22:39 / 12.07.2023
15440

G7 давлатлари Украинага хавфсизлик кафолатлари ҳақида баёнот берди 

«Катта еттилик» давлатлари Украинага «доимий» ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берди. 

Фото: Reuters

«Катта еттилик» (G7, норасмий халқаро клуб, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Японияни бирлаштиради) давлатлари Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги баёнотни қабул қилди ва мамлакатга «доимий» ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берди. Бу ҳақда Япония бош вазири Фумио Кисида АҚШ президенти Жо Байден ва Украина президенти Владимир Зеленский билан қўшма брифингда маълум қилди. 

AFP маълумотларига кўра, G7 давлатлари Украина билан «ҳозирги вақтда Украинани ҳимоя қилишга ва келажакда Россия тажовузини тўхтатишга» қодир қўшин яратиш учун «икки томонлама, узоқ муддатли хавфсизлик бўйича аниқ мажбуриятлар ва келишувлар» устида ишлашга ваъда берган. 

«Катта еттилик» Украина қўшинларини «қуруқликда, ҳавода ва денгизда устунлик берувчи замонавий ҳарбий техника» билан таъминламоқчи эканини маълум қилди. 

«Ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия ва узоқ масофага учувчи ракеталар, зирҳли техника ва жанговар самолётлар каби бошқа муҳим имкониятларга устунлик берилади», дейилади баёнотда. 

«Катта еттилик» давлатлари агар Россия ҳукумати жорий можаро якунидан кейин янги уруш бошласа, Украинага «келажакда Россия томонидан қуролли ҳужум содир бўлган тақдирда» тезкор ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишга, шунингдек, «Россия зиммасига иқтисодий ва бошқа харажатларни юклашга» ваъда берди. 

Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермакнинг айтишича, декларациянинг ўзи кейинги ҳужжатлар учун асос бўла олади. Навбатдаги босқичда Украина хавфсизлик кафиллари билан иккитомонлама шартнома тузиши керак. 

«Декларациянинг асосий тезиси Украина хавфсизлиги Евро-Атлантика минтақаси хавфсизлигининг таркибий қисми эканлигини тасдиқлашдир», деди Ермак. 

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ G7 томонидан Украинага кафолатлар берилиши «Россия хавфсизлигига тажовуз экани» ва бу «салбий оқибатларга олиб келишини» айтган эди.

Top