18:34 / 07.07.2023
4531

Таиландга ишга бориб, одам савдоси қурбонига айланган уч нафар ўзбекистонликка ёрдам кўрсатилди

Уларни ватанга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Дунё

Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консуллиги ватандошларни Таиланддан ишга таклиф олганда ҳушёр бўлишга чақирди.

Бош консулликка 19 ёшли ўзбекистонлик Ж.М. одам савдоси қурбонига айлангани ва Таиландда яшаш учун турар-жой ҳамда маблағсиз қолгани юзасидан мурожаат қилган.

Фуқаронинг аризаси асосида Таиланд полицияси билан ҳамкорликда дастлабки суриштирув ишлари ўтказилган ва 3 нафар гумондор аниқланиб, улардан бири Таиланд ҳудудини тарк этмоқчи бўлган вақтда аэропортда ушланган. Қолган 2 нафар шахсга нисбатан қидирув-суриштирув ишлари давом этмоқда. Шунингдек, тергов давомида яна 2 нафар Ўзбекистон фуқароси одам савдоси қурбони сифатида меҳнатга мажбурлангани аниқланган.

Ҳозирда Бош консулхона томонидан ўзбекистонликларга ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда вақтинча турар-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак ва ватанга қайтиши учун авиачипта олишда ёрдам кўрсатилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ватандошларни Таиландга сафар қилишдан олдин ёлғон ваъдаларга алданиб қолмасликка, осон иш топишга оид таклифларга ишонмасликка ҳамда ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Top