг 2300 нафари болалар, мингга яқини ўсмирлар эканини маълум қилган. Кейинги йилларда беморлар сони неча нафарга етгани очиқланмаган.

Мавзуга оид