Давлатчилик олдидаги 5 вазифа: сиёсий тизим ёпилмаслиги учун нима ишлар қилиш керак?
Ўзбекистон сиёсий тизими худди Марказий Осиёдаги ёки Туркий давлатлар ҳамжамиятидаги қўшнилари каби тадрижий ва барқарорлик сиёсий моделини давом эттиришга қарор қилди.
Одатда сиёсий таҳлилчилар барқарорлик моделини идеалистик либерал ислоҳотлардан фарқли ёки анча тескари сиёсий модел сифатида кўради. Бу билан Ўзбекистон қўшни давлатлар, мисол учун, Қозоғистон, Туркия ёки Озарбойжон каби ўзининг яқин иттифоқчилари ёки қўшниларидан фарқланмаслик борасида қарор қабул қилгани кўриниб турибди.
Бу идеалистик сиёсий ислоҳотлар, идеалистик ва интенсив ислоҳотлар йўли эмас, имкон қадар онгли, ўйланган ва назорат қилинган тараққиёт модели дейиш ҳам мумкин. Бошқача айтганда авторитар бошқарув модели.
Бундай авторитар моделнинг ижобий томонлари ҳам бордир. Лекин унинг ўзига хос муаммоли тарафлари албатта бўлади. 2016 йилга қадар қаттиқ авторитаризм даврини яшаб ўтди ва иккинчи маъмурият бу даврга нисбатан турғунлик даври ва муаммоларни консервация қилиш, ёпиш даври деб баҳо бергани барчага маълум.
Энди 2023 йилдан бошлаб, кейинги етти йилликда Ўзбекистон давлатчилигида сиёсий тизимнинг табиатидан келиб чиқиб, сиёсий ўйин қоидасидан келиб чиқиб қандай муаммолар бўлиши мумкин ва мана шу муаммоларни ечиш учун қайси нуқталарга эътибор бериш керак деган савол пайдо бўлади.
Менинг назаримда, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий соҳада камида бешта муаммога ёки бешта йўналишга алоҳида эътибор бериши керак.
Биринчиси – сўз ва фикр эркинлиги ҳамда ташаббусини Ўзбекистон ичида ушлаб туриш, ушлаб қолиш вазифаси. 2005-2016 йиллар мобайнида Ўзбекистонга дахлдор энг муҳим хабарлар, фикрлар, лойиҳалар, ғоялар – хорижда айтилди. Ахборот борасида Ўзбекистонда «расмий» ва «норасмий» майдон шаклланиб улгурган эди. Жамоатчилик, жумладан, сиёсий элитанинг ўзи ҳам ташқи дунёдан тарқатилаётган хабарлар билан озиқланар, тафаккурини шакллантирар эди. Давлат ахборот борасида ташаббусни тўлиқ қўлдан чиқарган эди. Натижада Ўзбекистон давлатчилигининг легитимлиги, ижтимоий барқарорлик индикаторлари, сиёсий ривожланиш векторлари ташқи дунё тасарруфида эди.
Сўз эркинлигини таъминлаш – шунчаки сиёсий ирода билан ҳал бўлмайди. Сўз эркинлигини таъминлаш учун жамиятдан сизиб чиқадиган муаммоларни англайдиган ва уларга ечим топа оладиган бошқарув синфи керак бўлади. Яъни сўз эркинлиги маъмурий-сиёсий эркинликларни тақозо қилади.
Иккинчи вазифа – сиёсий тизимни кенгайтиришда давом этиш. Ўзбекистоннинг ўзига хослиги шундан иборатки, 2016 йилга қадар жамиятда давлатга нисбатан чуқур ишончсизлик ва бегоналашув шаклланиб улгурган эди. Мана шу бегоналашув, маълум сиёсий вазиятларда фрустрацияга, зўриқиш ва норозиликларга платформа бўлиши мумкин. Давлат институтлари жамоатчиликка максимал даражада очиқ бўлиши керакки, одамлар давлат ва унинг институтларига ишониши керак. Бунинг учун давлат институтларининг очиқлик ва ишонч индекслари алоҳида ўрганилиб бориши керак.
Учинчи вазифа – жамиятдаги сиёсий фаоллар билан алоҳида ҳамкорлик воситалари бўлиши керак. Ўзбекистонда демократик қадриятлар легитимлашиб бўлган. Конституциядаги қадриятлар ва демократик ўйин қоидаси – мутлақ аксарият ўзбекистонликлар назарида – тўғри ва риоя қилиниши керак бўлган қоидалар сифатида кўрилади. Чекланган бўлса-да, демократик ўйин қоидаси – халқ томонидан ижобий қабул қилинади. Шунинг учун ижтимоий фикрда «мухолиф» шахслар ва гуруҳлар сифатида кўриладиган қатламлар билан ишлаш, улар билан қўрқмай ҳамкорлик қилиш чоралари ўйланиши керак.
Ўзбекистонда тарихан давлат, яъни ҳукумат – мутлақ қудратли бўлган. Ташаббус давлат томонидан чиқса, бу давлатнинг легитимлигига ижобий таъсир қилиб, сиёсий жараёнлар таъбир қилиб бўладиган ўзанда кетишига сабабчи бўларди.
Тўртинчи вазифа – диний эркинликларни парваришлаб бориш зарурати. Ўзбекистоннинг аввалги маъмурияти «экстремизм ва терроризм билан курашиш» баҳонасида одамларнинг диндорлик даражаси билан курашишга ўтиб кетган эди. Натижада, давлатнинг халқаро нуфузи чилпарчин бўлди. Халқнинг ҳокимиятга ишончи қолмади. Ўзбекистон барча қора рўйхатларнинг тепасидан жой олди.
Муаммо – диндорлик даражасида эмас, диндорликнинг табиатида. Одамлар, диндор бўлиб ҳам, динсиз бўлиб ҳам, агрессив, тажовузкор, экстремист ва радикал бўлишлари мумкин. Ўзбекистонда эркинлик ва ривожланишнинг муҳим шарти – жамият учун муҳим бўлган диний ва виждоний эркинликларнинг таъминланишидир.
Ва ниҳоят, бешинча вазифа – хориждаги ватандошлар билан, собиқ ва жорий ўзбекистонликлар билан ишончли ҳамкорлик қилиш ҳисобланади. Ўзбекистон шундай давлатки, ички сиёсий кайфият ташқи дунёдаги ўзбекистонликларнинг сиёсий қарашлари билан қиёсланади, ички кайфият ва легитимлик ташқи дунёдаги ойнага қараб, ўзи фикрлашини белгилайди. Ушбу вазият ўзгармади, шунинг учун ташқи дунёдаги фаоллар билан ишлаш – ижтимоий кайфиятнинг, давлат легитимлигининг муҳим шарти ҳисобланади.
Мавзуга оид
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
18:15 / 10.12.2024
«Инсон ҳуқуқлари қудратли давлатнинг асосий белгисидир» — тарихий декларацияга 76 йил тўлди
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024