21:05 / 05.07.2023
11794

Google жуда кучли квант компьютерини яратди 

У энг кучли суперкомпютер 47 йил ичида ечадиган муаммони 6,7 сонияда ҳал қила олади. 

Фото: PA

Американинг Google корпорацияси ўта кучли квант компютерини яратишга муваффақ бўлганини эълон қилди – у суперкомпютер 47 йил сарфлайдиган масаланинг ечимини бир неча сония ичида топади. Бу ҳақда илмий журналда чоп этилган мақолага таяниб, The Telegraph хабар берди. 

2019 йилда Google 53 кубит қувватга эга ўта кучли квант компютери яратилганини, у IBM суперкомпютери 10 минг йилда ечадиган алгоритмни 200 сонияда бажара олишини эълон қилди. Аммо илмий ҳамжамият компания ютуғини жиддий эътиборга олмади. 

Янги тизим, Google маълумотларига кўра, аввалгисидан 241 миллион марта кучлироқ ва энг кучли Frontier суперкомпютери 47 йил ичида ечадиган муаммони 6,7 сонияда ҳал қила олади. The Telegraph бундай қувватни квант устунлиги деб атади. 

Аввалроқ IBM бош директори Арвинд Кришна 3-5 йил ичида квант компютерларидан тижорат мақсадида фойдаланиш бошланиши мумкинлигини айтганди – бунинг учун кубитлар сони 4 мингдан 10 минггача бўлган квант компютерлари керак бўлади. Ҳозирги вақтда энг кучли квант компютерлари қуввати 500 кубитга етмайди.

Top